РАСМИЙ БАЁНОТ: Ўзбекистонда 555 фуқаро коронавирусга чалинган, 10 беморнинг аҳволи оғирлигича қолмоқда
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи, Республика бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков:
– Мамлакатимизда айни дақиқаларга келиб, коронавирус касаллиги билан рўйхатга олинган беморлар сони 555 нафарни ташкил этди. Вирусология илмий-текшириш институтидан олинган маълумотга кўра, ушбу институт клиникасида даволанаётган 99 беморнинг 25 нафарида пневмония белгилари кузатиляпти, 7 нафарининг аҳволи оғир. Эпидемиология-микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институтида даволанаётган 88 бемордан 3 нафарининг аҳволи ўрта оғирликда, деб баҳоланяпти.
Ҳурматли юртдошлар!
Коронавирус касаллиги бўйича эпидемик вазият мураккаблашган кундан бугунги кунга қадар 70 мингдан зиёд, жумладан, кечанинг ўзида 90 мингдан кўпроқ аҳоли коронавирус касаллигига лаборатория усулларида текширилди, 35 ҳолатда касаллик аниқланди.
Алоҳидаланган ва тиббий кузатув остига олинган 86 мингдан кўпроқ аҳоли орасида касаллик аниқланиши давом этяпти. Демак, ҳар биримиз сергак бўлишимиз, эпидемияга қарши талабларга тўлиқ риоя этишимиз, карантин тадбирларига амал қилиб, уйда қолишимиз керак. Эпидемик вазиятнинг барқарорлашуви ёки мураккаблашиши ҳар биримизга боғлиқ ҳолатдир. Сиз эса уйда қолиб, эпидемик вазият барқарорлашувига ўз ҳиссангизни қўшасиз ва тиббиёт ходимлари томонидан берилаётган тавсияларга тўлиқ амал қиласиз, деган умиддамиз.
Манба: ЎзА