Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Хорижда бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари диққатига
2020-02-18 | Сиёсат
Чет элда вақтинча бўлиб турган ёки доимий истиқомат қилаётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун қўшимча қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган Республика раҳбарияти томонидан қўйилган вазифаларни амалга ошириш доирасида Ташқи ишлар вазирлиги томонидан консуллик фаолиятини тартибга солувчи меъёрий-ҳуқуқий базани ҳамда янги ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда хизматлар кўрсатиш бўйича дипломатик ваколатхоналар ва консуллик муассасалари имкониятини такомиллаштириш бўйича мақсадли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, 2020 йил 10 февралдан “Хорижда бўлган (бўлиб турган) Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг консуллик рўйхатини юритиш тартиби тўғрисидаги йўриқнома" кучга кирди (Адлия вазирлигида 3218-рақам билан рўйхатдан ўтказилган).
Ушбу Йўриқномага мувофиқ, чет элда бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар мамлакатимизнинг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасаларида доимий ёки вақтинча консуллик ҳисобидан ўтиш учун consulate.mfa.uz веб-портали орқали масофадан интерактив консуллик хизматидан фойдаланишлари мумкин. Айни пайтда ушбу интернет-ресурс синов режимида ишга туширилган.
Вақтинчалик ва доимий консуллик ҳисобига олиш бўйича интерактив хизмат дастурий тизими техник синовдан ўтказилгандан кейин қисқа вақт ичида ўрнатилади ва йўлга қўйилади.
Шунингдек, вазирлик бошқа консуллик хизматларини босқичма-босқич интерактив асосга ўтказиш устида иш олиб бормоқда. Бу ҳақида ҳамюртларимизга ўз вақтида маълум қилинади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги