Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигининг коронавирус инфекцияси бўйича кунлик маълумоти (2020 йил 7 март ҳолатига)
2020-03-09 | Соғлиқни сақлаш
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги томонидан олинган расмий маълумотларга кўра 2020 йил 7 март соат 09:00 ҳолатига дунёнинг 101 та давлатида жами 102 180 нафар беморларда “COVID-19” коронавирус инфекцияси аниқланган, улардан 57 389 нафари соғайган, 3491 нафари вафот этган. Хитой Халқ Республикасидан ташқари “COVID-19” коронавирус инфекцияси дунёнинг 100 давлатида 21 529 та ҳолатда қайд этилган. Касалликнинг (бир суткада) ўсиши: -Хитойда 141нафар (0,19%), бошқа давлатларда 5 058 нафар (23.4 %).
Ўзбекистон Республикасида 2020 йил 7 март соат 09:00 ҳолатига “COVID-19” коронавирус инфекцияси қайд этилмади.
Жорий йилнинг 15 январидан 6 мартигача бўлган даврда Хитой Халқ Республикаси ва 29 февраль кунидан эпидемик вазият нохуш бўлган давлатлардан Ўзбекистонга келган фуқаролар жами – 6 311 нафар (1132 нафари Хитой ва Корея фуқаролари), уларнинг 1 410 нафарининг саломатлиги устидан тиббий кузатув давом этмоқда.
Санитария карантин пунктларидан 6 март куни Тошкент халқаро аэропорти орқали ҳорижий давлатлардан 25 та рейсда 4 113 нафар, темир йўллар орқали 5 та поездда жами 609 нафар шахслар, давлат чегара божхона постлари орқали 1 882 та автотранспортларнинг эгалари ва 37 730 нафар йўловчи шахслар термометриядан ўтказилган. Улардан охирги 15 кун ичида коронавирус тарқалган давлатларда бўлган шахслар 303 нафар, улар орасида 1 нафар Кореядан келган Ўзбекистонлик талабада тана ҳарорати меъёрдан юқори бўлган йўловчи аниқланган. Бемор Вирусология илмий текшириш институти клиникаси ётқизилган, лаборатория усулида текширилганда унда коронавирус инфекцияси аниқланмади.
Шу билан биргаликда, Жидда шаҳридан HY3612 рейси билан эрталаб соат 6-30 да 244 нафар Умра зиёратчилари Тошкентга учиб келишди, улар 2 маротаба термометрия ва инфекционист кўригидан ўтказилди, рўйхати тузилиб маъмурий ҳудудларга тиббий кўрикни давом эттириш учун юборилди ва назоратга олинди.
Мамлакатимиз аҳолиси ўртасида коронавирус инфекцияси бўйича эпидемиологик барқарорликни таъминлашга йўналтирилган барча профилактик ва эпидемияга қарши тадбирлар Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги томонидан халқаро тиббий санитария қоидалар талаблари асосида амалга оширилмоқда. Мазкур тадбирларда мутасадди вазирликлар, идоралар ва кенг жамоатчилик фаол иштирок этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, касалликни олдини олиш учун хар-бир фуқаро қуйидаги тавсияларга амал қилиш керак:
аввало чет элга боришни режалаштиришда дунёдаги эпидемик вазият бўйича тўлиқ маълумотлардан хабардор бўлинг!
зарурат бўлмаган тақдирда оммавий тадбирларда иштирок этишдан имкон қадар чекланинг!
қўлларни тез-тез, яхшилаб совун билан ювинг ва спиртли дезинфекцияловчи воситалардан фойдаланинг!
фаразандларингизнинг қўл ювишини доимий назоратга олинг!
юз-кўзингизни нотоза қўл билан ушламанг!
уй ҳайвонларини боқишда, асрашда гигиена қоидаларига қатъий риоя қилинг!
одамлар олдида йўталганингизда ёки аксирганингизда оғзингиз ва бурнингизни даструмол, салфетка ёки букилган тирсагингиз билан тўсинг!
шамоллаш ёки грипп аломатлари бор одамлар билан яқин, юзма-юз мулоқот қилишдан чекланинг!
овқатланишда яхшилаб пиширилган, асосан қайнатилган ва қовурулган таомлардан истеъмол қилинг, истеъмол қилинаётган гўшт ва сут маҳсулотларининг яхшилаб пишганлигига ишонч ҳосил қилинг!
иситма, йўтал ва нафас қисиши ҳолатлари пайдо бўлганда дарҳол шифокорга мурожаат қилинг!
Агарда сизда COVID-19 коронавирус инфекцияси ва у билан боғлиқ вазият юзасидан қўшимча савол тўғилса, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигининг 71 276-49-66 телефон рақамига мурожаат қилишингиз мумкин.