Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
“Тошкент” автовокзалидан вилоятларга қўшимча автобус қатновлари қўйилмоқда
2020-03-16 | Жамият
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати раҳбариятининг топшириғига биноан, жорий йил 16 мартдан барча таълим муассасаларида, жумладан, коллеж, лицей ва олий таълим муассасаларида муддатдан олдин таътил эълон қилинди ва ўқишлар тўхтатилди. Шуни инобатга олган ҳолда талабалар ва йўловчиларнинг ўз вақтида манзилларига етиб олишини таъминлаш бўйича Транспорт вазирлиги зарур чораларни кўрмоқда.
Хусусан, “Тошкент” автовокзалидан кунига шаҳарлараро 17 та йўналиш бўйича 35 та қатнов орқали 1800 нафар йўловчи ташилган бўлса, йўловчилар оқимининг бирдан ортиши сабаб 15 март кунидан “Uzautotrans service” корохонаси яна қўшимча 35 та қатновни йўлга қўйди. Жами 70 та қатнов орқали ҳозирда 4000 га яқин йўловчиларга хизмат кўрсатилмоқда.
Республикамиз вилоятларига борувчи йўловчиларга қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида “Тошкент” автовокзали 24 соат давомида фаолият юритмоқда. Йўловчилар оқимидан келиб чиққан ҳолда “Тошкент” автовокзалидан шаҳарлараро йўналишларда яна қўшимча автобуслар қатнови жорий этилишини маълум қиламиз.
Манба: Ўзбекистон Республикаси транспорт вазирлиги