Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Инвестиция ва ташқи савдо фаолияти прогнозларини таъминлаш ва коронавирус пандемиясининг Ўзбекистон иқтисодиётига таъсирини камайтириш бўйича чора-тадбирлар муҳокама қилинди
2020-04-04 | Иқтисодиёт
Жорий йилнинг 3 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - Инвестициялар ва ташқи савдо вазири С. Умурзаков раҳбарлигида инвестиция ва экспорт фаолиятининг белгиланган параметрларини сўзсиз бажаришга қаратилган чора-тадбирлар ҳамда Республиканинг иқтисодиёти ва инвестиция муҳитига коронавирус пандемиясининг салбий оқибатларини минималлаштириш муҳокама қилишга бағишланган видеоконференция шаклида йиғилиш бўлиб ўтди.
Видеоконференция алоқада, шунингдек Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Транспорт вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси раҳбарлари ҳамда Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари, вилоятлар, Тошкент шаҳри ҳокимликлари ва Қорақалпоғистон Республикаси раҳбарлари ҳам иштирок этишди.
Видеоконференция давомида қатнашчилар ҳозирги шароитда дуч келаётган муаммолар, хусусан, эпидемиологик вазият туфайли экспорт шартномаларини бажармай қолиш хавфи ва инвестиция лойиҳаларини амалга оширишдаги кечикишларни муҳокама қилдилар. Ҳудудлар ва тармоқларда экспорт салоҳиятини ривожлантириш бўйича Республика комиссиясининг Хоразм, Фарғона, Андижон, Наманган ва Сурхондарё вилоятларида амалга оширган фаолияти давомида ушбу қийинчиликларнинг аксарият тадбиркорларда мавжудлиги аниқланди.
Уларни ечиш учун идоралараро ҳамкорликнинг мутлақо янги, ностандарт форматини жорий этиш орқали элчихоналар, тегишли вазирликлар ва маҳаллий ҳокимликлар фаолиятини синхронлаштиришни таъминлаш зарурлиги таъкидланди. Мавжуд глобал эпидемиологик вазиятни ҳисобга олган ҳолда, Ташқи ишлар вазирлигини халқаро ҳамкорлик ҳамда Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари учун масъул бўлган асосий орган сифатида жалб этишни кучайтириш муҳимлиги таъкидланди.
Масъул органларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш зарур бўлган аниқ йўналишлар белгилаб олинди: транспорт ва логистика соҳасидаги чекловлар билан боғлиқ тадбиркорларнинг муаммоларини ҳал қилиш, инвестиция лойиҳаларини ўз вақтида амалга оширишни таъминлаш мақсадида хом ашё ва хорижий мутахассисларни Ўзбекистонга юбориш, ватандошларни қайтариш, молиявий-техник ва грант ҳамкорлик соҳасида ҳамкор-давлатлар ҳукуматлари, халқаро ташкилотлар ва халқаро молия институтлари билан ҳамкорликни фаоллаштириш, шунингдек, олий даражадаги ташрифларга тайёргарлик кўриш жараёнида ҳамкор давлатлар билан инвестиция ва савдо-иқтисодий масалаларни ўрганишга диққатларини қаратишлари зарурлиги таъкидланди.
Шунингдек, Дипломатик ваколатхоналар раҳбарларига COVID -19 тарқалиши билан боғлик мавжуд вазиятни ҳисобга олган ҳолда, олий даражадаги ташрифлар доирасида эришилган келишувларнинг бажарилишини таъминлаш бўйича "Йўл хариталари"ни янгилаш ва уларнинг доимий мониторингини олиб бориш, вазирликлар ва идораларга эса тадбиркорлар ва экспортчиларнинг юзага келаётган муаммоларини ҳал қилишда ҳудудлар билан яқиндан ишлашни давом эттириш топшириғи берилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги