РАСМИЙ БАЁНОТ: Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 1924 нафарни ташкил этмоқда, 892 фуқаро соғайган
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи, Республика бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков:
– Мамлакатимизда айни дақиқаларга келиб, коронавирус касаллиги билан 1924 бемор рўйхатга олинган. Вирусология илмий-текшириш институтидан олинган маълумотга кўра, ушбу институт клиникасида даволанаётган 106 беморнинг 29 нафарида пневмония клиник белгилари кузатиляпти, 3 нафарининг аҳволи оғир, 1 нафарининг аҳволи ўта оғир. Эпидемиология-микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институтида даволанаётган 67 бемордан 2 нафарининг аҳволи оғир. Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникасида даволанаётган 130 бемордан 26 нафарида пневмония клиник белгилари бор, 5 нафарининг аҳволи оғир, 1 нафарининг аҳволи ўта оғир, деб баҳоланяпти.
Касалликка чалинганларни даволаш ишлари давом этяпти. Айни пайтга келиб, 892 ҳамюртимиз касалликдан тўлиқ соғайиб, реабилитация марказларига ўтказилди. 1024 бемор юқумли касалликлар шифохоналари ва мослаштирилган шифохоналарда даволаш муолажаларини оляпти. 85 мингдан ортиқ фуқаро карантин тадбирлари билан қамраб олинган ва улардан олинган намуналар доимий тарзда вирусология лабораторияларида текшириляпти. Куни кеча ҳам 10 мингга яқин лаборатория текширувлари амалга оширилди.
Ҳурматли юртдошлар!
Вазият бир мунча барқарорлашаётгани, касалланганларнинг даволаниб, реабилитация марказларига ўтказилаётгани ҳеч биримизга хотиржам, бемалол бўлишимизга асос бўла олмайди. Карантин тадбирларига риоя этишимиз ва барча талабларни бажаришимиз керак. Шундагина вазиятни тўлиқ барқарорлаштиришимиз мумкин.
Манба: ЎзА