Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни рейтинг баҳолаш тизимини жорий этиш тўғрисида

2020-05-02 | Ҳужжатлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Мамлакатда тадбиркорлик ташаббуслари ва лойиҳаларини жадал амалга оширишни ташкил этиш, аҳоли билан мулоқот тизимини йўлга қўйиш, аҳоли турмуш даражаси ва бандлигини ошириш, ҳудудларни жадал ва комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни таъминлашда маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг ҳозирги ҳолатини чуқур таҳлил қилишда истиқболга йўналтирилган мақсадли дастурларни ишлаб чиқиш учун уни комплекс баҳолашнинг ҳамда юзага келаётган муаммоларни ҳал қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиққан ҳолда уларга тезкорлик билан ва лозим даражада жавоб қайтаришнинг ягона мувофиқлаштирилган механизми йўқлиги тўсқинлик қилмоқда.

Ҳудудларни барқарор ва жадал ривожлантириш учун уларнинг комплекс ва мутаносиб ижтимоий-иқтисодий ривожланишини, табиий хом ашё ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини, иқтисодий ва инвестициявий салоҳиятини, шунингдек, ҳудудларнинг бошқа қиёсий устунликларини баҳолашнинг ягона тизимини жорий этиш мақсадида:

1. Статистик кўрсаткичлар ва сўровномалар натижалари асосида ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини рейтинг баҳолаш тизими (бундан буён матнда – рейтинг баҳолаш) жорий этилсин ва бунда қуйидагиларга алоҳида эътибор қаратилсин:

барқарор ва мутаносиб иқтисодий тараққиётни таъминлаш, иқтисодий ислоҳотлар самарадорлиги;

янги иш ўринлари яратиш, ишсизликни камайтириш ва меҳнат бозори самарадорлигини таъминлаш;

ижтимоий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини ошириш ва аҳоли турмуш сифатини яхшилаш;

аҳоли ва бизнес учун зарур шарт-шароитлар яратиш, ишлабчиқариш инфратузилмасининг барқарорлиги ҳамда ишончлилигини таъминлаш;

ҳудудларнинг рақобатбардошлик даражасини ошириш, уларнинг иқтисодиётини янада диверсификация қилиш;

ишбилармонлик муҳити сифатини яхшилаш, тадбиркорликни доимий қўллаб-қувватлаш ва жадал ривожлантириш;

ҳудудларнинг молиявий мустақиллигига эришиш ҳамда банк-молия соҳасини ривожлантириш;

маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш самарадорлиги ва маълумотларнинг очиқлигини ошириш.

2. Рейтинг кўрсаткичлари асосида ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражасини баҳолаш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Белгилансинки:

рейтинг баҳолаш ушбу қарорнинг 6-бандида назарда тутилган ахборот тизими ишлаб чиқилгандан сўнг 2019 йил учун синов режимида амалга оширилади;

рейтинг баҳолаш натижалари асосида рейтинг кўрсаткичларини аниқлаш Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар ва шаҳарлар кесимида амалга оширилади;

ўтган йил учун рейтинг баҳолаш натижалари ҳар йили 1 февраль (тезкор баҳолаш) ва 15 июнга (якуний натижалар) қадар Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси ва давлат ҳокимияти вакиллик органларига киритилади;

рейтинг баҳолаш натижалари ҳар йили Вазирлар Маҳкамаси ва давлат ҳокимияти вакиллик органлари йиғилишларида танқидий муҳокамага қилиниши шарт.

4.Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига рейтинг баҳолаш натижаларини умумлаштириш, шунингдек, рейтинг баҳолашни амалга оширишда иштирок этувчи тегишли органлар, ташкилотлар ва муассасалар фаолиятига умумий раҳбарлик қилиш ҳамда мувофиқлаштириш вазифаси юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига, зарурат бўлганда, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамаси билан келишган ҳолда рейтинг кўрсаткичлари тизими ҳамда уларни ҳисоблаш усулларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ваколати берилсин.

5. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (кейинги ўринларда – Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти), “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази (кейинги ўринларда – “Ижтимоий фикр“ маркази), Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (кейинги ўринларда – Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази), Давлат статистика қўмитаси, Савдо-саноат палатаси:

икки ой муддатда илғор хорижий тажрибаларни ҳисобга олган ҳолда ҳудудларни рейтинг баҳолаш учун аҳоли ва тадбиркорлар ўртасида сўровнома ўтказиш методологиясини ишлаб чиқсин ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига келишиш учун киритсин;

тасдиқланган методология асосида ҳар йили туман ҳамда шаҳарларда аҳоли ва тадбиркорлар ўртасида сўровнома ўтказсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан бирга 2020 йил 1 июнга қадар масъул органлар, ташкилотлар ва муассасалар томонидан ҳудудлар рейтингини тузиш учун маълумотларни онлайн режимда киритиш имконини берувчи ахборот тизими (кейинги ўринларда – ахборот тизими) ишлаб чиқилишини, шунингдек, 2019 йил якунлари бўйича ўтказилган синов режимидаги рейтинг баҳолаш натижалари асосида унинг такомиллаштирилишини таъминласин.

