Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

ХОТИРА: шоирни халқнинг юраги туғади...

2020-05-17 | Маданият

Муҳаммад ИСМОИЛ, Ҳалима Худойбердиева номидаги она тили ва адабиёти фанини чуқур ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернати директори, шоир:

– Оламда етти мўъжиза бор дейишади. Саккизинчиси – шоирнинг туғилиши! Фитратида тафаккур уммонининг мужассамлиги, туйғулар ғалаёнининг муаззамлиги, ҳаёт бўстонининг муҳтарамлиги шоирни мўъжизага айлантиради!
 
Яратувчи зот шоирни нафақат дунёга келтиради, балки атрофидагиларни унга шайдо, мухлис қилиб қўяди ва бу ошуфталар ҳар жабҳада шоирдан изоҳ истайди, имдод кутади, муродбахш калом талаб қилади. Шоир ҳамиша жавоб айтади, ҳамиша юрагини ўртаган ғалаёнларни оламга ёяди, жар солади. Мана шундай туғма истеъдод соҳибаси, қуйма заковат ва фасоҳат маликаси, шеъриятимизда номи бир лаҳза тилдан тушмайдиган атоқли ва ардоқли шоира – Ҳалима Худойбердиева.
 
Дунёда шундай истеъдодлар борки, улар ёрқин юлдуз остида, улуғвор буржлар бир нуқтада йиғилганда дунёга келади. Халқнинг юрагидаги сўзлар, эҳтиёжидаги тилаклар, тилларидаги талаблар булутлар тўдаси янглиғ тўпланганда, уларнинг бари шоир қаламидан ҳаётбахш ёмғир бўлиб тўкилади. Ҳақиқий шоир бундай маҳалда товушни кўради, рангни эшитади. Ҳақиқий шоирлар бундай пайтда яхши шеър ёзолмаса ўзини, сохта шоирлар эса булутни, ёинки замонни айблайди. Истеъдоднинг буюклиги шундаки, замон унга қаерда, қанчалик муҳтож эканини аниқ сезиб туради.
 
Шоир туғилишини – саккизинчи мўъжиза, дедик. Чунки, ҳеч бир она, у қанчалик башоратгўй, қанчалик кароматгўй бўлмасин, фарзанд кўраётганда, сизларга шоир туғиб бераяпман деёлмайди, айтган тақдирда ҳам гаплари орзудан бошқа нарса бўлмайди. Шоирни халқнинг юраги туғади. Шу юрак унга тил беради, дард беради, изтироб беради, эзгулик йўлидан юришга абадул-абад ундаб туради. Шунинг учун бошқалар яшаш йўлини излаган пайтда, шоирлар яшаш мазмунини, ҳаёт мазмунини ахтаради.
 
Шу туфайли одамлар, шоирдан бегонасирамайди, ёзганларини ёд олади, юрагининг ихтиёрини унинг шеърларига ишониб топширади. Инсонлар ўз юрагини ишониб топширган шоира ҳам – Ҳалима Худойбердиева.
 
Истеъдод – шоир пешонасини ярқиратган улуғ неъмат. У юракда исён бўлиб туғилади, бу исён шеърга айланса, шеър исёнга айланади. Ҳалима Худойбердиева шеърларида – шу ҳикматни, шу файзни, жозибадор оҳанграбони кўрамиз.
 
Инсон ўзига ота-она танлаш ҳуқуқидан маҳрум туғилгани каби, ўзига феъл-атвор, қалб, қалбга эса олийсифат хислатлар, ҳаммага маъқул келувчи, севимли фазилатларни саралаш ҳуқуқидан ҳам мосуво. Агар туғма шоир бўлмаса, бутун ҳаёти давомида, минг бор, минг бор, минг бор тиришса, уринса, изланса ҳам у ўзини қайтадан яратолмайди, ўзини буюк шоир сифатида шакллантира олмайди, миллион-миллион сатр шеър ёзиб, туғма шоир ёзган бир сатр шеърга тенг шеър ёзолмайди. Мен Ҳалима опага эргашган, тақлид қилган, ундан ўрганган, ундан кўчирган, унга етиб оламан, унга тенгман, ундан баландман деган, юзлаб шоиру-шоираларни биламан, лекин улар ёзган шеърлари Ҳалима опанинг ёзганлари олдида ҳеч нарса эди.
 
