РАСМИЙ БАЁНОТ: Коронавирусга чалинган фуқаролардан 3 нафари Тошкент шаҳри аҳолиси орасидан аниқланди
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи, Республика бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков:
– Мамлакатимизда коронавирус инфекциясига чалинган фуқаролар сони 4 минг 22 нафарга етди. 5 июнь куни 160, касаллик қайд этилгандан буён эса 3 минг 247 нафар, яъни 80 фоиздан зиёд бемор тўлиқ соғайган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги тақдим этган маълумотга кўра, шифохоналарда 759 бемор даволанмоқда, 10 нафарининг аҳволи оғир, 3 нафарининг аҳволи ўта оғир. 49 мингдан кўпроқ фуқаро карантин тадбирлари билан қамраб олинган. Куни кеча 16 мингдан кўпроқ лаборатория текширувлари ўтказилган.
Ҳурматли юртдошлар!
Карантин тадбирлари давом этяпти. Коронавирус касаллиги бўйича эпидемик вазият мураккаблигича сақланиб турибди. 5 июнь куни қайд этилган 20 беморнинг 6 нафари Самарқанд вилоятида, 5 нафари Бухоро вилоятида ва яна 5 нафари Тошкент вилоятида, 4 нафари Қашқадарё вилоятида аниқланган. Уларнинг 7 нафари аҳоли орасида қайд этилгани барчамизни сергак торттириши керак. Минг афсуски, охирги аниқланган 15 беморнинг 3 нафари Тошкент шаҳри аҳолиси орасида қайд этилди. Шундай қилиб, Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур, Юнусобод, Яшнобод, Миробод туманларида коронавирус касаллигига чалиниш ҳолатлари аҳоли орасида қайд этиляпти.
Атрофимизда касалликка чалинган одамлар йўқлигига ҳеч ким кафолат бера олмайди. Карантин ва чеклов тадбирларига риоя қилинг. Шундагина эпидемик вазиятга ижобий таъсир кўрсатамиз. Акс ҳолда вазият мураккаблашиши, жиддий чоралар кўрилиши мумкинлигини унутманг!
Манба: ЎзА