7. Белгилаб қўйилсинки:

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги – ахборот тизимининг буюртмачиси;

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ва қонун, ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар – ахборот тизимини яратиш ҳамда уни келгусида қўллаб-қувватлаш, шунингдек,сўровномаларни ташкил этиш ва ўтказишнинг молиялаштириш манбалари ҳисобланади.

8. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига унинг асослантирилган ҳисоб-китобларига мувофиқ ахборот тизимини ишлаб чиқиш ва жорий этиш, шунингдек, Сўровномаларни ташкил этиш билан боғлиқ харажатларга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси захира жамғармаси ҳисобидан зарур маблағларни;

2020 йилдан бошлаб ҳар йили ахборот тизимини техник ва дастурий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, шунингдек, сўровномаларни ўтказиш учун Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги буюртманомаларига асосан зарур маблағларни Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети харажатлари параметрларида назарда тутган ҳолда ажратсин.

9. Белгилаб қўйилсинки:

давлат бошқаруви органлари ва бошқа ташкилотлар раҳбарлари ҳисобот йилидан кейинги 15 январ (тезкор) ва 1 июндан (якуний) кечиктирмай ҳисобот йили якуни бўйича тегишли маълумотларни ахборот тизимига ҳаққоний ва ўз вақтида киритишни таъминлайди;

рейтинг жараёнига жалб этилган давлат органлари, ташкилот ва муассасалар раҳбарлари сўровномаларни шаффоф ва холисона ўтказиш ҳамда тегишли маълумотларни ахборот тизимига киритиш учун шахсан жавобгардир;

давлат бошқаруви органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан ахборот тизимига ишончсиз ёки нотўғри маълумотларни киритиш, шунингдек, уларни ўз вақтида киритмаслик ҳолатлари аниқланган тақдирда, тегишли раҳбарларга нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилади.

10. Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг айрим қарорлари 2-иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

11. Мазкур қарор ижросини ташкил этишнинг қуйидаги тартиби белгилансин:

а) Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Ж.А. Қўчқоров:

мазкур қарор ижросини сифатли таъминласин, белгиланган чора-тадбирларни амалга оширишга масъул вазирлик ва идораларнинг самарали фаолиятини ташкил этсин ҳамдамувофиқлаштирсин, аниқланган камчиликларни ўз вақтида бартараф этсин;

ахборот тизимига киритилган статистик кўрсаткичлар ва сўровнома натижаларини ўз вақтида умумлаштирсин ҳамда ҳудудлар рейтингини аниқласин;

ушбу қарорнинг мақсад ва вазифаларига эришиш, шунингдек, баҳолаш мезонлари ва таҳлил усулларини аниқлаш мақсадида Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти, "Ижтимоий фикр" маркази, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази, Давлат статистика қўмитаси ва Савдо-саноат палатаси билан биргаликда давлат органлари ҳамда бошқа ташкилотларнинг масъул ходимлари учун даврий семинарлар ташкил этсин;

рейтинг кўрсаткичларининг мониторингини ва оммавий ахборот воситалари, шу жумладан расмий веб-сайтда ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражасини баҳолаш натижалари тўғрисидаги маълумотлар мунтазам равишда кенг ёритилишин таъминласин;

б) Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси раисининг ўринбосари Б.Т. Турабов – ҳудудларнинг рейтинг кўрсаткичлари шакллантирилишини мониторинг қилсин;

в) масъул вазирлик, идора ва ташкилотлар раҳбарлари – ахборот тизимига маълумотларнинг ўз вақтида, сифатли ва тўлақонли киритилиши ҳамда сўровномалар ўтказилиши учун барча зарур чораларни кўрсин;

г) Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори А.К. Кўчимов ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси раиси А.Д. Хаджаев – мазкур қарорнинг мазмун-моҳияти, унинг амалий аҳамиятини ёритиб бериш бўйича мақолалар чоп этилишини ҳамда матбуот анжуманлари, тематик телекўрсатувлар ўтказилишини ташкил этсин.

12. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.

 

ЎзбекистонРеспубликаси

       Президенти                                                                                      Ш. Мирзиёев

 

Тошкент шаҳри,

2020 йил 1 май

Манба: ЎзА

Поделиться