Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Нарх-наво барқарорлиги рақамларда акс этмоқда
2020-04-14 | Иқтисодиёт
Мамлакатимизда коронавирус пандемияси туфайли эълон қилинган карантин даврида давлат солиқ хизмати органлари томонидан зарур озиқ-овқат ва тиббий-гигиеник маҳсулотлар нархининг асоссиз оширилишининг олдини олишга қаратилган изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, ДСҚ ва унинг барча ҳудудий тузилмалари ходимларидан иборат махсус штаблар ташкил этилди, жойлардаги савдо марказлари ва бозорларга солиқ органи ходимлари бириктирилди. Бундан ташқари, 7/24 режимида ишловчи ДСҚ “Ишонч телефони” ва “Call-маркази”га аҳолидан келаётган мурожаатлар ҳам тезда назоратга олиниб, улар асосида ўрганиш ва тегишли назорат тадбирлари олиб бориш йўлга қўйилди.
Таъкидлаш жоизки, назорат тадбирлари ва кўрилаётган чоралар сабабли “Ишонч телефони” ва “Call-маркази”га келиб тушаётган мурожаатлар динамикаси кундан кунга пасайиб бормоқда.
Шу пайтгача ҳафтанинг дам олиш кунлари мурожаатлар бегим кунларига нисбатан бироз ошиши кузатилаётган эди. Эндиликда дам олиш кунлари ҳам ўртача меъёрдан паст кўрсаткичлар қайд этилмоқда.
Масалан, ўтган ҳафта чоршанба, пайшанба (8-9 апрель) кунлари жами 980 та мурожаат келиб тушган бўлса, шанба ва якшанба (11-12 апрель) кунлари улар сони 761 тани ташкил этди.
Самарқанд вилоятидан энг кўп мурожаат – 132 та келиб тушган бўлса, Қашқадарё (123 та) ва Тошкент вилояти аҳолиси ҳам (75 та) бошқа ҳудудларга нисбатан кўпроқ мурожаат қилган.
Дам олиш кунларида энг кам мурожаат Андижон вилояти (20 та) Тошкент шаҳри (25 та) ва Хоразм вилояти аҳолисидан (25 та) келган.
Ҳурматли фуқаролар, агар сиз савдо марказлари ёки бозорларда маҳсулотлар нархининг асоссиз оширилиш ҳолатларига дуч келсангиз бу ҳақда биринчи навбатда, ДСҚ “Ишонч телефони” – 71 244-98-98 ёки “Call-маркази”нинг 1188 қисқа рақамига мурожаат қилишингизни сўраймиз. Мурожаатлар туну кун 7/24 режимида қабул қилинади.
Давлат солиқ хизмати сизнинг ҳуқуқларингизни ҳимоя қилади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси