Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Жаҳон банки билан ҳамкорлик янги босқичга кўтарилади
2020-02-07 | Иқтисодиёт
Давлат активларини бошқариш агентлигида Жаҳон банкининг Институционал салоҳиятни ошириш (IBL) лойиҳаси менеджери Пауло Гилерме Корреа бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди.
Унда лойиҳа бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирлар, шу жумладан иккинчи компонент доирасидаги ишлар режаси муҳокама қилинди.
Маълумот учун, IBL лойиҳаси 25 йил муддатга Жаҳон банкининг 33 миллион доллар миқдордаги имтиёзли кредит маблағларини жалб қилишни кўзда тутади.
Лойиҳа тўртта компонентдан иборат бўлиб, агентлик асосан иккинчи компонент, яъни корпоратив бошқарув, корхоналар тузилмасини қайта ташкил этиш, янгилаш, банкротлик тамойилларини қўллаш ва хусусийлаштириш йўналишларида институционал салоҳиятни кучайтиришга қаратилган.
Мазкур лойиҳа доирасида корпоратив бошқарув ва хусусийлаштириш жараёнларида агентлик ходимлари малакасини ошириш мақсадида турли тренинг ва семинарлар ўтказиш муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди. Шунингдек, давлат активларини бошқариш тизимини ривожлантиришда халқаро экспертларни жалб қилиш ишларини фаоллаштиришга келишиб олинди.
Мулоқот сўнгида ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш, лойиҳаларни самарали амалга оширишга келишиб олинди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги