Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Президент коронавирус билан боғлиқ вазият бўйича халққа мурожаат қилди

2020-03-18 | Сиёсат

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 18 март куни маҳалла ва оила масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишининг бошида коронавирус муаммосига тўхталиб ўтди.

Бугунги кунга келиб ушбу хавфли инфекция 160 дан ортиқ мамлакатда тарқалди. Дунё миқёсида касалланганлар сони 190 минг нафарга етди, 7,5 минг ўлим ҳолати қайд этилди, 81 мингдан зиёд бемор тузалди. Эпидемия кенг ёйилиб кетгани сабабли Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти уни пандемия деб эълон қилди.

Минг афсуски, бу юқумли хасталик мамлакатимизни ҳам четлаб ўтмади. Бугунги кунда юртмизда унга чалинган беморлар сони 15 нафарга етди.

Бу вазият олдиндан тўғри баҳоланиб, Президентимиз топшириғига мувофиқ Республика махсус комиссияси тузилган эди. Шу боис Ўзбекистонга касалликнинг оммавий кириб келиши ва кенг тарқалишининг олди олинди.

Ҳозирда 6 мингга яқин киши карантинга олинган. Одамлар гавжум жойларда оммавий тадбирлар чекланган. 16 мартдан бошлаб барча таълим даргоҳларида таътил эълон қилинди. 80 минг талаба марказлашган ҳолда уйларига жўнатилди.

Ҳар бир ҳудудда ҳокимлар раҳбарлигида махсус штаблар ташкил этилган. Эпидемиологик вазият бўйича ҳар соатлик ва кунлик маълумот таҳлил қилиниб, тезкор чоралар кўрилмоқда.

Тиббиёт муассасалари фавқулодда иш режимига ўтказилди. Сиҳатгоҳ ва оромгоҳлар карантин муассасалари сифатида мослаштирилди. Тиббиёт масканлари дори-дармон, ҳимоя ва диагностика воситалари билан етарли даражада таъминланди. Бунинг учун бюджетдан зарур маблағлар ажратилди.

Хориждаги юртдошларимиз чартер авиарейслари орқали Ватанимизга қайтарилмоқда. Чегараларда ҳаракат чекланди, аммо транспортда юк ташиш тўхтатилгани йўқ. Мамлакатимизга кўплаб хорижий ва маҳаллий юк ташувчилар кирмоқда ҳамда чиқиб кетмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев вазият тўлиқ назорат остида эканини алоҳида таъкидлаб, халқимизга мурожаат қилди. 

– Бу ҳаётнинг кўп оғир синовларини ва яхши-ёмон кунларини бошидан кечирган халқимиз ҳаммасини тўғри тушуниб, масалага онгли ёндашмоқда. Муфтият раҳбарлигида диний уламолар юртимизга тинчлик-хотиржамлик, беморларга шифо тилаб, дуои фотиҳалар қилишмоқда. Миллати, тили ва динидан қатъи назар, ҳаммамиз якдилмиз ва, ишонамизки, бу қийинчиликлар, албатта, ўтиб кетади.

Бунинг учун биринчи навбатда шифокорлар тавсияларига амал қилиб, шахсий гигиена ва санитария қоидаларига ҳар биримиз ўз оиламиз, болаларимиз билан уйимизда, ишхонамизда ва борадиган жойларимизда қатъий амал қилишимиз зарур. Касалликни яширмасдан, ўз вақтида мурожаат қилиш унинг олдини олишда энг самарали чорадир.

Иккинчидан, озиқ-овқат ва бошқа кундалик истеъмол маҳсулотларининг нархи ошиб кетмаслиги учун барча чоралар кўрилмоқда. Давлат солиқ қўмитаси, Бош прокуратура ҳузуридаги департамент бу борадаги ишларни кучайтириши керак.

Мамлакатимизда етарли даражада захира мавжуд, хавотир ёки ваҳимага тушишга ҳеч қандай асос йўқ. Аммо кўпга келган бу балога қарши ҳаммамиз биргаликда, бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилишимиз лозим.

Барча давлат тузилмалари ва нодавлат ташкилотлар, муҳтарам нуронийларимиз, маҳалла ва хотин-қизлар, ёшлар бирлашмалари фаоллари оммавий ахборот воситалари орқали холис ва ҳаққоний, кенг тушунтириш ишларини кучайтиришига ишонаман.

Учинчидан, мажбурий таътил пайтида фарзандларимиз ўқув машғулотларини давом эттиришлари учун Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси билан биргаликда видеодарслар туркуми йўлга қўйилди.

Телерадиоканалларимиз ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш учун тарихимиз, бой маданиятимизга оид кўрсатув ва эшиттиришлар, ёшларимиз учун фойдали ва қизиқарли бадиий дастурлар, кинофильмларни кўпайтириши лозим.

Ҳурматли ота-оналаримиз ўз фарзандларини жаҳон ва миллий адабиётимизнинг энг ёрқин намуналари билан таништиришга ҳаракат қилсалар айни муддао бўларди.

Яна бир муҳим масалага эътиборингизни қаратмоқчиман. Ҳозирги вазиятда айрим масъулиятсиз, ҳақиқий ҳолатдан бехабар ва ўзини “пиар қилиш”ни яхши кўрадиган одамлар турли миш-миш ва уйдирмаларни тарқатишга уринади.

Шу муносабат билан жамоатчилигимиздан илтимос қиламан: саросима ёки ваҳима кайфиятига берилмаслик керак. Матбуот ва ижтимоий тармоқларда нотўғри, асосланмаган маълумотларни тарқатишга йўл қўймаслигимиз зарур. Бу масалани ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳам алоҳида назоратга олиши лозим.

Азиз ватандошлар!

Коронавирус пандемиясининг бутун дунё мамлакатлари қатори бизнинг ҳам иқтисодиётимизга салбий таъсири бўлиши табиий.

Сўнгги икки ҳафтада жаҳон бозорида нефтнинг нархи (бир баррель 60 доллардан қарийб 30 долларга) кескин пасайиб кетгани оқибатида газ экспортимиз тушумлари қисқариши мумкин.

Хориждаги асосий савдо ҳамкорларимизнинг миллий валюталари қадрсизланиши республикамизга ҳам, албатта, валюта тушумини камайтиради.

Хорижий туристлар сони ва тушум миқдори камайиши мумкин. Булар, табиийки, ялпи ички маҳсулот ва экспорт ҳажмига таъсир қилмасдан қолмайди.

Менинг топшириғимга мувофиқ, Махсус ишчи гуруҳ туризм, транспорт, фармацевтика ва енгил саноат каби соҳаларга солиқ таътиллари бериш, кредитларни қайтариш муддатини кечиктириш, кечиктирилган ташқи қарздорлик учун жарима қўлламаслик тартибини жорий қилиш чораларини кўрмоқда.

Ҳукумат қийин аҳволга тушиши мумкин бўлган соҳа ва тармоқларни, йирик корхоналарни қўллаб-қувватлаш бўйича алоҳида чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиб, амалга ошириши зарур.

Бу жараёнда, аввало, молия ва хомашё бозорида беқарорлик юзага келишига йўл қўймаслик лозим.

Иккинчидан, молиявий барқарорликни сақлаш ҳамда бозорларда нарх-навонинг ўсишини олдини олиш зарур.

Учинчидан, иқтисодиётимизнинг базавий ва ҳал қилувчи тармоқлари узлуксиз ишлашини сақлаб қолиш керак.

Бунинг учун ҳар бир тармоқ, корхона ва ҳудуд кесимида манзилли ва аниқ тадбирларни амалга ошириш лозим бўлади.

Тўртинчидан, марказдан ҳудудий бюджетларни ва аҳолимизни қўллаб-қувватлаш асосий вазифаларимиз бўлиши шарт.

Бутун халқимиз аниқ билиши керак: биз коронавирусга қарши кураш фаолиятини ошкоралик тамойиллари асосида олиб боряпмиз.

Жаҳон жамоатчилигини ҳам, халқимизни ҳам вақтида хабардор этиб боряпмиз. Керакли чораларни янада кучайтирамиз.

Бугун мен икки қўшни давлат – Қозоғистон ва Туркманистон раҳбарлари Қасим-Жомарт Тоқаев ҳамда Гурбангули Бердимуҳамедов билан телефон орқали мулоқот қилиб, бу борадаги ўзаро ҳамкорлик, бир-биримизни қўллаб-қувватлаш борасидаги барча масалаларни келишиб олдик.

Кўпни кўрган халқимиз янада жипслашиб, аҳил ва ҳамжиҳат бўлиб, бу мураккаб синовларни ҳам енгиб ўтади, деб ишонаман.

Яна бир муҳим масалага барча мутасаддиларнинг эътиборини қаратмоқчиман.

Сўнгги йилларда санитария-эпидемиология масаласига жиддий аҳамият бермоқдамиз. Ҳозирда юртимизда 2 та республика даражасидаги шифохона, 14 та вилоят юқумли касалликлар шифохоналари, 216 та ҳудудий санитария-эпидемиология муассасалари фаолият кўрсатмоқда.

Бироқ, кейинги 25 йил давомида умуман эътибор бермаганимиз учун аксариятининг моддий-техник базаси, айниқса, лабораторияси, тиббий анжом ва жиҳозлари ачинарли ҳолатга келиб қолгани ҳам айни ҳақиқатдир.

Шу сабабли, бугунги кунда республика санитария-эпидемиология хизматини тубдан ислоҳ қилиш ва фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича ишчи гуруҳ томонидан алоҳида қарор лойиҳаси тайёрланмоқда.

Мазкур хизматнинг асосий фаолияти тиббий ва санитар барқарорлик, жамоат саломатлигини таъминлаш, касалликлар профилактикаси ва соғлом турмуш тарзини ташкил этишга қаратилади.

Бунинг учун вилоят ҳокимлари жойлардаги санитария-эпидемиология муассасаларини бирма-бир айланиб, лаборатория-диагностика, тиббий восита ва жиҳозлар билан таъминланганлик даражаси, кадрлар салоҳияти, ойлик маоши каби муаммоларни чуқур ўрганиши зарур.

Ички молиявий имкониятлар асосида уларни йил охирига қадар бартараф этиш, захиралар шакллантириш бўйича алоҳида дастурлар ишлаб чиқиб, бажариш лозим.

Бош вазир республика даражасидаги ва Тошкент шаҳридаги муассасаларни бирма-бир жойига чиқиб ўрганиш ва зарур чора-тадбирлар қабул қилиниши ҳамда ижроси учун шахсан масъул бўлади.

Асосий масала – моддий-техник базани мустаҳкамлаш, кадрларни ўқитиш, илм-фанни ривожлантириш, аҳоли саломатлиги учун маблағни аямаслигимиз зарур.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти

Поделиться