Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ўзбекистон Республикасининг қурилиш соҳасида ислоҳотларни чуқурлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида​

2020-03-16 | Ҳужжатлар

​Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони

Қурилиш соҳасида ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, бюрократик тўсиқларни камайтириш, инновацион ғоялар, ишланмалар ва илғор ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, шунингдек, қурилишнинг барча босқичларида шаффофликни таъминлаш мақсадида:

1. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

а) қуйидаги шартлар бажарилган тақдирда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида 2028 йил 31 декабрга қадар шаҳарсозлик фаолияти соҳасида техник жиҳатидан тартибга солишга доир миллий норматив ҳужжатлар билан бир вақтда, шу жумладан, лойиҳа ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш босқичида 1-иловада келтирилган хорижий норматив ҳужжатлар қўлланишига рухсат этилади:

маҳаллий лойиҳа-қидирув ташкилотларини жалб этган ва миллий норматив ҳужжатларга номутаносиб бўлган қисмлар учун компенсацияловчи чораларни таъминлаш бўйича махсус техник шартларни ишлаб чиққан ҳолда, хорижий норматив ҳужжатлар асосида ишлаб чиқилган лойиҳа ҳужжатларининг мослаштирилиши;

зарур ҳолларда мослаштирилган лойиҳа ҳужжатларини кўриб чиқиш учун ваколатли орган томонидан жалб қилинган мустақил хорижий мутахассислар ва консультантлар хизматлари учун тўлов харажатлари, ушбу ҳужжатларни кўриб чиқиш натижаларидан қатъий назар, буюртмачи (инвестор) томонидан қопланиши;

б) 2020 йил 1 июлдан:

солиқ ва статистика ҳисоботлари маълумотлари (иш тажрибаси, ходимлар, шу жумладан, малакали мутахассислар сони, асосий воситалар ҳажми, олинган даромадлар ва тўланган солиқлар, иш ҳақи тўлаш фонди ва бошқа мезонлар) асосида автоматик тарзда шаклланадиган лойиҳа-қидирув ташкилотларининг электрон рейтинги жорий этилади;

в) 2020 йил 1 сентябрдан:

солиқ ва статистика ҳисоботлари маълумотлари (иш тажрибаси, ходимлар, шу жумладан, малакали мутахассислар сони, асосий воситалар ҳажми, олинган даромадлар ва тўланган солиқлар, иш ҳақи тўлаш фонди ва бошқа мезонлар), шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги ҳузуридаги Қурилиш соҳасида назорат инспекцияси маълумотлари (қурилиши тугалланган объектлар ҳажми, шаҳарсозлик қонунчилигини бузиш ҳолатларини бартараф этиш тўғрисидаги бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмаларнинг мавжудлиги ва уларнинг ижроси ҳамда бошқа мезонлар) асосида қурилиш ишлари ҳажмлари ва объектларига мувофиқ табақалаштирилган ҳолда автоматик тарзда шакллантириладиган қурилиш-пудрат ташкилотларининг электрон рейтинги жорий этилади;

г) 2021 йил 1 январдан:

қурилиш соҳасидаги давлат харидлари доирасида харид тартиб-таомиллари, лойиҳа-қидирув ва қурилиш-пудрат ташкилотларининг харид тартиб-таомилларида белгиланган малака талабларига мувофиқлигини баҳолашда уларнинг электрон рейтинги маълумотларидан фойдаланиш ва бошқа электрон тизимлар билан интеграциялаш имкониятини ҳисобга олган ҳолда, электрон шаклда онлайн режимида амалга оширилади;

қурилиш соҳасида ўтказиладиган давлат харидларида электрон рейтингларга киритилган ва тегишли мезонлар (иш тажрибаси, молиявий барқарорлиги, штатида малакали ходимларнинг мавжудлиги ва бошқа мезонлар) бўйича ижобий кўрсаткичларга эга бўлган лойиҳа-қидирув ва қурилиш-пудрат ташкилотларнинг иштирок этишига йўл қўйилади;

давлат харидларида иштирок этиш учун рухсат беришда электрон рейтингларга киритилган ва тегишли мезонлар бўйича ижобий кўрсаткичларга эга бўлган лойиҳа-қидирув ва қурилиш-пудрат ташкилотларнинг дастлабки малакавий баҳолашдан ўтиши, шунингдек, танлов (тендер) ҳужжатларининг умумий ва техник қисмларини тақдим этиши талаб этилмайди;

давлат буюртмачилари ва давлат харид субъектлари маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган объектларнинг лойиҳа ҳужжатлари комплекс экспертиза ўтказиш учун белгиланган муддатларда энергия самарадорлиги талабларига мувофиқлиги бўйича мажбурий тартибда экспертизадан ўтказилиши шарт;

қурилиш соҳасидаги давлат харидлари доирасида харид тартиб-таомилларида ғолиб деб топилган лойиҳа-қидирув ва қурилиш-пудрат ташкилотлари ишлар (хизматлар) нархининг камида ўттиз фоизини ўз кучи билан бажариши бўйича талаб жорий этилади.

2. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги ва Тошкент шаҳар ҳокимлигининг Тошкент шаҳрида хусусий тадбиркорлик субъектларини буюртмачи функциясини бажаришга жалб қилиш бўйича эксперимент (кейинги ўринларда – эксперимент) ўтказиш тўғрисидаги қуйидагиларни назарда тутувчи таклифига розилик берилсин:

Тошкент шаҳрида 2021-2022 йилларда лойиҳалаштирилиши ва қурилиши режалаштирилган 10 та қурилиш объектини танлаб олиш;

энг яхши таклифларни танлаб олиш натижаларига кўра хусусий тадбиркорлик субъектлари билан инжиниринг хизматларини кўрсатиш
(шу жумладан, техник назорат ва лойиҳа бошқаруви) юзасидан шартномалар имзолаш;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан экспериментда иштирок этувчи қурилиш объектлари ва хусусий тадбиркорлик субъектлари рўйхатининг тасдиқланиши.

Белгилаб қўйилсинки, эксперимент танлаб олинган объектларнинг қурилиш-монтаж ишлари якунланиб, улар фойдаланишга топширилгунига қадар амалга оширилади.

3. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги қошида давлат муассасаси шаклида Қурилишда техник меъёрлаш маркази (кейинги ўринларда – Марказ) ташкил этилсин.

4. Қуйидагилар Марказнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

қурилишда меъёрлаш тизимидаги ва инновацион технологияларни жорий қилишдаги муаммоларни ўрганиб бориш;

қурилиш соҳасидаги халқаро нормалар, қоидалар ва стандартларни ўрганиш ва таҳлил қилиш асосида миллий норматив ҳужжатларни улар билан уйғунлаштириш;

бинолар, иншоотлар ва уларнинг алоҳида элементларига бўлган хавфсизлик талабларини, шунингдек, бино ва иншоотларнинг энергия самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш;

норматив, шу жумладан, хорижий ҳужжатларнинг илмий-техник кутубхонаси ва электрон базасини ташкил қилиш ва юритиш;

хорижий ва халқаро ташкилотлар, консультантлар ва мутахассислар билан ҳамкорлик қилиш ҳамда уларни миллий норматив ҳужжатлар базасини такомиллаштиришга жалб қилиш.

5. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги қошидаги Қурилишда техник меъёрлаш марказининг бошқарув ходимлари чекланган сони 20 нафардан иборат тузилмаси 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Белгилаб қўйилсинки:

Марказ фаолияти Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари, Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси, ХМИ/ХҲМТнинг техник кўмак маблағлари (грантлари) ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади;

Марказ штат бирликлари тегишли вазирлик ва идораларнинг бошқарув ходимларини 2020 йилда мақбуллаштириш ҳисобидан жамланади.

6. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги икки ой муддатда 2020-2023 йилларда шаҳарсозлик фаолияти соҳасида техник жиҳатдан тартибга солишга доир миллий норматив ҳужжатларни ишлаб чиқиш
ва қайта кўриб чиқиш дастурини (кейинги ўринларда – Дастур) тасдиқласин.

Белгилансинки, Дастурни амалга ошириш доирасида:

миллий норматив, шу жумладан, идоравий ҳужжатларни ишлаб чиқиш, қайта кўриб чиқиш ва такомиллаштириш қурилиш соҳасида тажрибага эга бўлган хорижий компанияларни жалб этган ҳолда амалга оширилади;

тармоқ вазирликлари ва идоралари ишлаб чиқилган ва қайта кўриб чиқилган норматив, шу жумладан, идоравий ҳужжатларни тасдиқлашдан олдин уларнинг лойиҳаларини Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлигига келишиш учун мажбурий тартибда киритилишини таъминлайди;

тегишли вазирлик ва идораларга ажратиладиган бюджет маблағлари
ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа маблағлар норматив ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва қайта кўриб чиқиш ишларининг молиялаштириш манбалари ҳисобланади.

7. Шаҳарсозлик фаолияти соҳасида техник жиҳатдан тартибга солишга доир норматив ҳужжатларни ислоҳ қилиш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш (кейинги ўринларда – Мувофиқлаштирувчи кенгаш) 3-иловага мувофиқ ташкил этилсин.

Мувофиқлаштирувчи кенгаш (А.Раматов):

вазирлик ва идораларнинг норматив, шу жумладан, идоравий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва қайта кўриб чиқиш фаолияти мувофиқлаштирилишини;

вазирлик ва идораларнинг норматив ҳужжатлар, шу жумладан, техник топшириқлар ва танлов ҳужжатларини ишлаб чиқиш ҳамда қайта кўриб чиқиш бўйича йиллик ва узоқ муддатли дастурлари келишилиши ва уларнинг ижроси устидан тизимли мониторинг ўрнатилишини таъминласин.

8. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:

бир ой муддатда қурилиш тармоғини ислоҳ қилиш, шу жумладан, миллий норматив ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва қайта кўриб чиқиш бўйича ишларни самарали ташкил этиш мақсадида халқаро экспертлар
ва консультантларни жалб этишда Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлигига амалий ёрдам кўрсатсин;

2020 йилда миллий норматив ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва қайта кўриб чиқиш, шунингдек, халқаро экспертлар ва консультантлар хизматлари тўловини амалга ошириш учун бир ой муддатда Қурилиш вазирлигига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармаси маблағлари ҳисобидан 15 миллиард сўм ажратилишини таъминласин;

2021-2023 йиллар учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларини ишлаб чиқишда миллий норматив ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва қайта кўриб чиқиш учун зарур бўлган маблағларни ажратишни назарда тутсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Қурилиш вазирлиги уч ой муддатда илғор хорижий тажриба асосида, бажарилаётган қурилиш-монтаж ишларининг турлари ва бошқа мезонларга қараб минимал талабларни табақалаштирган ҳолда қурилиш соҳасида меҳнатни муҳофаза қилиш ва техника хавфсизлигига оид меъёрларни такомиллаштириш бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

10. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Қурилиш вазирлиги ва Монополияга қарши курашиш қўмитаси билан биргаликда икки ой муддатда илғор хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда қурилиш соҳасида харид тартиб-таомилларини ташкил қилиш ва ўтказиш тартибини, шу жумладан, лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлашда харид ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш бўйича талабларни такомиллаштиришга доир таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

11. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги:

а) 2020 йил 1 августга қадар халқаро молия институтларини жалб этган ҳолда қуйидагилар ишлаб чиқилишини таъминласин:

Ўзбекистон Республикаси қурилиш соҳасини модернизациялаш, жадал ва инновацион ривожлантиришнинг 2020-2025 йилларга мўлжалланган стратегияси;

шаҳарсозлик фаолияти соҳасида техник жиҳатдан тартибга солишга доир миллий норматив ҳужжатларга номутаносиб бўлган қисмлар учун компенсацияловчи чораларни таъминлаш бўйича махсус техник шартларни келишиш ва тасдиқлаш тартибини;

“fast-track” усули (бир вақтнинг ўзида лойиҳалаштириш, харид қилиш ва қурилиш ишлари) билан “тайёр ҳолда топшириш” шартлари (Engineering Procurement Construction) асосида объектларни қуришга рухсат бериш тартибини;

б) Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда Вазирлар Маҳкамасига қуйидаги ҳукумат қарорлари лойиҳаларини киритсин:

икки ой муддатда – экспериментда иштирок этаётган қурилиш объектлари ва хусусий тадбиркорлик субъектларини тасдиқлаш ҳақида;

эксперимент натижасидан келиб чиқиб ҳамда илғор хорижий давлатлар тажрибасини инобатга олган ҳолда – марказлашган манбалар ҳисобидан амалга ошириладиган ва буюртмачи функциясини хусусий тадбиркорлик субъектлари бажарадиган объектлар қурилишини ташкил қилиш ва молиялаштириш, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, вазирлик ва идоралар қошидаги қурилиш, реконструкция қилиш, капитал ва жорий таъмирлаш бўйича буюртмачи хизматлари фаолиятини ислоҳ қилиш ҳақида;

в) Адлия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Марказий банк ва Савдо-саноат палатаси билан биргаликда кенг жамоатчиликни жалб этган ҳолда 2020 йил 1 майга қадар кўп квартирали уйларни улуш киритиш асосида қуриш жараёнини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин, бунда қуйидаги талабларни ўрнатиш назарда тутилсин:

улуш киритиш асосида уй-жойларни қуриш учун маблағларни жалб этишдан аввал келишилган лойиҳа-смета ҳужжатларининг мавжуд бўлиши, қурувчи ташкилотнинг банк ҳисоб рақамларида жамланадиган улуш қўшганларнинг маблағларидан мақсадсиз фойдаланишни чеклаб қўйиш;

қурилишда улуш киритиш асосида иштирок этиш бўйича шартномаларни мажбурий тартибда давлат рўйхатидан ўтказиш ва улуш киритиш асосида қурилишда иштирок этиш учун маблағларни жалб этувчи қурилиш ташкилотларининг ягона реестрини юритиш;

г) Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон муҳандислар-консультантлар уюшмаси билан биргаликда 2020 йил 1 майга қадар касбга мувофиқлик сертификатлари берилишини таъминлаган ҳолда қурилиш соҳаси ходимларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўйича қисқа муддатли ўқув курсларини ташкил этсин;

д) Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Давлат статистика қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда лойиҳа-қидирув ва қурилиш-пудрат ташкилотларининг электрон рейтингини яратиш доирасида:

2020 йил 1 апрелга қадар лойиҳа-қидирув ва қурилиш-пудрат ташкилотларининг электрон рейтингини шакллантириш учун зарур бўлган маълумотлар рўйхатини аниқласин ҳамда уларни вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлигига тақдим этиш тартиби белгилансин;

электрон рейтингларни жорий этиш учун ўрнатилган муддатларда “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизими билан интеграциялаштирган ҳолда зарур дастурий таъминотни ишлаб чиқсин;

е) Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда манфаатдор идоралар билан биргаликда икки ой муддатда лойиҳа-қидирув ва қурилиш-пудрат ташкилотларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва янгилаш бўйича таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

ж) манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

12. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига
4-иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.

13. Мазкур Фармоннинг ижросини ташкил қилишнинг қуйидаги тартиби ўрнатилсин:

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари А.Ж.Раматов – мазкур Фармоннинг сифатли, тўлиқ ва ўз вақтида ижро этилишини таъминласин, норматив ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва қайта кўриб чиқиш учун масъул бўлган вазирликлар, идоралар ва ташкилотларнинг фаолиятини самарали ташкил қилсин ҳамда мувофиқлаштирсин, ҳар ойда улар раҳбарларининг бажарилган ишлар тўғрисидаги ҳисоботларини қабул қилсин ва аниқланган камчиликларни ўз вақтида бартараф этсин;

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг молия-иқтисодиёт
ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари – иқтисодиёт ва саноат вазири Ж.А.Қўчқоров – қурилиш соҳасида харид тартиб-таомилларини ташкил этиш ва ўтказиш тартибларига илғор хорижий тажрибанинг жорий қилинишини, шунингдек, миллий норматив ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва қайта кўриб чиқиш учун зарур маблағлар ажратилишини таъминласин;

Ўзбекистон Республикаси қурилиш вазири Б.И.Закиров – лойиҳа-қидирув ва қурилиш-пудрат ташкилотлари, идоравий таълим муассасалари фаолияти самарадорлигини ошириш ҳамда қурилиш соҳасида меҳнат муҳофазаси ва техника хавфсизлиги меъёрларини такомиллаштириш юзасидан зарур чораларни кўрсин;

Ўзбекистон Республикаси қурилиш вазирининг биринчи ўринбосари Ш.С.Хидоятов – барча миллий норматив ҳужжатларнинг босқичма-босқич ва сифатли ишлаб чиқилиши ва қайта кўриб чиқилишини, қурилиш соҳасига, шу жумладан, харид тартиб-таомилларига илғор ахборот-коммуникация технологиялари кенг жорий этилишини таъминласин;

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори А.К.Кўчимов, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси раиси в.б. А.Д.Хаджаев – мазкур Фармоннинг мазмун-моҳияти ва амалий аҳамиятини ёритишга оид брифинглар, пресс-конференциялар ташкил этиб, мақолалар ва тематик телекўрсатувлар эълон қилсин.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти                                                    Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри, 2020 йил 13 март

Манба: ЎзА

Поделиться