Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Халқимизга хос аҳиллик ва бирдамлик билан синовни енгамиз
2020-04-13 | Жамият
Юртимизга келган ташвишнинг аввалида дилимизга бостириб кирган хавотиру таҳликалар тезда чекиниб, ўрнини халқимизга хос интизом, саришталик, аҳиллик ва бирдамлик эгаллади.
Мамлакатимизда бу глобал хасталикнинг олдини олиш ва унга барҳам бериш борасида тезкорлик, изчиллик ва собитқадамлик билан зарур ишлар амалга оширилмоқда.
Карантин тизими жорий этилганидан бери одамларимиз ўз уйда қолиб, белгиланган карантин қоидалари, шахсий гигиена талаблари, шифокорлар маслаҳатларига қатъий амал қилиш орқалигина офатни енгиш мумкинлигини англаб етди.
Офатни эрта жиловлаш мақсадида аҳоли ўртасида огоҳлантириш ва кенг тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Бундай хайрли ишларга Марказий сайлов комиссияси жамоаси ҳам фаол ҳисса қўшаётир. Расмий веб-сайти, ижтимоий тармоқлардаги минглаб мухлисларга эга ўз саҳифалари, малакали ҳуқуқшунос мутахассисларининг оммавий ахборот воситалари орқали чиқишларида бу борада кенг тушунтириш ишлари йўлга қўйилди
Президентимизнинг халқимизга мурожаатида таъкидланган: “Ишонтириб айтаманки, коронавирус тарқаб кетмаслиги учун давлат барча чораларни кўради. Аммо шу синовли дамларда ҳар бир ўзбекистонлик, ҳар бир идора, жамоатчилик вакиллари бир мушт бўлиб ҳаракат қилишимиз керак. Касалликни маҳалламизга, уйимизга, оиламизга олиб кирмаслик учун, энг аввало, ўзимиз масъулмиз”,деган даъватини юртимиз аҳли ўзи учун энг муҳим амалий дастур сифатида қабул қилди.
Халқимизнинг аҳиллигига, бирдамлигига, ҳамжиҳатлигига кўз тегмасин. Каттадан-кичик ҳамма ўзининг юксак маданияти, сабр-тоқати, айтилаётган гигиена қоидалари ва чеклов чораларига қатъий амал қилаётгани туфайли пандемиянинг пайи қирқилишига шубҳа йўқ.
Коронавирус инфекцияси сабабли юзага келган мураккаб шароитда имкониятлари чекланган, кам таъминланган ва кўмакка муҳтож аҳоли қатламларига беғараз ёрдам кўрсатиш тизими орқали ёрдам қўлини чўзаётган юртдошларимиз тобора кўпаймоқда. COVID-19 пандемиясига қарши курашда фуқароларимизни руҳан қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган “Ўзбекистон Меҳр-шафқат ва саломатлик” жамоат фондига тушаётган беминнат маблағлар бунинг ёрқин далилидир.
Мазкур акцияга қўшилган кўплаб ташкилот ва корхоналар қаторида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси жамоаси ҳам ихтиёрий равишда беғараз маблағ сифатида ўзининг бир кунлик иш ҳақини фондга ўтказиб берди.
Бугунги синовли кунларнинг тақозоси — барчамиз энг аввало ўз оила аъзоларимиз ва яқинларимиз хавфсизлиги ҳамда саломатлиги учун уйда қолишимиз лозим. Барчамиз аҳил, бир-биримизга елкадош бўлиб ҳаракат қилсак, бу синовдан эсон-омон ўтиб оламиз.
Ҳасан АБДУРАҲМОНОВ,
Марказий сайлов комиссияси бўлими бошлиғи
Манба: Марказий сайлов комиссияси