Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Хусусий профессионал футбол мактабларини ташкил этиш тўғрисидаги қарор лойиҳаси муҳокамага қўйилди

2020-03-25 | Спорт

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг “Хусусий футбол мактаблари ва хусусий профессионал футбол мактабларини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамалари порталига жойлаштирилди. Қуйида қарор лойиҳаси билан тўлиқ танишишингиз мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистонда футболни ривожлантиришни мутлақо янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2019 йил 4 декабрдаги ПФ–5887-сон Фармонида белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлаш, шунингдек, хусусий футбол мактаблари ва хусусий профессионал футбол мактаблари фаолиятини тартибга солиш ва янада ривожлантириш, халқаро стандарт ва талаблар асосида мамлакат терма жамоалари учун профессионал даражадаги футболчиларни тайёрлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Хусусий футбол мактаблари ва хусусий профессионал футбол мактаблари (кейинги ўринларда футбол мактаблари деб аталади) тўғрисида низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Футбол мактабларининг асосий йўналиш ва вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:

иқтидорли болалар ва истеъдодли ёшларни аниқлаш, уларни қўллаб-қувватлаш орқали спорт тайёргарлигининг юқори сифатини таъминлайдиган қулай шарт-шароитларни яратиш;

илғор халқаро тажрибаларни инобатга олиб, спортчилар тайёрлашнинг замонавий илмий ютуқлари ва инновацион технологиялардан фойдаланиш асосида жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги самарадорлик ва натижавийликни ошириш;

спорт захирасини сифатли тайёрлаш учун зарур ташкилий, ўқув-методик, моддий-техник ва психологик-педагогик шарт-шароитларни таъминлаш;

ўқув-тарбия жараёнининг соғломлаштирувчи йўналишларини амалга ошириш учун шарт-шароитларни яратиш, соғлом турмуш тарзи нормаларини жорий этиш.

3. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра:

футбол мактабларининг фаолияти Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан Ўзбекистон футбол ассоциацияси билан ҳамкорликда ташкил этиладиган Хусусий футбол мактаблари ва хусусий профессионал футбол мактаблари фаолиятини ташкил этиш комиссиясининг (кейинги ўринларда Комиссия деб аталади) ижобий хулосаси асосида ташкил этилади;

футбол мактабларини фаолият юритиши учун қўйиладиган минимал талаблар Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан тасдиқланади;

футбол мактабларининг фаолият юритишлари учун Комиссиянинг ижобий хулосаси икки йил муддатга берилади.

4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Адлия вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда Комиссиянинг ижобий хулосасига эга бўлмаган футбол мактабларининг фаолиятини тўхтатиш юзасидан зарур чораларни кўрсин. 

5. Белгилаб қўйилсинки, футбол мактаблари:

ўз фаолиятини футболчилар тайёрлаш дастури ва талаблар асосида амалга оширади;

амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга қатъий риоя қилган ҳолда юқори малакали футбол тренерлари билан таъминлаш, ўқув-машқ жараёнини ташкил этиш учун зарур шарт-шароитларни яратиш чораларини кўради;

футболчиларни тайёрлаш тўлов шартлари, томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда бошқа шартлар белгиланган шартномага мувофиқ уларнинг ота-оналари ёки бошқа қонуний вакиллари билан ўзаро муносабат ўрнатади;

ўз фаолиятини аҳолига пуллик хизматлар кўрсатиш, хайрия жамғармалари, грант маблағлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштиради.

6. Футбол мактаблари ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг қобилиятли ва иқтидорли фарзандларини танлов асосида футбол мактабидаги жами ўқувчилар умумий сонининг 10 фоизидан кам бўлмаган миқдорда, пуллик хизматларни кўрсатиш эвазига келиб тушган даромадлар ҳисобидан, футбол мактабига бепул қабул қилиши белгилаб қўйилсин. Кейинги йилларда шуғулланувчиларни бепул шуғулланишини давом эттириш бўйича қарор футбол мактаби томонидан шуғулланувчининг оилавий шароити ва унинг спортдаги натижаларидан келиб чиққан ҳолда қабул қилинади.

7. Футбол мактабларига, истисно тариқасида, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан ҳар йили кўчмас давлат мулкидан фойдаланганлик учун ижара тўловининг энг кам ставкаларини қўлламаган ҳолда давлат мулкини ижарага бериш марказлари иштирокисиз балансида спорт иншоотлари бўлган бюджет ташкилотлари билан тўғридан-тўғри ижара шартномалари тузишга рухсат берилсин.

8. Футбол мактабларига илғор хорижий тажрибаларни инобатга олган ҳолда қуйидагилар тавсия қилинсин:

футбол бўйича ўқув-машқ жараёнини замонавий инновацион технологияларидан фойдаланган ҳолда ташкил этиш;

замонавий илмий ютуқлар ва амалий тажрибаларни жорий этиш учун ўқув-машқ жараёнига хорижий тренер ва мутахассисларни жалб қилиш.

9. Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

10. Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси ва Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигига мазкур қарорнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш ҳамда аҳолига етказиш тавсия этилсин.

11. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси А.Абдухакимов ва Ўзбекистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт вазири Д.Набиев зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири
Абдулла Арипов

Манба: Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги

Поделиться