Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан чегирмалар эълон қилинади
2020-03-10 | Жамият
Наврўз байрамини муносиб ўтказиш ҳамда ички туризмни ривожлантириш мақсадида “Uzbekistan Airways” ва “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятлари томонидан 2020 йилнинг 21 мартидан 23 мартига қадар барча ички рейсларга ҳамда “Афросиёб” тезюрар поездлари чипталарига чегирмалар эълон қилинди.
Белгиланган дам олиш кунларида республика бўйлаб 346 та меҳмонхона, 77 транспорт ташкилоти, 104 та умумий овқатланиш жойлари ва ресторанларда ҳам чегирмалар жорий этилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 ноябрдаги “2020 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида”ги ПФ-5875-сонли Фармонига асосан халқимизга Янги йил, Наврўз, ва Мустақиллик байрамлари муносабати билан 3 кун кетма-кет дам олиш имкониятлари яратилган.
Ушбу Фармон, қонунчиликда белгиланган дам олиш ва ишланмайдиган байрам кунларида, фуқароларимизнинг мазмунли ҳордиқ чиқаришга, оила даврасида кўпроқ вақт бирга бўлишларига ва юртимиз бўйлаб саёҳат қилишларига қўшимча шароит яратиб беради. Бундай байрам олди чегирмаларни жорий этиш орқали аҳолини мазмунли дам олишига шароит яратилади.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 28 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни янада ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПҚ-4038- сонли Қарорининг 10-бандига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг ҳар йили 21 – 27 март кунлари «Театр томошалари ҳафталиги»ни ва унинг доирасида маданий-маърифий тадбирлар, жумладан, театр рассомларининг кўргазмалари, театр либослари ва декорациялари намойишларини ташкил қилиш, томошабинлар билан ижодкорлар ўртасида мулоқотлар ўтказиш ҳамда аҳолининг шу кунлари давлат театрларига бепул кириши тўғрисидаги таклифлари белгилаб қўйилган.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги