Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигининг коронавирусга қарши марказий штаби маълумоти (2020 йил 5 февраль ҳолатига)
2020-02-06 | Соғлиқни сақлаш
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги томонидан 2020 йилнинг 5 феврал куни олинган расмий маълумотларга кўра Хитой Халқ Республикасида жами 24363 нафардан ортиқ фуқаролар касалланиб, кунлик ўсиш 19 фоизни (3892 нафар) ташкил этмоқда. 491 нафар фуқаро ушбу касалликдан вафот этган.
Жорий йилнинг 4 феврал куни Агентликнинг вирусология лабораториясига 71 нафар фуқародан коронавирус инфекцияси лаборатория таҳлили учун намуналар келтирилди. Ушбу намуналарда коронавирус инфекцияси топилмади.
И.Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортига жорий йилнинг 4 февраль куни хорижий давлатлардан 29 та самолёт қабул қилинган, 3924 нафар фуқаролар санитария-карантин пунктларида термометриядан ўтказилди.
Темир йўллари АЖ марказий Санитария-эпидемиология хизматига қарашли 6 та санитария-карантин пунктидан 5 та поездда жами 892 нафар фуқаролар ўтишган, шулардан 89 нафари хориж фуқаролари ташкил этади. Тана ҳарорати кўтарилган фуқаролар аниқланмаган.
Давлат чегара кесишиш пунктларидаги санитария-карантин пунктлари орқали 1606 та автотранспортлар, 29263 нафар фуқаролар ўтказилган, шулардан 14495 нафари чет эл фуқаролари ҳисобланади.
Хитой Халқ Республикасининг Пекин шаҳридан жорий йилнинг 4-феврал куни чартер рейс билан 250 нафар ва 5 феврал куни Ухан шахридан 84 нафар фуқароларимиз олиб келинди ва махсус тайёрланган муассасаларга жойлаштирилди. Келган фуқаролар малакали шифокорлар томонидан тўлиқ текширилди ва коронавирус инфекциясига лаборатор текширувдан ўтказилди.
Фуқаролар учун шифохонада барча зарурий шароитлар яратилган. Жумладан, ўрин-жойлар, озиқ-овқатлар, зарур дори-дармонлар, диагностика, дезинфекция ва шахсий ҳимоя воситалари билан таъминланган.
Фуқароларнинг барчаси Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиясига кўра 14 кун давомида (касалликнинг яширин даври давомида) лаборатория ва тиббий текширувлардан ўтказилади. Мазкур тадбирларга Соғлиқни сақлаш вазирлигидан соҳанинг еткачи мутахассислари жалб этилган, улар тегишли тартибда касбий тайёргарликдан ўтказилган.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигининг коронавирусга қарши марказий штаби жорий йилнинг 5 февраль ҳолатига кўра, Ўзбекистон Республикасида коронавирус касаллиги умуман қайд этилмаган.
Мамалакатимиз аҳолиси ўртасида коронавирус инфекцияси бўйича эпидемиологик барқарорликни таъминлашга йўналтирилган барча профилактик ва эпидемияга қарши тадбирлар Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги томонидан халқаро тиббий санитария қоидалар талаблари асосида амалга оширилмоқда. Бу касалликни Республика ҳудудига кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш борасида амалга оширилаётган профилактик тадбирлар Санитария-эпидемиологик осойишталиги агентлиги томонидан назоратга олинган.
Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги
коронавирус инфекциясига қарши курашиш штаби