Мен ҳам адабиётда, ҳам ҳаётда опадан кўп нарса ўргандим. Опанинг номи билан очилган ижод мактабига раҳбарлик қилиш менга устоз олдидаги қарзларимни қисман адо этишимга замин бўлмоқда...
 
Ҳаётимда бу – шеърият қуёшидан бир умр завқ олиб келдим, бир умр мафтун бўлдим, бир умр ҳайратланиб яшадим. Ўз кўнгил изҳорларимни билдирмаслик – камида омонатга хиёнат, камида номардларча бетакаллуфлик бўлур эди.
 
Ҳаёт ШОДМОН, шоир:
 
– Ҳақни тан олган ҳолда ҳам йўқотишларга куйиклиман, рози бўлганим билан ҳам кўникишим оғриқли, дардим армон отлиқ сарҳадининг кўнгил эшигини шунчаки ёпиб қўя қолмайди...
 
Бўлди. Бошқа сўз айтмайман!
 
Хотира ёзиш алоҳида мавзу, опа ижодини, шахсини белгилагулик ВАҚТ ҳали (бор ҳақиқати билан кўрсатади) олдинда.
 
Биз Кунга қиёслаган, Ойга менгзаган, гулсиёқ таърифлаган билан, тириклик олами ижод сарҳадининг дард саҳросида вужудини ҳол яратиб, неки иссиқ совуғи бўлса сийлов, жон томирлари билан шу заминга чиппа ёпишган, шохлари эгилиб-эгилиб солланиб турган, бағридан не бир умидли жонларга жой бера олган, чақмоқ кўкайини тилиб, қайрилган новдаларини синдириб турган, теграсида булбуллар ин қургулик, пойида Сир мавжланиб оққулик, кўнгли гулистон гужум дарахтига ўхшайди Ҳалима опа!
 
Яна бу нурли чеҳра, ёруғ сиймода битмас-туганмас болалик армонларимни, онамни кўргандек бўлавераман. Сира бегонасирамай қора тортишимнинг маъниси ҳам шу.
 
Миллатнинг бўлали боласини ботир деб, элга бош тушганларини кўп ва хўп улуғлаймиз, бойбича қатори эналари тўғрисида деярли сўз демаймиз. Нимага? Айтсак, сазамиз синадими? “Сен барибир муқаддассан, муқаддас аёл...” деганнинг ўзига шу лутфу карамни тийик қилсак бўлмасми экан?
 
Менимча, бўлади!
 
Бўлмаган тақдирда ҳам, мен сўзимда ҳам, созимда ҳам чексиз муҳаббатим изҳор, айтимларимдан шу битикни бус-бутинича опам Ҳалима Ҳудойбердиевага бағишлайман. Иним деб меҳр ийишингизга жоним садаға бўсин-ай!
 
ЭНАДАРЁ 

Осмон акси сувда қорамтир,
Тубсиз чуқур бўлиб кўринар.
Сой сатҳидан булут ҳовури
Қалқиб чиқмоқ учун уринар.

Кўкка боқсанг фалак ранги кўк,
Кўтарилиб боради елкан.
Самоларга туташиб кенглик,
Сеҳрли тус олади ўзан.

Кундузи кун, тунда тўлин ой,
Жилваларда туяди жунун.
Улашади зиёларини
Тўлқинларда парчалаб нурин.

Кипригимдан қилиб мўйқалам
Қароғимга чизилар сурат:
Юрагимдан оқиб ўтади
Азим, жўшқин, бир буюк қудрат.

Келдим, дейман ҳайқириб, келдим,
Кезлашмоқлик қувончлик айём:
Билдим, дейди, бовурим, билдим,
Бағир босар Сир – Энадарём! 
 

Д.Маматова тайёрлади

Манба: ЎзА

Поделиться