Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Президент “Ишга марҳамат” моно-маркази фаолияти билан танишди
2020-02-28 | Сиёсат
Мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш, ишсизларни касбга қайта тайёрлашга зарур шароитлар яратилмоқда.
Яшнобод туманида 2019 йил сентябрь ойида фаолият бошлаган “Ишга марҳамат” моно-маркази ана шундай муассасалардан бири. Унда қурилиш, маиший хизмат, техник-муҳандислик каби соҳалар бўйича 22 та касбга ўргатиш йўлга қўйилган. Бунинг учун зарур станоклар, мебель, муляж ва бошқа амалиёт воситалари келтириб ўрнатилган. Марказ йилига 5 минг 600 кишини ўқитиш имкониятига эга.
Бу ерга келган одамга аввал бандлик масалалари бўйича маслаҳат хизмати кўрсатилади. Доимий ишга эга бўлмаса, бўш иш ўринлари таклиф этилади. Ижтимоий ҳимояга муҳтож мурожаатчилар доимий квотали иш билан таъминланиши ҳам мумкин.
Касбий малака талаб этиладиган ишни танлаганлар шу ердаги ўқув курсига жалб қилинади. Бошқа мамлакатда ишлаш истагини билдирган фуқароларга бу борадаги кўникма ва хорижий тиллар ўргатилади.
Марказда инглиз, турк, япон, хитой, корейс ва рус тиллари ўқитиш бўйича қисқа муддатли курслар фаолият юритмоқда.
Президентимиз марказда яратилган шароитлар билан танишди, уста ва касб ўрганаётган ёшлар билан суҳбатлашди.
Бундай марказлар одамларнинг талаб бор касбларни тезда ўрганиб, ўз ишини топиши учун жуда муҳимлигини, бўш турган коллеж ва бошқа биноларни таъмирлаб, Тошкент шаҳрининг ҳар бир тумани ва барча вилоятларда шундай муассасалар ташкил этиш лозимлигини таъкидлади.
Касб-ҳунар йўналишларини шу ихтисосликдаги ўқув юртларига бириктириб, юқори малакали ўқитувчиларни жалб этиш, шунингдек, кечки сабоқларни ҳам йўлга қўйиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти