Хоразм вилояти Хонқа тумани Мустақиллик маҳалласида яшовчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Қўшназар ота Раҳимов юрт озодлиги учун мардларча курашган юртдошларимиздан бири. Отахон бугун фарзандлар, набиралар ардоғида умргузаронлик қилмоқда.
Хотира ва қадрлаш куни, Ғалабанинг 75 йиллиги байрамида Хонқа туман маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, Мудофаа бўлими ҳамда маҳалла фаоллари Қўшназар отанинг ҳолидан хабар олди. Бир пиёла чой устида ота билан дилдан суҳбатлашиб, совға-саломлар топширди. Шунингдек, отахоннинг ҳовлисида ободонлаштириш ишларига ҳам кўмаклашди.
Фронт ортида куну тун заҳматли меҳнат қилган, ўзи емай аскарларга озиқ-овқат жўнатган юртдошларимиз ҳам доимо эъзозда. Маҳалла фаоллари, Янгибозор туманида яшовчи Солий Норметов, Холмурод Тўраев, Марям Матназарова ва Омонжон Ўрозбоевалар уйида ҳам бўлиб, озиқ-овқат маҳсулотлари ва бошқа рўзғор учун зарур буюмлар жамланмасидан иборат совғалар топширди, уй ишларига кўмаклашилди.
Бу каби тадбирлар вилоятнинг Шовот, Боғот, Хива туманларида ҳам давом этмоқда. Фронт орти фахрийларининг 26 нафарига озиқ овқат маҳсулотлари тарқатилди. Юз билан юзлашаётган қаҳрамонларимиз дуога қўл очиб бугунги шодумон кунларга шукроналар айтиб, дуолар қилишмоқда.
Фахрийларга Иккинчи жаҳон урушининг 75 йиллиги медаллари топширилди.
Манба: ЎзА