Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Очилбой Раматов: Нурафшон шаҳрига метро қатнови йўлга қўйилади

2020-02-20 | Жамият

Нурафшон шаҳрида – вилоят ҳокимлиги мажлислар залида Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Шерзод Кудбиев, Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов, Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров иштирокида йиғилиш ўтказилди.

Йиғилишда давлат раҳбарининг Тошкент вилоятига ўтган йил июнь ойида қилган ташрифида берилган топшириқларнинг ижросини бориши, ҳудудни 2020 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг долзарб масалалари танқидий-таҳлилий муҳокама қилинди.
 
Кун тартибидаги масалалар бўйича дастлаб Президент маслаҳатчиси Шерзод Кудбиев сўзга чиқиб, давлат ҳокимияти органлари раҳбарлари, энг аввало, халқ ишончи ва меҳрини қозониши шартлиги, бу – уларнинг фаолиятига баҳо беришнинг энг асосий мезони эканини таъкидлади. Президент маслаҳатчиси, шунингдек, топшириқлар натижадорлиги бўйича бошқа устивор жиҳатларга алоҳида тўхталди.
 
Йиғилишда ташкилий масала кўрилди – Тошкент вилояти ҳокимига иккита янги ўринбосар; Тошкент вилояти Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи, унинг ўринбосарлари тайинланди.
 
Кун тартибидаги масалалар бўйича Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов нутқ сўзлади. У давлат раҳбари томонидан берилган топшириқ ва вазифаларнинг ижроси юзасидан ҳудудлар кесимида фикр билдирди. Вилоятнинг маъмурий маркази – Нурафшон шаҳрини замонавий шаҳарсозлик андозаларига мос равишда барпо этишда йўл қўйилаётган камчиликлар, сусткашликлар, уларнинг сабаблари юзасидан ўз мулоҳазаларини баён қилди.
 
– Яқин истиқболда Нурафшон шаҳрига метро қатнови йўлга қўйилади, – деди О. Раматов. – Шунингдек, инфраструктурани ривожлантириш масалалари бўйича айни пайтда вилоят ҳокимлиги билан қатъий иш олиб бораяпмиз. Ичимлик суви, йўл қурилиши, коммуникация ва канализация тармоқларини қуриш бўйича катта ҳажмдаги ишлар жадал давом этмоқда.
 
Шунингдек, Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров сўз олиб, Ўзбекистон миллий иқтисодиётида Тошкент вилоятининг тутган алоҳида ўрни, нуфузи бўйича фикр билдирар экан, шундай деди:
 
"Ҳеч бир муболағасиз айтиш керакки, мамлакатимизнинг миллий иқтисодиёти – Тошкент вилояти иқтисодиётининг ривожланишида акс этади. Шу пайтгача давлатимиз раҳбарининг топшириғи ва кўрсатмалари билан амалга оширилган ишларнинг мароми ҳудуд потенциалига нисбатан олганда қониқарли деб бўлмайди. Янги тайинланган раҳбарлар вилоят ҳокими атрофида маҳкам жипслашиб, ишни ташкил қилса, ўйлайманки, натижа янада юксакроқ бўлади".
 
Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири Раҳмат Маматов ўз сўзида янги ташкил этилган вазирлик, унинг ҳудудий бошқарма ва бўлимлари фаолиятини ташкил этиш масалалари юзасидан фикр билдирди.
 
Кун тартибидаги масалалар бўйича Тошкент вилояти ҳокими Рустам Холматов фикр билдириб, ҳудудда қонун устиворлиги, Президент қарор ва фармонлари, топшириқларини сўзсиз ижро этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан, жумладан, шундай деди:
 
– Президент маслаҳатчиси, Бош вазир ўринбосарлари, янги ташкил этилган вазирлик раҳбарининг вилоятимизга ташриф буюриб, ҳудудда амалга оширилаётган ишларга алоҳида эътибор, муносиб баҳо бераётгани, вилоят ҳокимлиги мамлакатимиз миқёсида энг етук ижрочи кадрлар билан кучайтирилгани айни муддао бўлди. Биз Ватан, давлат раҳбари, эл-юрт олдида тўла масъулиятни ўз зиммамизга олиб, вилоятни республикамиздаги энг ривожланган ҳудудга айлантириш бўйича бор куч ва имкониятимизни сафарбар этамиз.
 
Йиғилишда Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари, барча туман ва шаҳарларнинг тўртта сектор раҳбарлари, жамоат ташкилотлари вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Манба: Тошкент вилояти ҳокимлиги

Поделиться