Халқаро ветеринария куни муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Баҳром Норқобилов соҳа вакилларига табрик йўллади. Унда ушбу соҳада мамлакатимизда амалга оширилаётган ишларга алоҳида эътибор қаратилган.
"Ҳурматли ҳамкасблар, соҳа фидойилари!
Барчангизга маълумки, жамиятда ветеринария касбининг муҳимлиги ва инсоният тараққиётидаги аҳамиятини сингдириш, ветеринария ташкилотлари ва ветеринария врачларининг нуфузини кўтариш мақсадида 2000 йилда Халқаро ветеринария ассоциацияси ва Халқаро ҳайвонлар соғлиғини сақлаш ташкилотининг ташаббуси билан ҳар йили апрель ойининг охирги шанба кунини “Халқаро ветеринария куни” деб белгиланиши ҳақида қарор қабул қилинди.
Ҳар йили ушбу кун кўп давлатларда байрам сифатида нишонлаб келинмоқда.
Ветеринария соҳаси ҳайвонлар соғлиғини сақлаш билан бирга аҳолини инсон ва ҳайвонлар учун умумий бўлган касалликлардан муҳофаза қилишда муҳим аҳамиятга эга.
Бутунжаҳон ветеринарлари томонидан ҳайвонлар соғлиғини сақлаш борасида олиб борилаётган ишларнинг пировардида инсон саломатлиги диққат эътиборда бўлмоқда.
Озиқ-овқат маҳсулотларининг аҳолига етказиб берилишида хўжаликдан дастурхонгача бўлган даврда ветеринар асосий ўринни эгаллайди. Ва бу жараённи соҳа фидойиларисиз тасаввур этиб бўлмайди.
Барчангизга маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 28 мартдаги “Ветеринария ва чорвачилик соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5696-сон фармони билан давлат ветеринария қўмитаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси этиб қайта ташкил этилди ҳамда унинг асосий вазифалари белгилаб берилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 28 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ-4254-сон қарори билан қўмитанинг барча ташкилий тузилмалари тасдиқланиб, фан билан амалиётнинг узвий боғлиқлигини таъминлаш мақсадида қатор институтлар қўмита таркибига ўтказилди ва чорвачилик ҳамда наслчилик ишларини янада ривожлантириш мақсадида “Ўзбекчорванасл” агентлиги ташкил этилди.
Қўмита ветеринария, чорвачилик ва наслчилик соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширувчи давлат органи сифатида белгиланди.
Бу, албатта, ветеринарларга янада улкан вазифалар ва масъулият юклайди!
Буларнинг барчаси давлатимиз раҳбарининг бошқа соҳалар қатори ветеринария ва чорвачилик соҳасига катта эътибор бераётганлигидан далолатдир.
Биз айни синов дамларида янада фаол, фидойи бўлишимиз, мамлакатимизда ветеринар осойишталикни таъминлаш, чорвачиликнинг барча тармоқларини янада ривожлантириш, ҳайвонлар наслини яхшилаш ва бу орқали халқимиз истеъмоли учун етиштирилаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг хавфсизлигини таъминлаш йўлида бор билим ва тажрибамизни сафарбар этишимиз зарур.
Азиз ҳамкасблар!
Фурсатдан фойдаланиб, юртимизда фаолият олиб бораётган барча ветеринарларни халқаро касб байрами билан муборакбод этаман. Эзгу ишларингизда доимо омад ёр бўлишига ҳайриҳоҳман!"
Манба: Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги