Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Хитойда янги турдаги коронавирусга қарши кураш изчил давом этмоқда

2020-02-27 | Соғлиқни сақлаш

ПЕКИН, 26 февраль. /“Дунё” АА/. Хитой Халқ Республикаси ҳукумати янги турдаги коронавирус тарқалишини тўхтатиш ҳамда ушбу касаллик оқибатларини бартараф этиш йўлида изчил, ҳар томонлама саъй-ҳаракатларни тобора кучайтирмоқда.

ХХР Соғлиқни сақлаш ишлари бўйича давлат қўмитаси маълумотида қайд этилишича, жорий йил 26 февраль ҳолатига кўра, мамлакатда ушбу касалликни юқтирганлар сони 78 минг 64 киши, ушбу хасталик сабабли ҳаётдан кўз юмганлар 2 минг 715 киши, соғайиб кетган беморлар сони эса 29 минг 810 кишини ташкил этди. Шундай қилиб, Хитойда эълон қилинган маълумотга кўра, дунёда янги турдаги COVID-19 зотилжам касаллигини юқтирганлар сони 80 минг 994, ушбу хасталик сабабли нобуд бўлганлар 2 минг 760, соғайганлар эса 30 минг 65 кишига етган.

Хубэй (Марказий Хитой) провинцияси соғлиқни сақлаш ишлари бўйича қўмитасининг расмий маълумотида эпидемия ўчоғи ҳисобланадиган ушбу провинцияда 25 февраль куни 401 киши ушбу касалликни юқтиргани, 52 киши ҳаётдан кўз юмгани қайд этилган. Мазкур провинцияда янги турдаги COVID-19 зотилжам касаллигига чалинганлар 65 минг 187, вафот этганлар сони 2 минг 615 кишини ташкил қилади. Провинция маъмурий маркази Ухань шаҳрида 25 февраль куни 370 киши касалликни юқтирган, 42 киши ҳаётдан кўз юмган. Шаҳар бўйича жами  47 минг 441 киши ушбу вирусни юқтирган бўлиб, бунинг оқибатида 2 минг 85 киши нобуд бўлган, соғайиб оиласи бағрига қайтганлар 2 минг 58 нафарни ташкил қилган. Шу тариқа, провинция бўйича хасталикдан фориғ бўлганлар сони  20 минг 912 нафарга етди.

Бугунги кунда Хитой касалликка қарши курашда фаол халқаро ҳамкорлик олиб бормоқда. Хитойнинг вазиятга масъулият билан ёндашуви ва қўллаётган қатъий чоралари Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) томонидан ҳақли равишда эътироф этилмоқда.

“Хитойда жамоатчилик соғлиғини сақлаш борасида олиб борилаётган изчил, ҳар томонлама ва пухта саъй-ҳаракатлар хавфли хасталикнинг одамдан одамга юқиши олдини олишда ўз натижаларини бермоқда” – дея қайд этди ЖССТ ва хитойлик мутахассислардан иборат қўшма экспертлар гуруҳи Пекинда ўтган матбуот анжумани чоғида.

Гуруҳ 25 нафар мутахассисдан иборат бўлиб, Хитойнинг бир неча минтақаларида тўққиз кунлик тадқиқот ишларини олиб боргач шу хулосага келган.

Гуруҳ раҳбари, ЖССТ Бош котиби маслаҳатчиси Брюс Эйлворд 25 ферваль куни Женевада Хитой ҳукуматининг коронавирус зотилжами эпидемиясига қарши курашда мислсиз чоралар кўраётгани ўз натижаларини бераётганини қайд этди. У касалликка қарши кураш борасидаги рақамлар ХХР раҳбарияти томонидан қабул қилинган стратегик қарорларнинг тўғри бўлганини кўрсатишини таъкидлади. Брюс Эйлворднинг айтишича, “Хитойда коронавирус эпидемиясининг юқори даражада тарқалиши пасаймоқда”.

Дарҳақиқат, янги турдаги COVID-19 зотилжам касаллиги тарқалганидан сўнг Хитой эпидемия тарқалишининг олдини олиш ва уни бартараф этиш учун барча миллий ресурсларни жалб этмоқда. Бунинг натижасида 13 февралдан бошлаб касалликка чалинганлар сони тобора қисқариб бормоқда. Юқорида қайд этилган рақамлар ушбу фикрни тасдиқлайди. Бу коронавирус билан боғлиқ вазият мамлакатда ижобий томонга ўзгараётганидан, вазият эса назорат остида олинганидан далолат.

Эпидемия бошланганидан сўнг касалликка қарши курашда Хитой халқи бирдамликни намойиш қилди. Касаллик юқиш хавфи бўлишига қарамасдан, минглаб тиббиёт мутахассислари Уханга йўл олди. Кўмакка муҳтожларга бутун мамлакат ёрдам қўлини чўзмоқда.

Қайд этиш керак, эпидемия тарқалиши мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишига салбий таъсир кўрсатмоқда. “Лекин ҳозирги ҳолат вақтинчалик”, дейди Хитой расмийларидан бири.

ХХР Раиси Си Цзиньпин янги турдаги коронавирус келтириб чиқарган зотилжам эпидемиясига қарши кураш Хитой ҳукуматининг биринчи даражали вазифаси бўлиб турганини алоҳида таъкидлади.

“Синьхуа” ахборот агентлиги тарқатган хабарда, Хитой раҳбари ушбу масала юзасидан қуйидаги фикрларини баён этган:

“Биз Хитой ва дунё давлатлари фуқаролари ҳаёти, саломатлигига юқори даражада масъулият билан ёндашамиз. Давлат тизимининг барча кучларини жалб этган ҳолда, эпидемияга қарши курашиляпти. Унинг олдини олиш ва назорат қилиш учун мажмуавий, энг изчил ва қатъий чораларни қўлламоқдамиз. Эпидемияга қарши курашда муайян ижобий силжишларга эришилаётганини қайд этишни истардим. Эпидемия устидан ғалаба қозониш учун зарур имкониятларни ишга соламиз”.

Шу кунларда Хитойнинг қатор завод ва корхоналарида маҳсулотлар ишлаб чиқариш қайта йўлга қўйилмоқда. ХХР расмийларининг маълум қилишича, “Жорий йилнинг иккинчи чорагида Хитой иқтисодиёти олдинги ҳолатга қайтади”. Таҳлилчилар фикрича, Хитой ҳар жиҳатдан эпидемия туфайли юзага келган иқтисодий йўқотишлар ўрнини қоплаш имконига эга.

Шу кунга қадар дунёнинг 160 дан зиёд давлати етакчилари, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев, шунингдек, халқаро ташкилотлар раҳбарлари янги турдаги коронавирус сабабли келиб чиққан эпидемиянинг фожиали оқибатлари муносабати билан ХХР Раиси Си Цзиньпин ва Хитой халқига ҳамдардлик билдириб, ушбу умумий хатарга қарши самарали курашиш мақсадида яқиндан ҳамкорлик қилишга тайёр эканини маълум қилишди. Шу билан бирга, кўплаб мамлакатлар, жумладан, Ўзбекистон Хитойга инсонпарварлик ёрдамини юборди.

Хитойда мазкур эпидемияга қарши кураш борасида салмоқли натижаларга эришилаётган бўлса-да, қувонишга эрта. Чунки COVID-19 касаллиги ҳамон дунё бўйлаб тарқалишда давом этмоқда. Жорий йил 26 февраль ҳолатига кўра, ушбу касаллик кириб борган мамлакатлар сони 42 тага етди.

Шу боисдан ҳам 24 февраль куни ЖССТ Бош директори Тедрос Адханом Гебрейесус дунёнинг турли минтақаларида хавфли касаллик тарқалиб бораётганини инобатга олиб, “Дунё ҳамжамияти коронавирус пандемиясига тайёр туриш учун барча ишларни амалга оширмоғи лозим”, дея баёнот берди.

“Пандемия” атамаси янги касалликнинг дунё миқёсида тарқалишини англатади.

Шуҳрат Умиров,

“Дунё АА мухбири,

Пекин

Манба: “Дунё” ахборот агентлиги

Поделиться