Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Азиз Абдуҳакимов: Карантин қўл қовуштириб ўтириш учун сабаб эмас - Ўзбекистонда “онлайн туризм” ва “масофавий спорт” ривожлантирилади
2020-04-11 | Туризм
Бугунги кунда коронавирус билан боғлиқ сокинлик даврида туризм ва спорт соҳасида қандай ишлар олиб борилмоқда? Ушбу соҳаларни ривожлантиришда қандай янгича ёндашувлар қўлланмоқда? Қандай янги лойиҳалар режалаштирилмоқда?
Шу ва бошқа саволларга Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов жавоб беради.
- Азиз Абдуқаҳҳорович, мамлакатимизда коронавирус билан боғлиқ вазият сабаб туризм ва спорт йўналишидаги тадбирлар кечиктирилган, авиақатновлар бекор қилинган бир даврда бу икки соҳани ривожлантириш йўлида қандай ишлар амалга оширилмоқда?
- Ҳа, айни дамда юртимизда карантин ва ўз-ўзини изоляция қилиш режими ҳукмрон, лекин бу даврда қўл қовуштириб ўтириш керак эмас, аксинча, ушбу сокинлик давридан унумли фойдаланиб, соҳаларни ривожлантиришда янгидан-янги усуллар ва жиҳозларни қўллаш лозим. Масалан, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси бугунги кунда "онлайн туризм"ни ривожлантириш, тадбиркорлар ва стартаперларни қўллаб-қувватлашга оид ишларни амалга ошираётган бўлса, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигида аллақачон “масофавий спорт”ни фаол ривожлантириш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ишлари бошлаб юборилган.
Шунингдек, Ўзбекистон Хусусий сайёҳлик ташкилотлари уюшмаси (ХСТУ), Ошпазлар уюшмаси, Гастрономик ассоциация билан ҳамкорликда ходимлар ва мутахассислар малакасини оширишга доир бепул онлайн курслар ва вебинарлар ташкил қилинмоқда. Қатор туристик бизнес вакиллари коронавирусга қарши курашишга ўз ҳиссаларини қўшиб, турли хайрия ишларини амалга оширишмоқда.
Бундан ташқари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ХСТУ ва Миллий пиар маркази билан бирга хорижда миллий маҳсулотни тарғиб қилишга оид стратегияни ишлаб чиқмоқда. Унга кўра, карантин даври тугагач, Европа ва МДҲ мамлакатларида Road-show’лар ташкил қилиш режалаштирилмоқда.
- Шу ўринда онлайн туризмни ривожлантиришга алоҳида тўхталиб ўтсангиз, бу йўналишда айнан қандай ишлар амалга оширилмоқда?
-Айни дамда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва унинг ҳузуридаги Миллий PR маркази Ўзбекистонда туризм бўйича виртуал саёҳатларни амалга ошириш имконини берувчи online-tourism.uz сайтини йўлга қўйиш устида ишламоқда. Бу Ўзбекистон бўйлаб виртуал саёҳат қилиш имконини тақдим этувчи биринчи платформа бўлади.
Ҳозирги карантин билан боғлиқ мураккаб бир даврда Ўзбекистоннинг туристик тарғиботини кучайтириш айни муддаодир. Бу сайёҳларга уйдан чиқмай туриб, ўз саёҳатларини олдиндан режалаштириш имконини беради. Янги сайт яқин кунларда ишга туширилиши кутилмоқда.
- Online-tourism.uz сайти айнан қайси йўналишларни қамраб олади?
- Режага кўра, ушбу сайт асосан уч йўналишни қамраб олади: Сайёҳлар учун. У Ўзбекистон бўйлаб виртуал турларни амалга ошириш имконини беради. Бугунги кунда виртуал турларни йўлга қўйиш учун музейлар ва бошқа туристик объектлар билан ҳамкорлик ишлари бошлаб юборилган.
Фурсатдан фойдаланиб, бу йўналишда фаолият юритувчи истеъдодли мутахассисларимизни ҳамкорликка жалб қиламиз, улар билан онлайн фаолиятни йўлга қўйиш мумкин.Шу билан бирга, кафе ва ресторанлар ҳамда бошқа туристик объектлар эгаларини виртуал саёҳатни йўлга қўйиш учун зарур чоралар кўришга чорлаб қоламиз, зеро бу сайёҳларга ҳозирнинг ўзиданоқ ўзига маъқул келувчи, дидига мос келувчи жойларни танлаш имконини беради. Туристик бизнес вакилларига бу борада ёрдам керак бўлган тақдирда, online-tourism.uz орқали зарур маслаҳат ва тавсиялар берилади.
Туристик соҳа вакиллари учун. Бу меҳмонхоналар эгалари ва менежерлари, туроператорлар, меҳмон уйлари, гидлар ва бошқалар билан ҳамкорлик кучайтирилиб, соҳани янада ривожлантиришга оид ишлар амалга оширилади. Платформа ёрдамида дунёдаги сўнгги трендлар, янгиликлар бўйича вебинарлар, онлайн мушоҳадалар йўлга қўйилади, онлайн қўлланмалар тақдим этилади. Инқироз ва ундан кейинги даврда уларнинг бандлиги таъминланади. Туризмга оид янги лойиҳаларни амалга оширишни истаган стартаперлар учун. Бу ерда туризмни ривожлантиришга оид янги лойиҳалар, стартаперлар ҳақидаги маълумотлар жамланади, онлайн маслаҳат бериш йўлга қўйилади ва ҳ.к. Креатив ғояларга эга кишиларга лойиҳаларни амалга ошириш учун грантлар ажратилиши режалаштирилмоқда.
- Бугунги карантин билан боғлиқ даврда туристик бизнес вакиллари ҳам мураккаб даврни бошдан кечиришмоқда. Давлат томонидан уларга қандай кўмак берилмоқда?
-Ҳурматли Президентимиз Шавкат Миромонович таъкидлаганларидек, давлатимиз бундай мураккаб даврда бирор бир тадбиркорни беэътибор қолдирмайди. Давлат раҳбарининг 2020 йил 19 мартдаги 5969-сонли ва 2020 йил 3 апрелдаги 5978-сонли Фармонларига мувофиқ, тадбиркорклик субъектларига, шу жумладан туризм соҳаси субъектларига пандемия даврида қатор имтиёзлар тақдим этилди.
Туроператорлар, турагентлар, жойлаштириш воситалари 31 декабрга қадар ер солиғи ва мол-мулк солиғи тўловидан озод этилди, ижтимоий солиқни камайтирилган ставкада (1%) тўлайди; жойлаштириш воситалари, ресторанлар ва бошқа мол-мулки мавжуд субъектлар учун мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ бўйича пенялар ҳисобланишини тўхтатиб турилди, солиқ қарзини мажбурий ундириш чоралари кўрилмайди; туризм соҳасига боғлиқ якка тартибдаги тадбиркорлар (оилавий меҳмон уйлари, гид-экскурсоводлар, ҳунармандлар) учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи 30 фоизга камайтирилди, шунингдек, карантин даврида фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлганлар учун даромад солиғи қатъий белгиланган суммаси ва ижтимоий солиқ учун тўловлар ҳисобланиши тўхтатилди. Бунда тадбиркорлар фаолиятини тўхтатганлиги ҳақида солиқ органларини уйдан туриб онлайн тарзда хабардор қилишлари мумкин; кредит тўловлари (меҳмонхона, туроператор транспорт-логистика корхоналари) бўйича қарздорлик кечиктирилди.
Бундан ташқари, экспорт-импорт операциялари бўйича енгилиликлар (умумий экспортнинг 10% дан ошмаган дебитор қарздорлиги бўлган тақдирда, кафолатланган тўловсиз экспортни амалга ошириш, ташқи савдо операциялари дебитор қарздорлигини сўндириш эвазига технологик асбоб-ускуналар ва хом ашё товарларини бир марталик импортни амалга ошириш) тақдим этилди; ташқи савдо операциялари (хорижий ҳамкорларга сотилган туристик хизматлар бўйича) бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлик учун жарималар қўллаш тўхтатилади; солиқ аудитлари бекор қилинди. Давлат раҳбари иродаси билан, ҳукумат қўллаб қувватлаши остида амалга оширилаётган мазкур чора-тадбирлар тадбиркорлик субъектларини бугунги мураккаб иқтисодий шароитда солиқ ва кредит тўловларидан озод этиш орқали молиявий ҳолатини янада оғирлашиб кетиши олдини олади. Шу билан бирга, ўз фаолиятини ва у орқали иш ўринлари ва бандликни сақлаб қолишга кўмак беради. Асосий мақсад ҳам шу – иш ўринларини сақлаб қолиш ва аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш.
- Пандемия даври тугаганидан сўнг қандай ишларни амалга ошириш режалаштирилмоқда?
- Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан жаҳон туризм бозоридаги фавқулодда вазиятнинг мамлакатимиз туризм соҳасига салбий таъсирини камайтиришга доир тезкор чора тадбирлар ишлаб чиқилиб, Вазирлар Маҳкамасига киритилди. Унга кўра, Ўзбекистонда коронавиус билан боғлиқ карантин даври тугаганидан кейин туризм соҳасидаги стартап лойиҳалар, жумладан инновацион бизнес ғоялар, айниқса ёшлар ва уларнинг сайёҳларга қулайлик яратишга йўналтирилган дастурларини субсидиялаштириш режалаштирилмоқда. Шунингдек, “Ўз диёрингни ўзинг кашф эт” лойиҳаси доирасида маҳаллий аҳолини аудио, фото ва видео материал тўплаш жараёнига жалб этиб, шу асосда “Туризм қишлоғи”, “Туризм маҳалласи”, “Туризм овули” мақомига эга аҳоли пунктлари реестрини кенгайтириш кўзланяпти.
