Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Элмира Боситхонова мамлакат аҳолиси, хусусан хотин-қизларига мурожаат йўллади

2020-03-27 | Жамият

Азиз юртдошлар, қадрли аёллар, опа-сингиллар!

Маълумки, бутун дунёда инсоният учун умумий бир синов даври кечмоқда. Коронавирус пандемияси тиббиёт тилида айтганда, ўз геометрик прогрессиясида тарқалиб, одамларни безовта қилмоқда. Афсуски, дунёнинг кўп давлатлари қаторида Ўзбекистон халқи ҳам бу синовдан четда қолмади.
 
Президентимиз Шавкат Мирзиёев халқимизга мурожаат қилиб айтганларидек, Яратганнинг бу каби синовлари миллати, тили ва динидан қатъи назар давлатлару халқларнинг бошига тушиши мумкин. Ҳеч ким ва ҳеч бир ва ҳатто қудратлиман, деган давлатлар ҳам бундан ҳимояланмаган.
 
Мен халқимиз аёлларига, 34 миллионлик аҳолимизга, юртимизда яшаётган ва балки бошқа давлатларда умргузаронлик қилаётган азиз опа-сингилларимизга мурожаат қилмоқчиман!
 
Азизлар!
 
Аёл жасорати, унинг оқилона чоралари, тартиб-интизом ва қоидаларга амал қилиш фазилати, ён-атрофидагиларга меҳрибонлик билан ёндашуви, унинг қанчалар шафқатли бўлмасин, халқи, оиласи, фарзандлари бошига иш тушганда қатъий ва мустаҳкам қарорлар қабул қила олиши, шу қатъият ичига яширинган меҳри азал-азалдан дунёни қутқариб келган.
 
Оғир даврларда 5 нафар боласи ҳам жанг майдонларида қолиб кетганида вазмин турган зот бу Она, бу аёлдир!
 
Бор-будини ғалаба учун сарфлаган, охирги бурда нонини бошқалар билан баҳам кўрган ҳам аёл зотидир!
 
Етим болаларни асраб олишдек маърифий ташаббусни илгари сурган, нафақат мунислик, балки жасорат ва матонат тимсоли ҳам бўла олган зот, мана шу аёл зотидир!
 
Бугун коронавирус пандемияси бизни безовта қилиб турган бир пайтда кўпни кўрган маҳалла фаоллари, кайвони оналаримиз, муҳтарама аёлларимиз, қўйингки, барчамиз қуйидаги қоидаларга амал қилайлик:
 
Аввало, ўз соғлигимизни асраган ҳолда, синовларда сабр қилайлик, ваҳимага берилмайлик!
 
Муҳтарам Президентимиз ва ҳукуматимиз томонидан коронавирус касаллигига қарши олиб борилаётган умуммиллий ва умумсиёсий ишларни тўғри қабул қилайлик!
 
Ўз оиламиз, болаларимиз билан уйимизда, ишхонамизда ва борадиган жойларимизда, карантин жорий қилинган ҳолатларда қатъи талабларга риоя этайлик!
 
Шифокорлар тавсияларига амал қилайлик! Тобимиз қочса, ўзимиз шифокорга мурожаат қилайлик! Шу мураккаб вазиятдан оддий соғлом турмуш тарзига риоя этиш билан инсон ўзини асраб қолиши мумкинлигини тушуниб етайлик!
 
Биз оддий, кичик, маиший, глобал бўлмаган, деб баҳолаган омилларимиз аслида, умуммиллат саломатлигини сақлашда катта роль ўйнашини ёдда тутайлик!
 
Энг муҳими, касалликнинг тарқалишига сабабчи бўлиб қолмайлик!
 
Кексаларимиз, нуронийларимиз, ёрдамга муҳтож юртдошларимизга ҳар қачонгидан кўра ғамхўр ва эътиборли бўлайлик! Имконияти чекланган қўни-қўшниларимиз, маҳалладошларимизнинг ош-овқати ва дори-дармонидан хабардор бўлиб, муруввату саховат ёрдамларини кўрсатайлик!
 
Ижтимоий тармоқларда ўзбек халқининг маърифий қиёфасини кўрсатиш асносида ваҳимали, тушкунликка туширадиган ва инсон кўнглига озор берадиган сўзларни сўзлашдан тийилайлик!
 
Эндигина туғилган болажонларимиз, вируслардан хабарсиз, ўз хаёлида варрак учиришни орзу қилиб турган ўғиллару қизалоқларимиз, эндигина барқ уриб ҳаётга кириб келаётган фарзандларимиз, ёшларимизнинг келажаги учун биз ОНАлар, АЁЛлар ўз салоҳиятимизни ишга солайлик!
 
Яратганнинг Ўзи аёл зотига берган энг устувор фазилатларимизни, дуоларимизни, куч ва ғайратимизни шу кунларда омон-эсон ўтиб олишга, синовларни енгиб, байрамли кунларга етишга сафарбар қилайлик!
 
Халқимиз қадимдан таъкидлаганидек, “Ҳар ёмондан бир яхшилик топиб” карантин даврида уйимизда болаларимиз билан китоб ўқийлик, уларнинг орзуларини чуқурроқ билиб олайлик! Болаларимизга Яратган берган жисму жонни, соғликни, она-табиатни, она сайёрамизни асраш ИНСОНнинг вазифаси эканлигини уқтирайлик!
 
Коронавирусни енгиб, қуёшли кунларга чиқиб, ҳаётнинг, Ватаннинг, бир-биримизнинг қадримизга етиб, байрамлар қилиш насиб этсин!
 
Барчага соғлик, оилавий хотиржамлик, юртимизга тинчлик-омонлик тилайман!
 
Элмира Боситхонова, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг
 
биринчи ўринбосари

Манба: ЎзА

Поделиться