Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Давлат статистика қўмитаси раиси бошчилигидаги Ўзбекистон Республикаси делегацияси БМТ статистика комиссиясининг 51-сессиясида иштирок этди
2020-03-10 | Жамият
Жорий йилнинг 2-6 март кунлари Давлат статистика қўмитаси раиси бошчилигидаги делегация Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош қароргоҳида расмий статистика бўйича БМТга аъзо мамлакатлар статистика органлари раҳбарлари иштирокидаги халқаро Форум ҳамда БМТ статистика комиссиясининг 51-сессиясида иштирок этди.
Делегация аъзолари дастлаб "Маълумотларни бошқариш - расмий статистика муаммоларининг ечими" мавзусида ташкил этилган миллий статистика идоралари Форумида қатнашишди.
Форумда 3 та сессия иши ташкил этилиб, маълумотлар масаласида ҳамкорлик, ахборот алмашинуви ва ахборот хавфсизлиги муаммолари, маълумотлар асрида статистика идораларининг ўрни ва масъулияти, янгича ёндашув ва масалалар ечими каби долзарб мавзуларда муҳокамалар ўтказилди.
Форум давомида кун тартибидаги масалалар бўйича БМТ Статистика бўлими, Евростат, БМТ ЕЭК, Париж-21 ва бошқа халқаро ташкилотлар раҳбарлари ва экспертлари томонидан маърузалар қилинди, муҳокамалар натижасига кўра, ҳужжатлар БМТ Статистика комиссиясининг 51-сессиясига тайёрланди.
БМТ Статистика комиссиясининг 51-сессияси 4 иш куни давомида ўтказилиб, сессиянинг очилиши ва ёпилиши, кун тартибининг маъқулланиши ва бошқа ташкилий масалалар билан бирга 26 та мавзуда муҳокамалар ўтказилди.
Хусусан, 2030 йилга қадар Барқарор ривожланиш мақсадлари, статистика дастурларини назорат қилиш, иқтисодий статистика истиқболлари, миллий ҳисоблар, халқаро савдо ва тадбиркорлик фаолияти ҳамда нархлар статистикаси мавзуларида халқаро экспертлар томонидан маърузалар қилинди. Тадбир иштирокчилари амалдаги услубиётларга киритилаётган ўзгартиришлар билан таништирилди.
Шунингдек, халқаро таққослаш дастури, экологик-иқтисодий ҳисоблар, қишлоқ хўжалиги статистикаси, демография статистикаси, аҳолининг табиий ҳаракати статистикаси, соғлиқни сақлаш статистикаси, гендер статистикаси, қочоқлар статистикаси, давлат бошқаруви статистикаси йўналишлари ҳамда ҳудудий статистикани ривожлантириш, расмий статистика принсиплари ва статистика тизимларининг бошқаруви масалаларида илғор тажрибалар ва сўнгги янгиликлар бўйича маълумотлар берилди.
51-сессия давомида ахборот-коммуникация технологиялари статистикаси, статистик ва геоманзилли ахборотлар интеграцияси, очиқ маълумотлар, статистика комиссияси фаолияти услублари, халқаро статистика куни ва бошқа муҳим масалалар муҳокама қилинди.
Расмий делегация аъзолари Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Ислом давлатлари учун статистик, ижтимоий-иқтисодий тадқиқотлар ва кадрлар тайёрлаш Маркази (SESRIC) томонидан ташкил қилинган сессияда ҳам қатнашишди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси, Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Статистика комиссия Ижроия органи (Бюро) таркибига киритилди. Давлат статистика қўмитаси Раиси Б.Бегалов 9-сессиядан 10-сессияга қадар бўлган даврда Бюро раисининг ўринбосари сифатида тасдиқланди.
Давлат статистика қўмитаси раиси Нью-Йорк шаҳридаги ташрифи чоғида БМТ Статистика бўлими, МДҲ Давлатлараро статистика қўмитаси, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Халқаро валюта жамғармаси ва ЮНИСЕФ каби халқаро ташкилотлар, шунингдек, Россия Федерацияси, Беларусь, Қозоғистон, Қирғиз, Сербия, Ҳиндистон, БАА ва Туркия давлатлари миллий статистика идоралари вакиллари билан учрашди. Учрашувларда икки томонлама ҳамкорликдаги масалалар муҳокама қилинди.
Сербия Республикаси Статистика бошқармаси (SORS) билан узоқ муддатли ва самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида, статистика соҳасида ўзаро англашув ва ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Ҳиндистон статистика ва дастурларни амалга ошириш вазирлиги билан илғор тажрибаларни ўрганиш, шу жумладан, ахборот-коммуникацияларини кенг жорий этиш ва имкониятлардан самарали фойдаланиш, маълумотлар визуализацияси ҳамда статистик ва геоманзилли маълумотларни интеграциясини амалга ошириш бўйича статистика соҳасида ўзаро англашув ва ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Мазкур ташриф давомида халқаро ташкилотлар ва статистика идоралари вакиллари билан амалга оширилган учрашувлар, умуман, ривожланган давлатларнинг илғор тажрибалари мамлакатимиз миллий статистика тизимини янада такомиллаштиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Статистика агентлиги