Шунингдек, “Саёҳатингни режалаштир” акцияси ўтказилади ҳамда туризм соҳаси субъектлари билан ҳамкорликда аҳоли орасида пандемиядан кейин Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилишга оид таклиф ва онлайн аризаларни қабул қилишни кенг тарғиб қилиш бўйича электрон тизимни рағбатлантиришга доир чора тадбирлар амалга оширилиши режалаштирилган. “Туризм учун янги бизнес ғоялар” онлайн танлови, ижтимоий тармоқларда хорижий сайёҳлар орасида “Ўзбекистондан олган таассуротларим” ва маҳаллий сайёҳлар орасида “Менинг саёҳатим” акцияларини ўтказиш кўзда тутилган. Миллий телерадиокомпания билан ҳамкорликда экскурсиячи, гидлар ва бошқа мутахассисларни жалб қилган ҳолда “Ўлкашунослик”, “Ёш турист” каби йўналишда кўрсатувлар тайёрланади.
Бундан ташқари, пандемиянинг салбий таъсирини юмшатишга йўналтирилган янги имтиёзлар тақдим этилиши режалаштирилмоқда.
- Сиз Бош вазир ўринбосари сифатида Ўзбекистонда спортни ривожлантиришга ҳам масъулсиз, бу соҳани ривожлантиришда қандай ишлар амалга оширилмоқда ва “масофавий спорт” ҳақида кенгроқ маълумот берсангиз?
- Ўзбекистонда спорт соҳасини ривожлантиришда ҳам кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги билан бирга мамлакатимизнинг тажрибали спорт усталари ва мураббийлари иштирокида турли видеороликлар ишлаб чиқилмоқда. Уларнинг карантин даврида жисмоний фаолликни сақлаб қолиш, спорт билан боғлиқ фаолиятни бошлашга доир маслаҳат ва тавсиялари берилмоқда.
Ижтимоий тармоқларда турли қизиқарли челленжлар ва беллашувлар ўтказилмоқда. Масалан, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги 6-26 апрель кунлари #УйдаҚол! #ҲаётгаҚўшил! челленжини йўлга қўйди. Унда қатнашиш учун карантин даврида уйда оила аъзоларингиз билан бирга бадантарбия ва спорт машғулотларини бажариш, сўнгра уни видеога олган ҳолда, ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларга жойлаш ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг расмий саҳифалари билан улашиш талаб этилади. Ҳар 4 кунда 3 кунлик ғолиблар аниқланиб, вазирлик томонидан тақдирлаб борилади.
Умуман олганда, юртимиздаги ҳар бир инсоннинг спорт билан шуғулланиши, соғлом турмуш тарзига риоя қилиши унинг саломатлигига ҳам, фаолиятига ҳам ижобий таъсир кўрсатади.
- Айни дамда карантинда бўлган юртдошларимизга қандай тавсиялар берасиз?
- Ҳозир кўпчилик уйда вақти жисмоний фаолликни сақлаб қолиш жуда муҳим. Бу йўлда эса соғлом ҳаёт тарзига риоя қилишга алоҳида эътибор қаратишларини сўраган бўлардим. Юртдошларимизга кўпроқ жисмоний машғулотлар билан шуғулланишни тавсия қиламан.
Бугун интернетдан фойдаланиш кенг тус олган бир даврда ҳар бир инсон ўзига тўғри келувчи спорт иловалари ва дастурларини интернетдан юклаб олиб, жисмоний тарбия билан шуғулланиши мумкин. Дейлик, кимдир муайян бир масофага югуришни мақсад қилди, яна кимдир маълум бир килограммга вазн ташлаш, бошқа биров соғлом овқатланишга ўтишга қарор қилди.
Улар бу мақсадларига уй шароитида ҳам эришишлари мумкин. Уйда қолинг ва бу даврдан ўзингиз учун самарали фойдаланишга ҳаракат қилинг, шахс сифатида ривожланинг ва бунинг учун ўзингизнинг устингизда ишланг, гигиена қоидаларига қатъий риоя қилинг, кўпроқ китоб ва бошқа қўлланмаларни мутолаа қилинг, зеро ҳам мия, ҳам тана фаолиятини доимий равишда ривожлантириш келгусида, албатта, яхши натижа беради.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги