Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Москвадаги III Халқаро маданиятлар фестивалида Ўзбекистон 15 стенд билан иштирок этди

2020-02-17 | Маданият

13-16 февраль кунлари Москва шаҳридаги кўргазма марказида “Шарқ бозори “Дўппи” III Халқаро маданиятлар фестивали бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Грузия, Россия, Татаристон, Озарбойжон ва Доғистондан халқ амалий санъати усталари иштирок этишди.

Халқаро маданиятлар фестивалида моҳир ошпаз Ҳаким Ғаниев бошчилигида дунёдаги энг катта лағмон тайёрланди. Лағмоннинг оғирлиги 797 килограммни ташкил қилди. Ўрнатилган рекорд “Интеррекорд” халқаро рекордларни рўйхатдан ўтказиш агентлиги томонидан қайд этилди ва бундан аввалги рекорд (2015 йилда Олма-ота шаҳрида тайёрланган 687 кг лағмон)ни ортда қолдирди. Тадбир меҳмонларининг “Нима учун айнан лағмон?” деган саволига лойиҳа ташкилотчиси Фотима Орифжонова лағмоннинг кўп халқлар, жумладан ўзбеклар, қозоқлар, уйғурларнинг таоми эканлиги, мақсад эса халқларимиз ўртасидаги аҳилликни янада мустаҳкамлашдан иборатлигини айтиб жавоб берди. “Дўппи” халқаро амалий санъат фестивали – бу турли халқларнинг маданий меросига оид лойиҳа бўлиб, у ўз халқи маданияти ва тарихини намойиш қилишга тайёр мамлакатлар ҳунармандларини бир майдонда тўплаш имконини беради.

Фестивалда Ўзбекистондан 15 стенд иштирок этиб, уларда ҳунармандларимиз Бухоро гиламлари ва темир ўймакорлиги, Риштон ва Ғиждувон кулолчилиги, заргарлик буюмлари, Чуст пичоқлари, Марғилон ипаги ва халқ амалий санъатининг бошқа маҳсулотларини намойиш этишди. Фестиваль Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси қўллаб-қувватлаши остида “Регион продакшн студия” МЧЖ томонидан ташкил этилган.

Ўтган йили фестивалга 4 мингга яқин киши ташриф буюрган, бу йилги тадбирларда 6 мингга яқин киши иштирок этишди. Лойиҳа ташаббускори Фотима Орифжонова фестиваль иштирокчилари ҳамда ҳамкорларига миннатдорчилик билдирар экан, тадбир доирасида барча меҳмонлар “Шарқ эртаги”га саёҳат қилиб, маданият ва анъаналаридан завқ олиши мумкинлигини таъкидлади. Фестиваль дастуридан фольклор ансамблларнинг чиқишлари, этно-эртаклар мотивлари бўйича спектакллар, турли мамлакатлар маданий мероси ҳақидаги фильмлар намойишлари, маърузалар, маҳорат дарслари ва модалар намойиши ўрин олган.

“Бу ердаги ҳунармандчилик маҳсулотлари бири биридан ажойиб. Мусаввир бир томондан қадимий буюмларни ёдга солувчи маҳсулот яратган, бошқа томондан эса унда замонавий нақшлар акс этган. Айнан шу қадимийлик ва замонавийликнинг коллаборацияси кишини ўзига мафтун этади. 20 йилдан зиёд ўзбек ҳунармандларининг ишларига қизиқиб келаман, улар ишлаб чиқарган маҳсулотларни тўплайман ва тез орада ниҳоят Ўзбекистоннинг ўзига бориб ҳақиқий ҳунармандчилик маҳсулотларини кўздан кечирмоқчиман”, - деди москвалик Светлана Коллерова. 

Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги

Поделиться