Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Азиз Абдуҳакимов: Ўзбекистон хавфсиз туризмнинг янги тизимини йўлга қўймоқда
2020-06-04 | Туризм
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев “Коронавирус пандемиясининг салбий таъсирини камайтириш учун туризм соҳасини қўллаб-қувватлашга доир кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонни имзолади.
Бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов Ўзбекистон Республикаси ташаббуси ҳамда Бутунжаҳон туризм ташкилоти (БТТ) шафелигида ўтган “Тикланиш йўли” халқаро онлайн туризм конференцияси доирасида мазкур фармонга изоҳ берди: “28 май куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган янги Фармон туризм бозори иштирокчиларини қўллаб қувватлашга йўналтирилган муҳим имтиёз ва чораларни амалга оширишни кўзда тутади.
Фармоннинг биринчи қисми қуйидаги чораларни ўз ичига олган: Фойда солиғи ставкасини 1 июндан то жорий йилнинг охирига қадар 50 фоизга камайтириш; 2020-2021 йил якунлари бўйича зарарларни чекламаган тарзда ўтказиш ҳуқуқини бериш; Дезинфекция воситалари ва туристик инфратузилмага мўлжалланган алоқасиз жиҳозлар учун божхона имтиёзларини тақдим этиш; 2021 йилнинг 1 январига қадар туристик йиғимларни ҳисоблаш ва тўлашни тўхтатиш.
Иккинчи қисм қуйидагилардан иборат:
- Жойлаштириш воситалари қурилиши учун берилган кредитларнинг асосий қарз тўловини 18 ойдан 24 ойгача узайтириш;
- 12 ой муддатга бир марталик мақсадли фоизсиз ссудалар ажратиш: туроператорларга 2019 йилдаги ўртача ойлик иш ҳақи фондининг уч бараваридан ошмайдиган миқдорда; жойлаштириш воситаларига ҳар бир ётоқ ўрни учун базавий ҳисоблашнинг беш баравари (110 АҚШ доллари) миқдорида.
- Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан қуйидагиларни субсидиялаш: жойлаштириш воситаларини қуриш учун тижорат банклари томонидан аввал берилган кредитлар бўйича 2020 йилнинг 1 мартидан 1 июнигача бўлган даврда туризм соҳаси субъектларининг фоиз харажатлари; жойлаштириш воситаларини қуриш учун туризм соҳаси субъектларига аввал берилган кредитлар бўйича 2020 йил 1 июндан 2022 йил 1 январгача бўлган даврда фоиз харажатларининг Марказий банк асосий ставкасидан ошган, бироқ 10 фоизлик пунктдан ортиқ бўлмаган қисми; янги санитария-гигиена талабларига мувофиқлаштириш учун туризм соҳаси субъектларига бериладиган кредитлар бўйича фоиз харажатларининг Марказий банк асосий ставкасидан ошган, бироқ 10 фоизлик пунктдан ортиқ бўлмаган қисми; айланма маблағларни тўлдириш учун туризм соҳаси субъектларига бериладиган 1 миллиард сўмгача миқдордаги кредитлар бўйича 2020 йил 1 июндан 31 декабрга қадар бўлган даврда фоиз харажатларининг Марказий банк асосий ставкасидан ошган, бироқ 10 фоизлик пунктдан ортиқ бўлмаган қисми. Учинчи қисм Туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан субсидия ва грант ажратишни кўзда тутади:
- туризм соҳасидаги стартап лойиҳалар ва инновацион бизнес ғояларни амалга ошириш учун субсидиялар (1,5 млрд сўм) тақдим этилади;
- миллий туроператорларга тақдим этилади: ҳар бир хорижий сайёҳ учун 15 доллар миқдорида субсидия; туроператорларнинг авиа ва темир йўл чипталари бўйича харажатлари 30 фоизини қайтариш.
- меҳмонхоналарга реновация, реконструкция ҳамда моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича харажатларни қоплаш: 3 юлдузли тоифадаги меҳмонхоналарнинг ҳар бир хонаси учун - 5 миллион сўм;
4 юлдузли тоифадаги меҳмонхоналарнинг ҳар бир хонаси учун - 10 миллион сўм;
5 юлдузли тоифадаги меҳмонхоналарнинг ҳар бир хонаси учун - 15 миллион сўм.
- 2022 йилга қадар жойлаштириш воситаларини жойлаштириш хизматлари (меҳмонхона хизматлари) қийматининг 10 фоизи миқдорида субсидиялаш;
- тематик овқатланиш шохобчалари, овқат ва сувенир маҳсулотларини етказиб бериш хизматлари учун лойиҳа қийматининг 30 фоизи миқдорида грант бериш;
- янги туристик маҳсулотларни ишлаб чиқиш ва тарғиб қилиш учун гидларга – 5 миллион сўм, туроператорларга 10 миллион сўм тақдим этилади.
Ишончимиз комилки, туризмни тезкор тиклашга йўналтирилган бу ва бошқа манзилли чоралар туристик хизматлар экспортининг 450 миллион АҚШ долларидан ортишини таъминлайди.
Шу билан бирга, COVID-19 пандемияси сабаб янги воқелик ҳамда туризм ва дам олишни ташкиллаштириш жараёнларига бўлган талабларни эътиборга олиб, Ўзбекистонда «Uzbekistan. Safe travel GUARANTEED» (Ўзбекистон. Хавфсиз саёҳат кафолатланган) лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Лойиҳа жаҳон стандартлари асосида сайёҳлар учун санитар-эпидемиологик хавфсизликнинг янги тизимини намойиш этади. Туризм объектлари ва унга тегишли инфратузилмани, туристик хизматларни янги санитар-эпидемиологик хавфсизлик талаблари асосида сертификациялаш қуйидагилар учун мажбурий ҳисобланади:
• барча давлат чегара пунктлари;
• ҳаво, темир йўл ва автовокзаллар;
• моддий маданий мерос, музейлар, театрлар ва бошқа маданий объектлар.
Бунда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда “хавфсиз объектлар реестри”ни шакллантиради ва тўлдириб боради, туроператорлар шу асосда туристик маршрутларни ташкил қилишади.
Таъкидлаш жозки, тадбиркорлик субъектлари (умумий овқатланиш, жойлаштириш воситалари, транспорт хизматлари ва б.) сертификацияси хоҳишга кўра амалга оширилади. Туроператорлар, туристик объектлар ва тегишли инфратузилма персоналини ўқитиш ҳамда уларнинг малакасини ошириш ушбу лойиҳанинг муҳим қисми ҳисобланади.
Бунда хавфсиз хизмат кўрсатиш бўйича санитар-гигиеник талабларга риоя қилиниш мониторинги учун жамоатчилик ташкилотлари иштирокида ишчи гуруҳ ташкил қилинади. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори билан истисно тариқасида 2020-2021 йилларда 3 мингдан ортиқ талабани туризм соҳасидаги ўқув муассасаларига ўқишга қабул қилиш бепул (давлат гранти) асосда амалга оширилади. Ўзбекистонда туризмнинг тикланиши уч босқичда амалга оширилади.
Биринчи босқичда, 2020 йилнинг 1 июнидан Ўзбекистоннинг “яшил” ва “сариқ” тоифали карантин зоналарида ички туризм қайта тикланади. Шу санадан эътиборан кўрсатилган зоналарда тегишли ташкилотлар – туроператорлар, турагентликлар, жойлаштириш воситалари, маданият, маданий мерос объектлари санитария-гигиена қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда иш бошлаши мумкин.
Ўзбекистонда 63 фоиз туроператорлар ва 81 фоиз жойлаштириш воситалари (меҳмонхоналар, ҳостеллар) ўз фаолиятини тўхтатган, биринчи босқич ички туризм орқали уларнинг фаолиятини қайта тиклашга бағишланади. Шунингдек, халқаро туризмни тиклашга максимал тайёр бўлиш учун ушбу босқичда «Uzbekistan. Safe travel GUARANTEED» хавфсизлик тизими жорий қилинади.
Иккинчи босқич қўшни мамлакатлар ва МДҲ давлатлари билан ташкиллаштирилган ҳудудий туризмни қайта тиклашдан иборат бўлади. Бунда туристик гуруҳларнинг бутун саёҳат давомида хавфсизлик, санитар-гигиеник талаблар ва ижтимоий масофа чораларига риоя қилиш масалаларини ишлаб чиқиш жуда муҳим, оператив реакция билдирувчи қўшма гуруҳни тузиш ҳам мақсадга мувофиқ.
Шунингдек, биз бу ишни ҳудудлар бўйича ҳамкасбларимизга турли тематикадаги янги аралаш турларни ишлаб чиқиш билан ҳам уйғунлаштиришни таклиф этамиз: гастрономик турлар, витамин турлари, кўчманчилар турлари, мототурлар, палов турлари, археологик ҳамда сизу бизнинг туристик шаҳар ва марказларимиздан ўтувчи бошқа турлар. Бундан ташқари, биз махсус «Silk Road Project» платформасини яратдик, унда нафақат Ипак йўли мамлакатлари туристик салоҳияти, балки истиқболли минтақавий турмаҳсулотлар ва маршрутлар ҳам тарғиб қилинади.
Учинчи босқичда Ўзбекистон секин-асталик билан ташқи туризмни тиклайди, бунда пандемия билан боғлиқ вазиятдан келиб чиқиб, фуқароларига мамлакатимизга кириш рухсат этиладиган узоқ хорижий давлатлар рўйхати тузилади. Аксарият Европа ва Осиё мамлакатлари аста-секин коронавирус пандемияси инқирозидан чиқмоқда ва туристик бозорлар очилишига тайёрланмоқда.
Шу муносабат билан биз бошқа мамлакатларда санитар-эпидемиологик хавфсизлик ҳамда касалликнинг янги ҳолатлари олдини олиш нуқтаи назаридан қабул қилинаётган чора-тадбирларни чуқур таҳлил қилмоқдамиз. Бундай таҳлил якунларига кўра, юртимизга амалга ошириладиган халқаро рейсларни қайта тиклаш географиясига доир қарорлар қабул қилинади. Таъкидлаш жоизки, туризм саноатини тиклашнинг уч босқичи давомида маҳаллий ва хорижий сайёҳларнинг ташрифи доирасида хавфсизлик масалалари билан бир қаторда янги тематик тадбирларни ўтказишга ҳам алоҳида эътибор қаратилади.
Гастрономик фестиваль ва акциялар, “Стихия” мусиқа фестивали, “Ақчакўл” пляж ўйинлари, Ҳосил фестивали, “Учинчи ёш туризми” ҳафталиги кабилар шулар жумласидандир. Маълумки, Бухоро шаҳри 2020 йилда Ислом маданияти пойтахти дея эълон қилинди. Умид қиламизки, дунёдаги вазият яхшиланиши ва халқаро туризмнинг тикланиши билан биз қатор тадбирлар, жумладан Иккинчи зиёрат туризм форумини ўтказамиз. Туристик маршрутлар диверсификацияси Қўмита ва Ўзбекистонда туризм саноати иштирокчилари фаолияти доирасидаги муҳим йўналишдир.
Ҳудудлар, шаҳарлар ва туристик марказларнинг мини-брендларини тарғиб қилиш бу йўлдаги муҳим қадам ҳисобланади. Ушбу мини-брендлар асосида муайян шаҳар ёки туманнинг гастрономик, ҳунармандчилик, агро, эко, маданий ва тарихий ўзига хос жиҳатлари ётади. Ўзбекистоннинг ҳар бир ҳудуди туризм бозорида ўзининг бетакрор ва ёдда қоладиган ўзига хос жиҳатлари билан танилган бўлиши керак. Ҳозирги пандемия туризм саноатига рақамлаштириш ва АТ- технологияларни жорий қилиш нақадар муҳимлигини яна бир бор тасдиқлади. Шубҳасиз, Ўзбекистонда ҳам бу йўналишда фаол ишлар олиб борилмоқда. Масалан, сайёҳлар, тадбиркорлар ва ёш стартаперлар учун алоҳида йўналишлар бўйича online-tourism.uz сайти яратилди.
Шунингдек, пандемия сабаб ўз саёҳатини 2021 йилга қолдиришга тўғри келган бўлажак меҳмонларимиз учун «Online Uzbekistan» ва «Uzbekistan360» ресурсларида виртуал саёҳатларни ташкил қилдик. Бу уларга мамлакатимиздаги диққатга сазовор масканлар билан онлайн танишиш имконини беради. Умуман олганда, Ўзбекистон хавфсиз туризмнинг янги тизимини йўлга қўймоқда ва унинг қоидалари туризм саноатининг барча иштирокчилари учун ортиқча ташвиш уйғотмайди. Бир вақтнинг ўзида тизим туристик саёҳатларнинг барча босқичларида касалликнинг олдини олувчи аниқ ва самарали жиҳозларни таклиф этади”.
Бутунжаҳон туризм ташкилоти бош котиби Зураб Пололикашвили ҳамда онлайн халқаро конференция иштирокчилари Ўзбекистон Президенти ва ҳукуматининг бу борада олиб бораётган ишларини юқори баҳолашди. Таъкидлаш жоизки, Зураб Пололикашвили ва Азиз Абдуҳакимов пандемия даврида коронавирус асоратларини юмшатиш масалалари бўйича мунтазам равишда фикр алмашиб келишмоқда. Бу БТТ ҳамда Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ўртасида яқин ва ишончли муносабатлар йўлга қўйилганидан далолат беради.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги