Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигининг коронавирусга қарши марказий штаби маълумоти (2020 йил 5 март ҳолатига)
2020-03-06 | Соғлиқни сақлаш
Олинган расмий маълумотларга кўра 2020 йил 5 март соат 18:00 ҳолатига дунёнинг 87 та давлатида жами 96 893 нафар беморларда COVID-19 инфекцияси аниқланган, улардан 53 638 нафари соғайган, 3305 нафари вафот этган.
Хитой Халқ Республикасидан ташқари COVID-19 коронавирус инфекцияси дунёдаги 86 давлатда 16 471 та ҳолатда қайд этилган. Касалликнинг (бир суткада) ўсиши: -Хитой Халқ Республикасида 157 нафар (0,2%), бошқа давлатларда 2 149 нафарни (17 %) ташкил этмоқда.
Ўзбекистон Республикасида 2020 йил 5 март соат 18:00 ҳолатига COVID-19 коронавирус инфекцияси қайд этилмади.
Жорий йилнинг 15 январидан 4 мартигача бўлган даврда Хитой Халқ Республикаси ва 29 февраль кунидан эпидемик вазият нохуш бўлган давлатлардан Ўзбекистонга келган фуқаролар жами – 6 157 нафар (1105 нафари Хитой ва Корея фуқаролари), уларнинг 1 267 нафарининг саломатлиги устидан тиббий кузатув давом этмоқда.
Санитария-карантин пунктларидан 5 март куни соат 18:00 гача Тошкент халқаро аэропорти орқали ҳорижий давлатлардан 17 та рейс орқали 2 568 нафар, темир йўллар орқали 1 та поездда жами 85 нафар шахслар, давлат чегара божхона постлари орқали 1 117 та автотранспортларнинг эгалари ва 25 202 нафар йўловчи шахслар термометриядан ўтказилган. Улардан охирги 15 кун ичида коронавирус тарқалган давлатларда бўлган шахслар 29 нафар, улар орасида тана ҳарорати меъёрдан юқори бўлган ва юқори нафас йўлларининг шамоллаш белгилари бўлган кишилар аниқланмади.
2020 йилнинг 5 март куни республикамиз бўйлаб аҳоли ўртасида “COVID-19” коронавирус инфекцияси профилактикасига бағишланган 4 та телекўрсатув, 47 та радиоэшиттириш, 9 та мақола, 13 055 та тарқатма материаллари тарқатилди ва 1 675 та муассасаларда давра суҳбати ўтказилди.
Мамлакатимиз аҳолиси ўртасида коронавирус инфекцияси бўйича эпидемиологик барқарорликни таъминлашга йўналтирилган барча профилактик ва эпидемияга қарши тадбирлар Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги томонидан халқаро тиббий санитария қоидалар талаблари асосида амалга оширилмоқда. Мазкур тадбирларда мутасадди вазирликлар, идоралар ва кенг жамоатчилик фаол иштирок этмоқда.
Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги
коронавирус инфекциясига қарши марказий штаби