Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Университетлар ҳудудларнинг “Ақл маркази”га айланиши керак
2020-03-03 | Таълим
Жорий йилнинг 2 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Маслаҳатчиси А.Абдувахидов раислигида Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими вазирликлари, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, вилоятлар ҳокимларининг ўринбосарлари, вилоятлар ва туманларнинг таълим масалалари бўйича масъул раҳбарлари, олий таълим муассасалари ректорлари ва проректорлари иштирокида видеоселектор бўлиб ўтди.
Видеоконференция тарзида ташкил этилган йиғилишда умумий ўрта, профессионал ва олий таълим тизимларига оид долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Жумладан, умумий ўрта ва олий таълим муассасаларида ўқувчи-талабаларнинг давомати назорати мактаб директорлари, ҳокимликлар ва ректорлар эътиборидан четда қолаётгани алоҳида қайд этилди. Бу борада мактаб–маҳалла–оила ҳамкорлиги яхши йўлга қўйилмаган.
– Университетлар ўзи жойлашган ҳудуднинг “ақл маркази”га айланиши керак, – деди Президент маслаҳатчиси А.Абдувахидов. – Маҳаллий ҳокимлар ойда бир марта олимлар ва профессор-ўқитувчилар билан учрашиши керак. Олий таълим муассасалари эса ўз навбатида ҳудудий миқёсдаги мавжуд муаммоларга инновацион ечим топиши, ҳудудда илм-фан ривожланишида локомотив вазифасини бажариши керак.
Жумладан, таълим муассасаларидаги давоматни яхшилаш, тартиб-интизомни кучайтириш, жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича амалга оширилган ишлар, профессионал таълимда янги ўқув йилига тайёргарлик ва ишлаб чиқиладиган ўқув меъёрий ҳужжатларнинг бугунги кундаги ҳолати юзасидан фикр алмашилди.
– Таълим сифатини ошириш – олий таълим тизимидаги энг муҳим масала бўлиб қолаверади, – деди вазир И.Мажидов. – Ўқув жараёнини ташкил этиш, талабаларнинг дарсда иштирок этиши ва шу каби ташкилий жараёнлар электронлаштирилади, таълим жараёнига замонавий АКТ кенгроқ жорий қилинади.
Шунингдек, йиғилиш давомида “Универсиада” спорт ўйинларини юқори савияда ташкилл этиш мақсадида маҳаллий ҳокимликлар, олий таълим муассасалари ва ОАВ ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш зарурлиги таъкидлаб ўтилди.
Селектор якунида кўтарилган масалалар бўйича таклиф ва мулоҳазалар тингланиб, мутасадди раҳбарларга тегишли топшириқлар берилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги