Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Президент сув оқими натижасида зарар кўрган маҳаллаларни кўздан кечирди
2020-05-02 | Сиёсат
Хабар бераётганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Сардоба сув омборида юз берган фавқулодда вазият сабабли Сирдарё вилоятида бўлди.
Давлатимиз раҳбари сув тошқинига биринчи бўлиб дуч келган Сардоба туманидаги Навоий маҳалласини бориб кўрди.
Ҳукумат комиссияси мутасаддилари амалга оширилган чора-тадбирлар юзасидан ахборот берди.
Президентимиз маҳалла бўйлаб юриб, юзага келган аҳвол билан яқиндан танишди. Ҳудудни пухта тозалаб, дезинфекция қилиш, қатъий санитар-эпидемиологик назоратни таъминлаш, муҳандислик-коммуникация тармоқларини тез фурсатларда, лекин сифатли тиклаш бўйича топшириқлар берди.
Шавкат Мирзиёев сув чекинганидан кейин ўз маҳалласига қайтган одамлар билан мулоқотда бўлиб, талафот кўрган жойларда турмуш шароитлари тез кунларда тикланиши, аҳолига ҳар томонлама кўмак берилишини таъкидлади.
– Шундай оғир пайтда ҳаммамиз сизларнинг ёнингиздамиз. Аввало, ҳар бир маҳаллага кириб, ўт ўчириш машиналари ёрдамида сувни қочирамиз. Қурилиш, таъмирлаш ва янги уйлар барпо этиш бўйича халқ билан маслаҳатлашиб иш тутамиз. Ҳаммасини секин-секин жойига қўямиз. Фермерларнинг масаласи ҳам даласига чиққан ҳолда ҳал этилади. Энг муҳими, ўзларингиз соғ-саломат, болаларингиз ёнингизда экан. Кўнгилни тўқ қилинглар. Худога илтижо қиламизки, бизга мададкор бўлсин, охирги кўрганимиз шу бўлсин, – деди Президент.
Давлатимиз раҳбари Оқолтин туманидаги Шодлик маҳалласи ва Мирзаобод туманидаги Ҳақиқат маҳалласи туташ ҳудудда ҳам бўлди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти