Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
"Биз оиламиз билан уйдамиз. Илтимос сиз ҳам уйингизда бўлинг!" Фуқаролар бирдамликка чорлашмоқда
2020-03-26 | Соғлиқни сақлаш
Бугун дунёга хавф солиб турган коронавирус касаллигининг мамлакатимизда тарқалишининг олдини олиш ҳамда аҳолининг осойишталигини таъминлаш мақсадида бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Тиббиёт ходимлари томонидан ушбу касалликка чалинмасликнинг биринчи шарти сифатида шахсий гигиена талабларига қатъий риоя қилиш, бошқа вирусли касалликларга чалинган шахслар билан мулоқотни чеклаш, жамоат жойларига имкон қадар бормаслик, қисқаси фуқаролар имкон қадар яшаш уйларида бўлишлари таъкидланмоқда.
Республика Махсус комиссиясининг қарорига асосан қасалликнинг бошқа ҳудуд ва фуқароларга тарқалишини олдини олиш мақсадида бир қатор чекловлар жорий этилди. Жумладан, барча таълим муассасалари бир қатор корхона ва муассасалар иш фаолияти вақтинча тўхтатилиб, уларга ўқиш ва меҳнат таътиллари берилди. Ўз навбатида таътилга чиққан ўқувчиларнинг дарслари онлайн масофавий тарзда интернет ва Оммавий ахборот воситаларида мунтазам узатиб борилиши йўлга қўйилди. Шу билан бир қаторда илгари доимий иш билан банд бўлган оиладаги ёши катталар ҳам ёшлар билан ушбу қоидаларга амал қилган ҳолда оила даврасида бўлишлари тавсия этилмоқда. Сирдарё вилоятида маҳаллаларда аҳолининг уйда бўлишлари, зарурат бўлмаганда кўчага чиқмасликлари юзасидан бир қатор профилактик тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда.
Жумладан, Сирдарё шаҳрида яшовчи ички ишлар идораси фаҳрийси, истеъфодаги полковник Эрминжон хожи Асқаров ҳам ҳозирда набираларининг таътилини биргаликда ўтказмоқда.
"Ҳақиқатдан ҳам ушбу Коронавирус пандемияси бутун дунёни ларзага солмоқда. Дастлаб Хитойда бошланган ушбу вирус қора вабо каби дунёнинг 160 дан ортиқ мамлакатига тарқалди, шу жумладан жонажон ватанимизга ҳам унинг оёғи етиб келди. Муҳтарам Президентимиз саъй-ҳаракатлари билан ушбу касалликнинг республика ҳудудида тарқалиб кетишининг олдини олиш мақсадида, вирус аниқланган кундан бошлаб кечиктириб бўлмас чора тадбирларни амалга ошириш юзасидан тегишли идораларга топшириқлар бердилар. Тиббиёт ходимлари томонидан эса "Биз сиз учун ишда қолдик. Сиз биз учун уйда қолинг" деган чақириқ билан чиқишди. Биз ҳам оиламиз номидан вилоятимиз аҳолисини ушбу синов даврида "Биз оиламиз билан уйдамиз. Илтимос сиз ҳам уйингизда бўлинг!" деган шиор билан чақирамиз.
Ҳозирда биз ҳам оилада набираларнинг таътил вақтини мазмунли ўтказишлари учун уларга бадиий ва дарслик китобларини ўқитяпмиз, баҳор мавсуми келганлиги сабабли томорқага ишлов беришни ўргатяпмиз, уларни ушбу синовли кунларда сабрли бўлишларини уқтиряпмиз. Яратгандан ушбу касалликка чалинган инсонларнинг соғайиб кетишини тилаб қоламиз" деди Эрминжон хожи Асқаров.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ички Ишлар Вазирлигининг Йўл Ҳаракати Хавфсизлиги Бош Бошқармаси