Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
ХОҚ Токио-2020 Олимпия ўйинларининг ўтказилиши ва лицензияларнинг тақсимоти бўйича баёнот берди
2020-03-20 | Спорт
Бутун дунё бўйлаб тарқалиб бораётган ва инсон саломатлиги учун катта хавф туғдираётган коронавирус пандемияси тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақаси Токио-2020 Олимпия ўйинларининг ўтказилишига таъсир кўрсатиши мумкин.
Аммо, шу кунларда кўплаб спорт ва маданий тадбирлар бекор қилинаётган бўлса-да Халқаро Олимпия қўмитаси Токио-2020 ёзги Олимпия ўйинларини ўз вақтида ўтказмоқчи. Бу ҳақда ташкилот расмий баёнот билан чиқди.
Баёнотга кўра, бўлажак Олимпия ўйинлари белгиланган санада ўтказилади, фақат бунда ташкилий қўмита 2 та энг муҳим шартга амал қилади:
1. Олимпия ўйинларида иштирок этадиган ҳар бир спортчи, делегация аъзоларининг хавфсизлигини таъминлаш;
2. Олимпия спорт турлари ва атлетлар манфаатини ҳимоя қилиш.
“Айни пайтга келиб мусобақанинг 57 фоиз йўлланмалари ўз эгаларини топиб бўлган ва қолган 43 фоиз лицензиялар тақсимоти қуйидаги тартибда амалга оширилади:
1. Қўлга киритилган квоталар МОҚ ва спортчилар ҳисобида қолади.
2. Режалаштирилган квалификацион турнирлар ҳар бир жамоа ва спортчилар учун қулай ва хавфсиз муҳит юзага келганида адолатли амалга оширилади.
3. Саралаш тизимидаги ҳар қандай ўзгаришлар қуйидагиларга асосланади:
– Шу вақтгача бўлган натижалар (аввалги кўрсаткичлар, миллий федерациялар рейтинги ва ҳоказо);
– Мавжуд танлов тамойиллари (континентал ва минтақавий мусобақалар, қўлга киритилган рейтинглар ва бошқалар). Қолган квоталар истисно ҳолатларида Токио-2020 ташкилий қўмитасининг кўриб чиқиши билан тақсимланиши мумкин.
Юқорида келтириб ўтилган тамойилларга мувофиқ миллий федерациялар ҳар бир спорт турининг саралаш тизимидаги камчиликлари бўйича алоҳида таклифлар киритиши мумкин. Ҳар қайси ўзгаришлар (ҳар бир спорт тури учун) 2020 йил апрель ойининг бошигача эълон қилинади”, дейилади расмий баёнотда.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги