Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Божхона ходимлари карантин вақтида матонат билан хизмат қилишмоқда
2020-04-07 | Иқтисодиёт
Мамлакатимизда коронавирус инфекцияси сабабли маълум бир муддат карантин даври бўлиб туради. Божхона чегаралари ва кўчаларда фуқаролар ҳамда автотранспорт воситаларининг ҳаракати чекланган. Шунингдек, баъзи бир соҳалар фаолияти ҳам вақтинча тўхтатилган. Бироқ, бу жараёнда иқтисодиётни доимгидек юритиш муҳим аҳамиятга эгадир.
Божхона тўловларини давлат бюджетига тўлиқ ва ўз вақтида yндириш, ички бозордан ортган миллий маҳсулотларни экспортга ва аксинча халқимиз учун зарур озиқ-овқат, хомашё ва технологик жиҳозларни импортга тезкорлик билан расмийлаштиришни бугун ҳар бир божхона ходими ўзининг олий бурчи деб билади. Бу эса амалда ўзининг исботини топмоқда.
Қашқадарё вилояти божхона бошқармаси “Муборак” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости ходимлари ҳам бу синовли кунларда масъулиятни ҳис қилган ҳолда виждонан ўз хизмат вазифаларини адо этмоқда.
Мазкур божхона пости воҳанинг чўл ҳудуди Муборак туманида жойлашган ва айни кунда карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда хизмат олиб бормоқда.
- Ўтган давр давомида божхона постимиз томонидан 7 миллион 37 минг АҚШ долларилик товарлар расмийлаштируви амалга оширилди – дейди, божхона пости бошлиғи Р.Қосимов. – Расмийлаштирувнинг асосий қисми нефт-газ корхоналари хиссасига тўғри келади. Импорт товарлардан технологик жиҳозлар, эҳтиёт қисмлар ва хомашёлар, экспортда эса сиқилган газ, олтингугурт товарлари ўрин олган. Шунингдек, ташқи иқтисодий фаолият субъектларига 5 миллиард 657 миллион сўмлик божхона имтиёзлари қўлланилди.
Маълумот учун, Муборак туманида воҳада, қолаверса мамлакатимизда муҳим аҳамиятга эга бўлган Муборак газни қайта ишлаш заводи ва Муборакнефтегаз корхоналари жойлашган. Эътиборлиси, ушбу ишлаб чиқариш объектлари йил давомида фаолият кўрсатади ва доимий равишда экспорт ҳамда импорт ишларини амалга оширади. Божхона пости ходимлари мазкур заводлар ҳамда Косон, Миришкор, Касби туманларида ташқи иқтисодий фаолият билан шуғулланувчи тадбиркорларга божхона соҳасида амалий ёрдам кўрсатиб келмоқда.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси