Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
«Гибрид почта» алоқасидан фойдаланиш давр талаби
2020-04-05 | Технологиялар
Бугунги кунда «Ўзбекистон почтаси» АЖ томонидан кўрсатилаётган «Гибрид почта» хизмати ташкилотлар учун бир қатор афзалликларни яратиб бермоқда.
«Гибрид почта» хизмати бу - замонавий АКТ тизимлари имкониятларидан унумли фойдаланилган ҳолда, электрон тарзда қабул қилинган маълумотларни буюртмали ёки оддий хат-хабарлар шаклида почта алоқаси ёрдамида қабул қилувчи жисмоний ёки юридик шахсларга етказиб бериш хизмати ҳисобланади.
«Гибрид почта» хизмати махсус тизим базасига келиб тушган маълумотлар республикамизнинг туманларида жойлашган почта алоқаси тармоқларида қоғоз кўринишида чоп этилади, конвертланади ва етказиб берилади. Жўнатма тақдим этилгандан сўнг ҳолати бўйича электрон тарзда тасдиқловчи маълумот берилади.
Жўнатмалар ўз вақтида, ишончли етказиб берилиши доимий назорат қилиб борилади. Ҳар бир жўнатманинг ҳолати тўғрисида бириктирилган штрих-код орқали махсус дастурдан маълумот олиш имконияти мавжуд.
Ҳозирги кунда мазкур хизмат орқали Ўзбекистон Республикаси Давлат хизматлари агентлиги ҳужжатлари, Йўл ҳаракат хавфсизлиги бошқармасининг жарима хабарномалари, Прокуратура ҳузуридаги Тошкент шаҳар Мажбурий ижро бюросининг хабарномалари ва бошқа шу каби жўнатмалар етказиб берилмоқда, деб хабар беради Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги матбуот хизмати.
Манба: «Правда Востока»