Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбек спорти фахрийларига зарур тиббий воситалар тарқатилди
2020-04-04 | Спорт
Айни синовли кунларда халқимизга хос бўлган эзгу қадрият – кексаларга ғамхўрлик кўрсатиш, ёрдамга муҳтож оилаларга ҳар томонлама кўмаклашиш, беморларни йўқлаш каби фазилатлар ҳар қачонгидан устувор аҳамият касб этмоқда. Мамлакатимиздаги бир қатор ташкилотлар ана шу хайрли ишда фаол қатнашаётгани сўзимиз исботидир.
Бугун Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ташаббуси билан Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши юртимиздаги бир гуруҳ спорт фахрийларига бепул дорилар, антисептик воситалар, тиббий ниқоблар тарқатди. Ўз навбатида, карантин кунларида уйдан чиқмай, фарзанд ва набиралар бағрида умргузаронлик қилаётган кексаларимиз аҳволидан ҳам хабар олинди. Бу эътибордан мамнун бўлган фахрийларимиз давлатимиз ва ҳукуматимиз раҳбариятига ўз миннатдорлигини билдиришди.
– Бугун уйда қолишимиз ҳар қачонгидан ҳам муҳим, албатта, ҳар бир оиланинг дуогўйлари ўша хонадоннинг файзи ҳам, – дейди фахрий устоз Раҳмонберди Аҳмедов. – Шундай пайтда бизни эслаб, хонадонимизга йўқлаб келишгани эса умуман кутилмаган ҳол бўлди. Биз, фахрийларни йўқлаган ва айни пайтда зарур тиббий маҳсулотлар билан таъминлашга бош-қош бўлганларга ўз ташаккуримизни билдирамиз.
– Инсон саломатлиги ҳар нарсадан устун, қолган тушунчалар ана шу соғлиққа бевосита боғлиқ, – дейди тажрибали устоз Эркин Гиязов. – Шу маънода, карантин қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда биз ҳам набиралар даврасида вақтимизни мазмунли ўтказяпмиз. Ўзбекистон спорти фахрийлари кенгаши раҳбариятининг бугунги йўқлови учун спорт жамоатчилиги раҳбариятига миннатдорчилик билдириб қоламиз. Президентимизнинг кечаги мурожаатларини биз ҳам тўлқинланиб кузатдик. Бу борада спорт фахрийлари ҳам юртбошимиз билан елкма елка туриб ана шу вирусга қарши курашда, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашда имкон қадар ўз хиссамизни қўшишга тайёрмиз. Биз бундай юртбошимиз билан фахрланамиз.
Фахрийларимизнинг йиллар давомида тўплаган тажриба ва малакаси ҳали узоқ йиллар ўзбек спорти равнақига беқиёс ҳисса қўшишига умид қилган ҳолда, уларга соғлиқ тилаб қоламиз.
Манба: Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси