Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги: об-ҳаводаги ўзгаришлар салбий таъсирининг олдини олиш мақсадида тавсиялар
2020-04-09 | Иқтисодиёт
Ўзбекистон Республикаси Гидрометеорология хизмат марказининг маълумотига кўра, жорий йилнинг 9-12 апрель кунлари об-ҳаво 1-даражагача совуқ бўлиши ҳамда айрим туман ва ҳудудларда ёмғир қорга айланиши кутилаётганлиги баён этилган.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги об-ҳаводаги ушбу ўзгаришлар салбий таъсирининг олдини олиш мақсадида қуйидаги тавсияларни беради:
- боғ-токзорларнинг қатор ораларидан суғориш ариқлари олиниб, иложи борича кам миқдорда сув оқизилади, қатор ораларига гўнг аралаш хашак, пахол, шох-шаббалар уюмларини тўплаб, улар тутатилади. Бунинг учун боғ ва токзорларга бир текисда эни 1,25-1,5 м баландлиги 0,5-0,75 м дан тўп-тўп қилиб уйиб қўйилади.
- дарахтларнинг ёши ва қалин сийраклигига қараб ҳар бир гектарда 100-200 та уюм ҳосил қилиш керак. Тутун боғ ичига яхши ёйилиши учун уюмлар боғнинг шамол эсадиган томонига қўйилади, ҳаво харорати кузатилиб борилади.
- ҳаво очиқ бўлиб, ҳарорат +1 Сга тушиши билан уюмлар тутатилади. Бунда уюмларнинг алангаланмай, тутаб ёнишига алоҳида аҳамият бериш лозим. Совуқ такрорланишини ҳисобга олиб, уюмлар оралатиб тутатилади. Совуқ бўлмаса уюмлар ўғит сифатида фойдаланилади.
Шунингдек, мавжуд тутзор ва тут дарахтларини баргини асраб қолиш мақсадида атрофига маҳаллий гўнг ёки қуриган хас-хазонларни тўплаб тутатиш ва қондириб суғоришни ташкил этилади.
Эртаки муддатларда экилган картошка ниҳоллари ердан униб чиққан бўлса, шароитга қараб, эгат устини полиэтилен плёнка билан ёпиш ёки ёпишнинг иложи бўлмаган майдонларда кечки сув қўйишни ташкил қилинади ва майдоннинг атрофини гўнг аралаш хашак, пахол, шох-шаббалар уюмларини тўплаб, улар тутатилади.
Иситилмайдиган кўчатхоналарда етиштирилаётган сабзавот ва полиз экинлари кўчатларини совуқдан асрашнинг муҳим тадбири дугалар ўрнатиб, устини полиэтилен плёнкаси билан ёпилади, вақтинчалик иситиш мосламаларидан фойдаланиш хамда атрофини гўнг аралаш хашак, пахол, шох-шаббалар уюмларини тўплаб, улар тутатилади.
Иссиқсевар сабзавот экинларидан помидор, ширин қалампир, бақлажон кўчатларини ва бодринг, полиз экинларини уруғларини экишни вақтинчалик тўхтатиб туриш зарур. Агар помидор, ширин қалампир, бақлажон кўчатлари экилган бўлса кечки сув қўйишни ташкил қилинади ва майдоннинг атрофини гўнг аралаш хашак, пахол, шох-шаббалар уюмларини тўплаб, улар тутатилади.
Ҳар бир далада ҳаво ҳарорати кузатилиб, ҳарорат +1 Сга тушиши билан уюмлар тутатилади.
Совуққа чидамли сабзи, пиёз, саримсоқ, ош лавлаги, карам, кўкат сабзавотлар каби экинларга совуқ -2-3 С сезиларли таъсир этмайди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги