Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Коронавирус пандемиясининг салбий таъсирини камайтириш учун туризм соҳасини қўллаб-қувватлашга доир кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида

2020-05-29 | Ҳужжатлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони

Коронавирус пандемиясининг салбий таъсири оқибатида энг кўп зарар кўрган ва кўраётган туризм ҳамда унга бевосита боғлиқ бўлган тармоқларни қўллаб-қувватлаш, юз минглаб иш ўринлари ва малакали мутахассисларни сақлаб қолиш, уларнинг даромадларини ушлаб туриш, шунингдек, мамлакатда санитария-эпидеомологик вазият яхшиланишига қараб туризм соҳасини жадал қайта тиклаш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг янги тури кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссияси, жамоат ташкилотлари ва туризм соҳаси субъектларининг қуйидаги таклифларига розилик берилсин:

белгиланган санитария-гигиена меъёрлари ва талабларига қатъий риоя этган ҳолда 2020 йилнинг 1 июнидан “яшил” ва “сариқ” тоифадаги ҳудудларда ички туризмни қайта йўлга қўйиш билан биргаликда ёндош ташкилотларнинг (туроператорлар, турагентликлар, жойлаштириш воситалари, маданият ва маданий мерос объектлари ҳамда бошқалар) фаолиятини бошлаш;

фуқароларига Ўзбекистон Республикасига киришга рухсат этиладиган мамлакатлар рўйхатини белгилаб олган ҳолда кириш туризмни босқичма-босқич қайта тиклаш.

2. Белгилансинки, туроператорлар, турагентлар, шунингдек, жойлаштириш воситалари учун:

2020 йил 1 июндан 31 декабрга қадар фойда солиғи ставкаси белгиланган ставкага нисбатан 50 фоизга камайтирилади;

2020 ва 2021 йил якунлари бўйича зарарларни Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексида назарда тутилган миқдор билан чекламаган тарзда ўтказиш ҳуқуқи берилади;

2021 йил 1 январгача бўлган даврда туристик (меҳмонхона) йиғимини ҳисоблаш ва тўлаш тўхтатилади.

Жойлаштириш воситаларига алкоголь маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш ҳуқуқи учун маҳаллий йиғимни тўлашни 2021 йил 1 январгача бўлган муддатга давлат солиқ хизмати органларини хабардор қилиш ва кейинчалик уларни 12 ой мобайнида тенг қисмларда тўлаш асосида фоизсиз кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) ҳуқуқи тақдим этилади.

3. Белгилансинки, Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги бюджетдан ташқари Туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш жамғармаси (кейинги ўринларда – Жамғарма) маблағлари ҳисобидан:

а) 2020 йил 1 июндан 31 декабрга қадар бўлган даврда қуйидагиларга Инқирозга қарши курашиш республика комиссияси томонидан белгиланадиган мезонлар асосида 12 ой муддатга бир марталик мақсадли фоизсиз ссудалар ажратиш шаклида:

туроператорларга 2019 йилдаги ўртача ойлик иш ҳақи фондининг уч бараваридан ошмайдиган миқдорда;

жойлаштириш воситаларига ҳар бир ётоқ ўрни учун базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорида;

б) Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки фаолиятини ташкил этиш тартибига мувофиқ туризм соҳасидаги “стартап” лойиҳалар ва инновацион бизнес ғояларни, шу жумладан, биринчи навбатда туристлар учун қулайликлар яратишга йўналтирилган ахборот дастурлари ва хизматларини умумий 1,5 миллиард сўм миқдорида қисман субсидиялаш орқали;

в) 2020 йил 1 июндан 2021 йил 31 декабрга қадар бўлган даврда республика ҳудудларида (Тошкент шаҳри бундан мустасно) хорижий ошхона ёки алоҳида йўналиш бўйича ихтисослашган тематик овқатланиш шохобчалари, овқат ва озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш, шунингдек, сувенир маҳсулотларини етказиб бериш бўйича хизматларни ташкил этиш бўйича лойиҳа ташаббускорларига лойиҳа қийматининг 30 фоизи, лекин ҳар бир лойиҳа учун 100 миллион сўмдан ортиқ бўлмаган миқдорда грантлар ажратиш орқали;

г) 2020 йил 1 июндан 2021 йил 31 декабрга қадар бўлган даврда янги туризм маҳсулотлари ва йўналишларини ишлаб чиқиш ва тарғиб қилишга гидлар учун 5 миллион сўм, туроператорлар учун 10 миллион сўм миқдорида грантлар ажратиш орқали қўшимча кўмак кўрсатилади.

4. Давлат томонидан қуйидаги қўшимча кўмак кўрсатилсин:

а) Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан қуйидагиларни субсидиялаш:

жойлаштириш воситаларини қуриш учун тижорат банклари томонидан аввал берилган кредитлар бўйича 2020 йил 1 мартдан 1 июнгача бўлган даврда туризм соҳаси субъектларининг фоиз харажатлари;

жойлаштириш воситаларини қуриш учун туризм соҳаси субъектларига аввал берилган кредитлар бўйича 2020 йил 1 июндан 2022 йил 1 январгача бўлган даврда фоиз харажатларининг Марказий банк асосий ставкасидан ошган, бироқ 10 фоизлик пунктдан ортиқ бўлмаган қисми;

янги санитария-гигиена талабларига мувофиқлаштириш учун туризм соҳаси субъектларига бериладиган кредитлар бўйича фоиз харажатларининг Марказий банк асосий ставкасидан ошган, бироқ 10 фоизлик пунктдан ортиқ бўлмаган қисми;

айланма маблағларни тўлдириш учун туризм соҳаси субъектларига бериладиган 1 миллиард сўмгача миқдордаги кредитлар бўйича 2020 йил 1 июндан 31 декабрга қадар бўлган даврда фоиз харажатларининг Марказий банк асосий ставкасидан ошган, бироқ 10 фоизлик пунктдан ортиқ бўлмаган қисми;

б) 2020 йил 1 июндан 2021 йил 31 декабрга қадар жойлаштириш бўйича хизматлар (меҳмонхона хизматлари) нархининг 10 фоизи миқдорида жойлаштириш воситаларини субсидиялаш;

в) Жамғарма маблағлари ҳисобидан Ўзбекистон Республикаси резидентлари – туроператорлар ва турагентларга кириш туризми қайта бошланган кундан эътиборан кириб келувчи хорижий туристларнинг умумий сони 500 минг нафарга етгунга қадар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 13 августдаги “Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–5781-сон Фармонига мувофиқ компенсация қилинадиган чартер рейслар орқали олиб келинганлардан ташқари Ўзбекистон Республикасига олиб келинган ва хизмат кўрсатилган ҳар бир хорижий турист учун 15 АҚШ доллари миқдорида,уларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида камида беш сутка бўлиши шарти билан рағбатлантирувчи субсидиялар ажратиш;

г) Жамғарма маблағлари ҳисобидан кириш туризми қайта бошланган кундан эътиборан 2020 йил 31 декабрга қадар камида 10 кишидан иборат хорижий туристик гуруҳлар учун Ўзбекистон Республикасида тур ташкил этиш ва уларнинг жойлаштириш воситаларида камида беш кеча тунаб қолиши шарти билан туроператорларнинг авиа ва темир йўл чипталари бўйича харажатларини чипта нархининг 30 фоизи миқдорида қисман субсидиялаш;

д) 2021 йил 1 июнга қадар Жамғарма маблағлари ҳисобидан меҳмонхоналарга тоифа олиш ёки ошириш учун реновация, реконструкция ҳамда моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича харажатларни олинган тоифани келгуси 3 йил давомида сақлаш шарти билан қуйидаги миқдорда қоплаш:

3 юлдузли тоифадаги меҳмонхоналарнинг ҳар бир хонаси учун 5 миллион сўм;

4 юлдузли тоифадаги меҳмонхоналарнинг ҳар бир хонаси учун 10 миллион сўм;

5 юлдузли тоифадаги меҳмонхоналарнинг ҳар бир хонаси учун 15 миллион сўм.

5. Белгилансинки, Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси тасарруфидаги техникум ва коллежларга 2020 йилда ўқишга қабул қилинган барча тингловчиларни ўқитиш, истисно тариқасида, давлат гранти асосида амалга оширилади.

6. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси ва Марказий банкининг 2020 йил 1 октябрдан бошлаб жойлаштириш воситаларини қуриш учун тижорат банклари томонидан аввал берилган кредитлар бўйича асосий қарз тўловини 18 ойдан 24 ойгача узайтириш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.

7. 2022 йил 1 январга қадар юридик шахслар белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириладиган дезинфекция ишларини олиб бориш учун жиҳозлар, техникалар, уларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмлари, бино ва иншоотларни қуриш, реконструкция қилиш ва жиҳозлаш учун алоқасиз бошқариладиган (сенсорли) жиҳозлар, шунингдек, ҳидсиз дезинфекцияловчи воситалар учун божхона тўловларини тўлашдан (божхона расмийлаштируви учун йиғимлар ва қўшилган қиймат солиғидан ташқари) озод этилсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:

бир ҳафта муддатда Молия вазирлиги ҳузуридаги Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ҳисобидан мазкур Фармонда назарда тутилган чора-тадбирларни амалга оширишни бошлаш учун Жамғармага 20 миллиард сўм ажратилишини, шунингдек, заруратга кўра Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг буюртманомаларига кўра мазкур Фармоннинг 3 ва 4-бандларида назарда тутилган тадбирларни амалга ошириш учун маблағлар ажратилишини таъминласин;

бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан туризм соҳасидаги техникум ва коллежларда 2020-2021 ўқув йилида мутахассисларни тайёрлаш учун маблағлар ажратсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси:

Молия вазирлиги билан биргаликда қабул қилинган қўллаб-қувватлаш чораларининг натижадорлиги ўрганилишини ва унинг якунлари бўйича кейинги йилларда давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чораларини кўриш бўйича таклифлар 2021 йил 15 январга қадар киритилишини таъминласин;

манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

10. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси

Президенти                                             Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,

2020 йил 28 май

Манба: ЎзА

Поделиться