Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Гидроэнергетикада янги қувват ишга туширилди
2020-03-24 | Иқтисодиёт
Бўзсув каналида жойлашган ГЭС-14 да модернизация ишлари якунланди. Бу ГЭСнинг умумий қувватини 15 МВтга етказиш имконини беради.
Президентимизнинг 2018 йил 4 январдаги ПҚ-3463-сонли Қарори асосида Хитойнинг “Power Construction Corporation of Cina Ltd” корхонаси томонидан пойтахтдан унча узоқ бўлмаган Зангиота туманида оқиб ўтувчи Бўзсув каналида жойлашган ГЭС-14 нинг модернизация ишлари олиб борилди.
Маълумки, ушбу ГЭС-14 узоқ 1940 йилда ҳашар йўли билан барпо этилган. ГЭСнинг умумий қуввати 13,2 МВт га эга эди. ГЭСда 2 та гидроагрегат ўрнатилган бўлиб, узоқ йиллар мобайнидаги эксплуатация натижасида жисмонан ва маънан эскирган ҳолатда белгиланган қувватларда ўз фаолиятини давом эттира олмас эди.
Белгиланган режага кўра, модернизация якуни бўйича ГЭС-14 да ҳар бирининг қуввати 7,5 МВт бўлган иккита агрегат ўрнатилади ҳамда ГЭСнинг умумий қуввати 15 МВт га етказилади. Ушбу гидроагрегатлар электр энергияни сув кам бўлган даврда ҳам ишлаб чиқариш имконига эга бўлади.
Жамият тизимидаги “Қуйи Бўзсув ГЭСлар каскади” таркибидаги ГЭС-14 да олиб борилган жадал модернизация ишлари натижасида ГЭСдаги иккинчи гидроагрегат тўлиқ таъмирдан чиқарилди. Гидроагрегат комплекс синовлардан ўтказилиб, ишга туширилди.
Таъкидлаш жоизки, ушбу ГЭС-14 нинг тўлиқ қувватларда ишга туширилиши мамлакат иқтисодиёти, саноат корхоналари ривожи, халқ фаровонлиги йўлидаги муҳим ютуқлардандир.
Гидроэнергетика соҳасининг тараққиёти мамлакатимизда электр энергияси ишлаб чиқариш қувватларини ошириш билан бирга, янги ГЭСлар қурилаётган, модернизация қилинаётган гидротехник иншоотлар ҳудуди аҳолисининг турмуш фаровонлигини ошишига, ишлаб чиқариш субъектларининг электр қувватлари билан таъминланишига, том маънода, ҳудуд ободлигига замин яратади.
“Ўзбекгидроэнерго” АЖ Ахборот хизмати
Манба: Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги