Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Олий таълимда коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш: муаммо ва таъсирчан чоралар
2020-02-28 | Таълим
Тошкент давлат иқтисодиёт университетида Олий Мажлис Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси томонидан “Олий таълим соҳасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш: муаммо ва таъсирчан чоралар” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Унда Қўмита аъзолари, мутасадди вазирликлар, олий таълим муассасалари ректорлари, жамоат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
Анжуманда таъкидланганидек, мамлакатимизда олий таълим тизимини тубдан такомиллаштириш, унинг сифати ва самарадорлигини ошириш, олий ўқув юртларига қабул жараёнининг шаффофлигини таъминлаш борасида муайян ишлар олиб борилмоқда. Сўнгги уч йилда олий таълим соҳасига оид 200 дан ортиқ қонун ҳужжатларининг қабул қилинганлиги, 6 та олий таълим муассасаси, 17 та филиал ва 14 та хорижий олий ўқув юртларининг янгидан ташкил этилганлиги, бунинг натижасида ёшларни олий таълим билан қамраб олиш даражаси 20 фоизга ошганлиги соҳага бўлган эътиборни кўрсатмоқда.
Замонавий билим ва юксак маънавий-ахлоқий фазилатларга эга, мустақил фикрлайдиган юқори малакали кадрлар тайёрлаш жараёнини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш мақсадида Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси қабул қилинди. Унинг доирасида коррупцияга қарши курашиш ва шаффофликни таъминлашнинг таъсирчан механизмларини жорий этиш, ушбу иллатнинг ҳар қандай кўринишига барҳам бериш, олий таълим муассасаларида тажрибали, ҳалол, пок виждонли, масъулиятли профессор-ўқитувчи ва ходимлар сафини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Давра суҳбатида олий таълим муассасаларининг жамият олдидаги ҳисобдорлиги ва таълим сифатини таъминлашдаги масъулиятини ошириш, профессор-ўқитувчилар билан талабалар ўртасидаги бюрократик унсурларни бартараф этиш масалалари муҳокама қилинди. Сўнгги икки йилда тизимдаги 326 нафар ходим таълим жараёни билан боғлиқ жиноятлари учун жавобгарликка тортилганлиги, уларнинг 3 нафари ректор, 5 нафари проректор, 15 нафари декан ва декан ўринбосари ҳамда 62 нафари ўқитувчи эканлиги тадбир иштирокчиларининг жиддий муҳокамасига сабаб бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарори билан 2018 йил 1 сентябрдан бошлаб, хорижий ўқув юртлари билан ҳамкорликда талабаларни ўқитиш ва икки томонлама тан олинадиган диплом бериш амалиёти жорий этилганлигига қарамасдан, ушбу жараёнда ҳам турли суистеъмолчиликларга йўл қўйилаётганлиги кескин танқид қилинди.
Тадбир давомида талабани ўқишга қабул қилишдан бошлаб, то диплом олишга қадар бўлган ҳар бир босқичда кузатилаётган коррупция ҳолатлари батафсил муҳокама қилинди.
Давра суҳбати доирасида олий таълим соҳасида «Коррупциясиз соҳа» лойиҳасини изчил давом эттиришга, коррупциянинг ҳар қандай кўринишига барҳам беришга қаратилган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги