Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон “Ҳуқуқ устуворлиги” Индексида МДҲ мамлакатлари орасида энг яхши ижобий ўзгаришни қайд этди
2020-03-13 | Жамият
“World Justice Project” халқаро ноҳукумат ташкилотининг 2019 йил якунлари бўйича 2020 йил учун Ҳуқуқ устуворлиги индекси эълон қилинди.
Таъкидлаш жоизки, мазкур индекснинг қамрови йилдан йилга кенгайиб бормоқда. Хусусан, 2018 йилда 119 мамлакат қамраб олинган бўлса, 2019 йилда 126 мамлакат, 2020 йилда эса 128 мамлакат баҳоланди.
Жорий йилги Индексда Ўзбекистон Республикаси максимал 1 баллдан 0,47 балл тўплаган ва 128 та давлат ичида 92-ўринни эгаллаган ва ўтган йилги индексдан 4 поғона юқори натижани кўрсатган. Таъкидлаш жоизки, жорий йилда Ўзбекистон МДҲ мамлакатлари орасида энг яхши ижобий ўзгаришни қайд этди.
Мазкур индекс Индекс 8 та индикаторни қамраб олади ва унда Ўзбекистонга қуйидаги баллар берилган:
- ҳукумат ваколатларини чеклаш – 0,33;
- коррупциядан ҳолилик даражаси – 0,40;
- ҳукуматнинг очиқлиги – 0,33;
- фундаментал ҳуқуқлар – 0,41;
- тартибот ва хавфсизлик – 0,90;
- қонунларга риоя қилиш – 0,44;
- фуқаровий ҳуқуқ соҳасида одил судлов – 0,51;
- жиноий ҳуқуқ соҳасида одил судлов – 0,44.
Мазкур индикаторлар доирасида жами 44 та субиндикаторни ўз ичига олади (илова қилинади).
Ўзбекистоннинг кўрсаткичлари Индекснинг 3 та индикатори бўйича, яъни ҳукумат очиқлиги компоненти бўйича 0,31 дан 0,33 баллга, коррупциядан ҳолилик даражаси бўйича 0,38 дан 0,40 баллга, фундаментал ҳуқуқлар компоненти бўйича 0,39 дан 0,41 баллга ошган.
Жорий йилда энг юқори ўсиш кўрсаткичлари қуйидаги йўналишларда кузатилди:
- фундаментал ҳуқуқларнинг таъминланганлиги индикаторининг “шахсий ҳаётга ўзбошимчалик билан аралашмаслик” субиндикатори бўйича 0,28 балл (ўтган йили 0,20 балл);
- ҳукумат ваколатларини чеклаш индикаторининг “ҳукумат ваколатларининг мустақил текширувлар доирасида самарали чекланиши” субиндикатори бўйича 0,37 балл (0,31 балл);
- ҳукуматнинг очиқлиги индикаторининг “шикоят бериш механизми” субиндикатори бўйича 0,51 балл (0,46 балл), “ахборот олиш ҳуқуқи” субиндикатори бўйича 0,29 балл (0,25 балл);
- коррупциядан ҳолилик даражаси индикаторининг “қонун чиқарувчи ҳокимиятнинг коррупциядан ҳолилик даражаси” субиндикатори бўйича 0,46 балл (0,41 балл) “суд ҳокимиятнинг коррупциядан ҳолилик даражаси” субиндикатори бўйича 0,44 балл (0,40 балл);
- жиноий одил судлов индикаторининг “жиноий одил судловнинг дискриминациядан ҳолилиги” субиндикатори бўйича 0,38 балл (0,34 балл).
Ўзбекистон Республикасида сўнгги йилларда давлат бошқарувининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, халқ билан мулоқот қилиш механизмларининг такомиллаштириш, давлатнинг статистика сиёсатининг ҳолислигини таъминлаш юзасидан кўрилган чоралар, жадал суръатларда амалга оширилаётган коррупцияга қарши кураш бўйича давлат дастурлари, Олий Мажлис палаталарида коррупцияга қарши курашиш қўмиталарининг ташкил этилганлиги, ҳар бир давлат ташкилотида жамоатчилик томонидан назорат қилинадиган коррупцияга қарши курашиш бўйича ички дастурларнинг ишлаб чиқилаётганлиги, давлат органлари фаолиятининг очиқлиги, давлат ва жамият бошқарувида фуқароларнинг кенг иштирокини таъминлаш механизмларининг такомиллаштириб борилаётгани, фуқароларнинг шахсий дахлсизлигини таъминлаш, суд-тергов фаолиятида процессуал меъёрларга риоя этилиши, судьялик лавозимига номзодларни танлаш ва тайинлаш тартибининг такомиллаштирилиши, сўз ва фикр билдириш имкониятлари кенгайиши, виждон эркинлигининг таъминланиши борасидаги ислоҳотларни мазкур натижаларга туртки бўлган омил сифатида келтириб ўтиш мумкин.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган барча ислоҳотларнинг туб негизида инсон ҳуқуқ ва манфаатларини рўёбга чиқаришдек аниқ мақсад қўйилганлиги ҳамда мазкур йўналишдаги ислоҳотлар изчил давом эттирилаётганлиги, энг муҳими уларнинг натижаси Ҳуқуқ устуворлиги индексини тузиш доирасида ўтказиладиган респондентлар ва экспертлар иштирокидаги сўровлар натижасида акс этиб бориши билан келгуси йиллардаги Индексларда ҳам Ўзбекистоннинг ўрни яхшиланиб боришига ишонамиз.
Ўз навбатида Адлия вазирлиги томонидан мамлакатимизда амалга оширилаётган ҳуқуқий ислоҳотлар ҳақида фуқароларга ва халқаро ҳамжамиятга холис маълумотларни етказиш бўйича изчил саъй-ҳаракатлар амалга оширилиб келинмоқда ва бу йўналишдаги ишлар давом эттирилади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги