Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Саудия Арабистонининг "ACWA Power" компанияси вакиллари билан учрашув
2020-02-11 | Иқтисодиёт
Молия вазирлигида жорий йилнинг 7 февраль куни ACWA Power (Саудия Арабистони) компанияси Бошқарув раиси Муҳаммад Абунаян бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди.
Маълумот учун: ACWA Power бу, инвестор, электр энергияси ва тоза ичимлик суви ишлаб чиқарувчи 56 та корхоналар портфелининг эгаси ва операторидир. Компания 12 мамлакатда, шу жумладан Яқин Шарқ ва Шимолий Африка, Жанубий Африка ва Жануби-Шарқий Осиёда фаолият юритади. Компаниянинг инвестиция портфели 47 миллиард АҚШ долларидан ошади ва умумий 31 ГВт электр энергияси ва 5,3 миллион кубометрга ишлаб чиқариш қувватига эга.
Учрашув давомида жаноб Абунаян Ўзбекистон билан Саудия Арабистони ўртасидаги савдо ва иқтисодий, сармоявий алоқалар изчил ривожланиб бораётганини, шунингдек Саудия Арабистони компанияларининг Ўзбекистонга бўлган қизиқишларига ижобий таъсир кўрсатадиган сиёсий алоқалар мустаҳкамланиб бораётганини таъкидлади. Хусусан, 2019 йилнинг 26 сентябрида ойида Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ва ACWA Power томонидан Ўзбекистонда қуввати 1300-1500 МВт бўлган буғ-газ турбинали ҳамда қуввати 500 МВт бўлган шамол электр станцияларни қуриш бўйича асосий шартлар тўғрисидаги битимлар имзоланди. Ушбу лойиҳалар бўйича шартномани жорий йилнинг 5 мартида имзолашга келишиб олинди.
Шу билан бирга, Муҳаммад Абунаян компаниянинг ДХШ асосида Сирдарё ИЭСни модернизация қилиш лойиҳаси бўйича Халқаро молиявий корпорация билан ҳамкорликдаги тендерда иштироки юзасидан режаларини ҳам билдирди. Кадрлар тайёрлаш соҳасидаги ҳамкорлик ва янги электр станцияларидаги иш ўринларинига илғор халқаро тажриба асосида маҳаллий кадрларни тайёрлашга катта эътибор берилиши таъкидлади.
Маълумот учун: 12 мамлакатда “ACWA Power" корхоналарида 3500 дан ортиқ ходим ишлайди. Уларнинг 90 фоизи, қуйи даражадаги ходимлардан тортиб бошқарув даражасига қадар, маҳаллий аҳолининг вакиллари.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги