Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Коронавирус карантини муддати якунига етган фуқаролар уйига кузатилди
2020-02-18 | Соғлиқни сақлаш
Аввал хабар қилганимиздек, турли мақсадларда Хитойда сафарда бўлган жами 584 нафар ватандошимиз жорий йилнинг 4-6 февраль кунлари учта чартер рейс орқали мамлакатимизга олиб келинган эди. Уларнинг 459 нафари эркак ва 125 нафари хотин-қизлардир.
Ҳар бир рейсга Соғлиқни сақлаш вазирлигининг малакали инфекционист ва эпидемиолог мутахассислари жалб этилиб, парвоз олди ва парвоз давомида олиб келинаётган фуқароларнинг саломатлиги тиббий кузатув остига олинди. Парвоз давомида йўловчилар орасида тана ҳарорати кўтарилган ва соғлиғида ўзгаришлар бўлган фуқаролар аниқланмади.
Рейслар Тошкент халқаро аэропортига учиб келганида яна бир бор тегишли мутахассислар томонидан самолёт бортига чиқиб, йўловчиларнинг тана ҳарорати портатив тепловизор ва электрон термометрлар ёрдамида ўлчанди, уларнинг орасида тана ҳарорати меъёридан юқори бўлган фуқаролар аниқланмади. Шунингдек, йўловчилар самолёт трапидан тушишлари билан, шу ернинг ўзида мутахассислар томонидан уларнинг эгнидаги кийимлари ҳамда уларнинг қўл юклари тегишли тартибда зарарсизлантирилди.
Сўнгра барча йўловчилар коронавируснинг Ўзбекистонга кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш, хавфсиз санитария-эпидемиологик ҳолатни таъминлаш ҳамда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш мақсадида махсус тайёрланган тиббиёт муассасаларига жойлаштирилди.
Бугун “Бўстон” санаторийсида жойлаштирилган 294 нафар фуқарони карантин муддати якунига етиши муносабати билан уйига кузатиш маросими бўлиб ўтди.
Шу ўринда қайд этиш керакки, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиясига асосан, коронавирус инкубацияси даврини ҳисобга олган ҳолда, Хитойдан олиб келинган фуқароларимиз 14 кун давомида халқаро санитария-эпедимиология талаблари асосида қатъий карантин ҳолатида сақланди. Шу давр якунига қадар тиббий кузатув ва махсус лаборатория текширувлари тўлиқ, халқаро стандартлар бўйича олиб борилди. Карантинда бўлган фуқаролар биринчи кун ва инкубация даврининг тугаши билан, яъни икки марта коронавирус инфекцияси бор йўқлигини аниқлаш бўйича вирусологик лаборатория текширувларидан ўтказилди. Таҳлил натижалари бирор фуқарода ҳам коронавирус инфекцияси йўқлигини аниқлаб берди.
Бўстон” санаторийси тўлиқ карантин талаблари асосида жиҳозланди. Кузатув олиб бориш учун тегишли тиббий жиҳозлар ва зарур дори воситалари билан таъминланди, – дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитания-эпидемиологик осойишталик агентлиги директори Баҳром Алматов. – Хусусан, коронавирус диагностикаси воситаларининг зарур захиралари яратилиб, керакли дори ҳамда дезинфекция воситалари, ускуналар, сарфлаш материаллари, шунингдек, шахсий ҳимоя воситалари билан таъминланди. Соҳанинг етук мутахассислари томонидан Ухан шаҳри ва Хитойнинг бошқа ҳудудларидан олиб келинган фуқаролар алоҳида назорат остида бўлиб, мунтазам тиббий текширувлардан ўтказилди. Шунингдек, мазкур тиббиёт муассасаларида барча керакли маиший воситалар ва зарур озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланди. Ошхоналарда 14 кунлик таомнома тузилиб, кунига уч марта сифатли овқатланиш ташкил этилди.
Барча муассасаларда юқумли касалликлар бўйича малакали вирусолог, эпидемиолог ва бошқа етакчи шифокор-мутахассислар иш олиб боришди. Улар карантин муассасасида белгиланган муддат якунига етгунга қадар фаолият юритишди. Шунингдек, фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш ва жамоат тартибини сақлаш мақсадида ички ишлар органлари, Миллий гвардия ходимлари жалб этилиб, улар алоҳида биноларга жойлаштирилди.
Хитойда хавотирли эпидемик вазиятдан анча тушкун аҳволга тушиб қолган эдик,– дейди бўкалик Севара Миралиева. – Ана шундай қийин вазиятда давлатимиз томонидан кўрсатилган ғамхўрлик бизни жудаям қувонтирди. Юртимиз тупроғига қадам қўйишимиз билан кўнглимиз анча хотиржам бўлди. Биз жойлашган санаторийда барча шароитлар яратилган экан. Аъло кайфиятда дам олдик, бир-биримиз билан дўстлашдик. Очиғи, бу жойдан кетгимиз ҳам келмаяпти.
Карантин объектларида сақланаётган фуқароларнинг оила аъзолари ва яқин қариндошлари билан мулоқот қилишлари учун телефон аппаратлари ўрнатилди. Бундан ташқари, Тошкент шаҳридаги Стоматология институтида карантиндаги фуқаролар билан уларнинг ота-оналари ва яқин қариндошлари мулоқоти учун видеоконференцалоқа воситалари ва телефон аппаратлари ўрнатилган “Call center” фаолият юритди.
Бу ерда бизга 14 кун давомида жуда яхши қарашди, – дейди бухоролик Илҳом Қурбонов. – Шифокорлар жуда хушмуомалалик билан кайфиятимизни кўтаришга ҳаракат қилишди. Ҳар куни бизни икки мартадан текширувдан ўтказиб туришди. Бўш вақтимизни унумли ўтказиш учун ҳам барча шароитларни қилиб беришди. Бу ерга келиб барча хавотирларимиз тумандек тарқаб, қалбимизни фахр-ифтихор ҳисси эгаллади. Мана шундай юртнинг фарзанди эканлигимиздан ғурурландик. Негаки, кўпгина мамлакатлар Хитойдаги фуқароларини юртига қайтариб, бу даражада эътибор ва кўмак кўрсата олмаётганининг гувоҳи бўлиб турибмиз. Шундай экан, ҳамиша ватан ҳимоясида бўлган бахтиёр инсонлармиз, деб бемалол айта оламиз. Фурсатдан фойдаланиб, бизга ғамхўрлик қилган барчага чуқур миннатдорлик билдирамиз.
Эрта индин карантин муддати якунига етиши муносабати билан бошқа тиббиёт муассасаларидаги Хитойдан олиб келинган фуқароларимиз ҳам ўз уйларига кузатилади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги