Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Тошкентда Туркия Иқтисодиёт ва технологиялар университетининг филиали очилади
2020-02-21 | Таълим
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Туркия Иқтисодиёт ва технологиялар университетининг Тошкентдаги филиалини очиш юзасидан меморандум имзолади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркияга қилган расмий ташрифи доирасида 19 феврал куни Анқара шаҳрида ўтказилган Олий даражадаги Ўзбекистон - Туркия биринчи стратегик ҳамкорлик йиғилиши натижалари бўйича қўшма баёнот имзоланди.
Таъкидлаб ўтиш жоиз, Туркия юртимизнинг етакчи савдо шерикларидан бири ҳисобланади. Кейинги йилларда қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳити самарасида турк бизнеси вакиллари Ўзбекистондаги фаолиятини янада кенгайтирди. Жумладан, 2019 йилда ўзаро савдо айланмасининг ҳажми 2,5 миллиард АҚШ долларидан ошди.
Тадбир доирасида икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар бўйича ҳам қатор келишувлар имзоланди. Хусусан, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Туркия Палаталари ва биржалари иттифоқи “ТОВВ” қошидаги Туркия Иқтисодиёт ва технологиялар университетининг Тошкентдаги филиалини очиш юзасидан меморандум имзолади.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг Туркия Иқтисодиёт ва технологиялар университетининг филиалини очиш ташаббуси 2019-йилнинг октябр ойида Тошкентда бўлиб ўтган Туркий тилли давлатлар Ишбилармонлар кенгаши доирасида ўтказилган музокараларда илгари сурилган ва келишилган эди.
Пойтахтимизда очилиши кўзда тутилган университет филиали дуал таълим тизими асосида бизнес ва тадбиркорлик йўналишларида мутахассислар тайёрлайди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Савдо саноат палатаси