Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Халқаро хотин-қизлар байрами муносабати билан озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган бир гуруҳ маҳкума аёлларни афв этиш тўғрисида”ги Фармонига шарҳ
2020-03-09 | Сиёсат
Халқаро хотин-қизлар байрами муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган айрим маҳкума аёлларни афв этиш юзасидан билдирилган ташаббуси доирасида Президент ҳузуридаги Афв этиш масалалари бўйича комиссия, бошқа мутасадди идоралар вакилларидан иборат ишчи гуруҳ ташкил этилиб, бевосита жойларга чиққан ҳолда маҳкума аёлларнинг шахсини ўрганиш ва улар билан якка тартибда суҳбатлар ўтказилиши таъминланди.
Ўтказилган тадбир якуни бўйича Комиссиянинг адашиб, билиб-билмай жиноят содир этган, ҳозирги вақтда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ маҳкума аёлларни афв этиш ҳақидаги таклифи давлатимиз раҳбари томонидан маъқулланиб, “Халқаро хотин-қизлар байрами муносабати билан озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган бир гуруҳ маҳкума аёлларни афв этиш тўғрисида”ги Фармон имзоланди.
Фармонга мувофиқ жазо муддатини ўтаётган 83 нафар аёллар афв этилди.
Афв этилган аёлларнинг 12 нафари жазодан тўлиқ озод қилинади, 29 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинади, 17 нафарига тайинланган жазо енгилроқ жазо билан алмаштирилади, бир сўз билан айтганда, 58 нафар аёл жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинмоқда. Шунингдек, 25 нафар маҳкума аёлга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилади.
Афв этилганларнинг 7 нафарини чет эл фуқаролари ташкил этади.
Бу воқеа юртимизда халқимизга хос аёлни эъзозлаш, аёлга эҳтиром кўрсатиш, бағрикенглик, меҳр-шафқат, инсонпарварлик ва кечиримли бўлиш каби эзгу фазилатларнинг намоён бўлганлигининг амалий ифодасидир.
Фармон ижроси юзасидан афв этилган аёлларни оиласи ва яқинлари бағрига қайтариш, ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланишлари, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топишлари учун уларга кўмак бериш юзасидан масъул вазирлик ва идораларга тегишли топшириқлар берилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти