РАСМИЙ БАЁНОТ: Ўзбекистонда 357 фуқаро коронавирус касаллигидан фориғ бўлган, 12 беморнинг аҳволи оғир
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи, Республика бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков:
– Мамлакатимизда айни дақиқаларга келиб, коронавирус касаллиги билан 1692 бемор рўйхатга олинган. Мазкур касалликдан тўлиқ фориғ бўлиб, реабилитация марказларига ўтказилаётган беморлар сони кундан кунга ортиб бораяпти. Кечанинг ўзида 96 фуқаро касалликдан тузалиб, реабилитация марказларига ўтказилди. Бугунги кунга қадар касалликдан соғайганлар сони 357 нафарга етди.
Вирусология илмий-текшириш институтидан олинган маълумотга кўра, ушбу институт клиникасида даволанаётган 100 беморнинг 34 нафарида пневмония клиник белгилари кузатиляпти, 4 нафарининг аҳволи оғир, 1 нафарининг аҳволи ўта оғир. Эпидемиология-микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институтида даволанаётган 76 бемордан 2 нафарининг аҳволи оғир. Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникасида даволанаётган 138 бемордан 46 нафарида пневмония клиник белгилари бор, 4 нафарининг аҳволи оғир, 1 нафарининг аҳволи ўта оғир, деб баҳоланяпти.
Ҳурматли юртдошлар!
Карантин тадбирлари давом этмоқда. 92 мингдан кўпроқ фуқаро тиббий кузатув остига олинган ва карантин муддатларини ўтаяпти. Улардан олинган намуналар мунтазам равишда вирусология лабораторияларида текширувдан ўтказиляпти.
Карантин тадбирлари ўз самарасини беряпти. Касалликнинг кенг кўламда тарқалиб кетишига йўл қўйилмаяпти. Ижобий натижалар ҳам пайдо бўла бошлади. Ушбу жараён давомий бўлиши учун сиз уйда қолишингиз, карантин талабларига риоя қилишингиз, мулоқотдан ўзингизни тийишингиз ва мулоқотга эҳтиёж туғилса, масофани сақлашингиз керак бўлади.
Манба: ЎзА