Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Экинларингиз нобуд бўлишидан хавотирдамиз? Бизга мурожаат қилинг: ҳосилингизни бирга асраймиз!
2020-05-04 | Иқтисодиёт
Иссиқхоналар сабзавот ва кўкат экинларини етиштириш учун қулай жой бўлиши билан бир қаторда, турли касаллик ва зараркунандаларнинг қишлаб қолиш ва кўпайиш манбаи ҳамдир.
Бундай шароитда қишлаб қоладиган зараркунандалардан оққанот, помидор куяси, ғовакловчи пашша, пиёз пашшаси, ўргимчак ва занг кана, ширалар, ҳар хил турдаги тунламлар, касалликлардан бактериал рак, поя раки, бодринг мозайкаси, ун шудринг, сохта ун шудринг, қўнғир доғланиш ва фомоз каби замбуруғли ҳамда вирусли касалликларни келтириш мумкин. Бундай зараркунанда ва касалликлар иссиқхоналардаги помидор, бодринг ва бошқа экинларга катта зарар етказади. Эрта баҳордан бошлаб иссиқхона атрофидаги бегона ўтларга тарқалиб, кейинчалик катта майдонлардаги барча турдаги сабзавот, полиз ва картошка экинларини нобуд қилади.
Айтиш лозимки, ҳозирги мавсум қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини дала шароитида етиштириш пайти бўлиб, кўпгина иссиқхоналардаги қишки ҳамда эрта бахорги ҳосиллар тугаб бормоқда. Ўз навбатида, иссиқхоналарда кейинги мавсум учун ерларни тайёрлаш ва уларни шамоллатиш ишлари ҳам бошлаб юборилди. Бу эса иссиқхоналарда ўтган мавсум давомида кўпайиб ривожланган турли хил зараркунанда ва касалликларни ташқарига чиқиб кетишига ва очиқ майдонда етиштирилаётган маҳсулотларга тарқалиб, катта зарар етказишига олиб келади.
Ҳозирги даврда дунёда хукм сураётган COVID-19 пандемиясини оқибатлари ва кун сайин озиқ-овқат маҳсулотларига талаб ошиб боришини инобатга олган ҳолда, айни кунларда Ўздавкарантин инспекциясининг агроном инспекторлари юқорида таъкидлаб ўтилган ҳамда вужудга келиши мумкин бўлган салбий ҳолатларни ўз вақтида бартараф этиш учун Республика бўийича қатор назорат тадбирларини олиб бормоқда. Иссиқхоналарни очишдан аввал уларда керакли карантин чора-тадбирларини ўтказиш лозимлиги борасида тадбирркор ва фермерларга керакли тавсиялар бериб, биологик ва кимёвий кураш чоралари амалга оширишмоқда.
Шунинг учун маҳалий бозорларимиз ва экспортга фитосанитар тоза маҳсулот етиштириш ва тайёрлашда деҳкон ва фермер хўжаликлари ҳам агроном инспекторлар билан ҳамкорликни кучайтириб, маҳсулотда бирор бир шубҳали ҳолатни аниқлаганларида Ўздавкарантин инспекциясининг ишонч рақамлари, @uzdavkarantin_bot, Facebook ижтимоий тармоғи ҳамда www.uzdavkarantin.uz сайтидаги мурожаатлар бўлими орқали хабар юборишлари сўралади. Зеро, сизнинг далангиздан чиқадиган серунум ҳосил учун биз ҳам масъулмиз, Республика фитосанитар хавфсизлигини таъминлаш эса асосий бурчимиздир!
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги