Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Экспорт салоҳиятини ривожлантириш бўйича Республика комиссияси Жиззах вилояти тадбиркорларининг муаммоларини ўрганиб чиқди
2020-04-17 | Иқтисодиёт
13-16 апрель кунлари Жиззах вилоятига ташриф буюрган ҳудудлар ва тармоқлар экспорт салоҳиятини ривожлантириш бўйича Республика комиссияси аъзолари COVID-19 пандемияси туфайли юзага келган иқтисодий вазият шароитида вилоят тадбиркорлари ва экспортчиларининг жорий фаолияти билан танишдилар.
Бир неча кун давомида комиссия аъзолари, вазирликлар, идоралар, тармоқ бирлашмалари, тижорат банклари ва маҳаллий ҳокимият органлари раҳбарларидан иборат бўлган ишчи гуруҳлар тадбиркорлик субъектларининг муаммоларини батафсил ўрганиб чиқиб, уларни қўллаб-қувватлаш бўйича фавқулодда ва ностандарт чора-тадбирларни биргаликда ишлаб чиқдилар.
Комиссия аъзолари вилоятда инвестиция лойиҳаларини амалга ошираётган 525 та корхоналар фаолиятини таҳлил қилдилар ва уларнинг 126 тасида муаммоли масалалар борлиги аниқланди. Ҳусусан 82 та корхонада кредит маблағларини ажратиш зарурати, 9 тасида - кредитни қайтариш муддатини узайтириш, 8 тасида - ишлаб чиқариш ускуналарини етказиб берилиши ва ўрнатилиши кечикиши, 7 тасида - муҳандислик коммуникацияларига уланиш муаммолари, 5 тасида - ер участкалари, бўш бинолар ва иншоотларни ажратиш зарурати билан боғлиқ масалалардир. Барча аниқланган муаммолар тегишли давлат идоралари, тижорат банклари ва хориждаги дипломатик ваколатхоналар иштирокида тезкорлик билан ҳал қилинди.
Шунингдек барча 94 экспортёр корхоналарнинг фаолияти алоҳида ўрганилиб натижада 60 та муаммоли масалалар аниқланди. 23 та тадбиркорда олинган кредитлар бўйича фоиз тўловлари муддатларини узайтириш зарурати, 13 таси - хорижий харидорларни топиш ва халқаро сертификатларни олишда қийнчиликлари борлиги, 9 тасида - айланма маблағлар учун кредит ресурсларини ажратиш зарурати, 8 тасида – илгари тўланган қўшилган қиймат солиғини қайтаришдаги қийинчиликлар, 5 тасида - табиий газ ва электр энергияни узлуксиз етказиб берилишидаги муаммолар, 2 тасида эса Хитой давлатига айрим турдаги маҳсулотлатларни экспорт қилиш учун рухсат олишда амалий ёрдам кўрсатилишига мухтожлиги каби масалалар мавжудлиги маълум бўлди.
Юқорида қайд ўтилган барча муаммоларни ҳал қилишнинг калитини ҳам шу жойнинг ўзида ваколатли вазирликлар, идоралар, тижорат банклари ва маҳаллий ҳокимликлар фаолиятини яқиндан мувофиқлаштириш орқали топишга эришилди.
Натижада, жахон иқтисодиётидаги кризис ҳодисалари боис юзага келган мураккаб иқтисодий вазиятга қарамасдан, Жиззах вилоятининг ишлаб чиқарувчилари ва экспортчилари қўллаб-қувватланиши ва уларнинг корхоналарини узлуксиз фаолияти таъминланди.
Ушбу ҳудудда ишлар якунига етгач, Республика комиссияси тадбиркорлар ва экспортчиларга фавқулодда ёрдам кўрсатишни давом этиш учун Сирдарё вилоятига йўл олди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги