Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
2019 йилда Ўзбекистоннинг ишсизлик даражаси қанча?
2020-02-05 | Жамият
2019 йилнинг декабрь ойида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Республика бандлик ва меҳнатни муҳофаза қилиш илмий маркази томонидан юртимизнинг 485 та фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, 4,9 мингта уй хўжалиги ва 25,8 минг нафар фуқаро қамраб олинган ижтимоий сўровнома ўтказилди. Бунда 108 та шаҳар ва туман аҳолиси иштирок этди.
Тадқиқот натижаларига кўра, ишсизлик даражаси иқтисодий фаол аҳолига нисбатан 9,0 фоизни ташкил этган, бу эса 2018 йилга нисбатан 0,3 фоизга пасайганлигини кўрсатади. Ишлаш истагидаги бўлганларнинг умумий сони 1 335,3 мингни ташкил этади, бундан 15 фоизи 16–30 ёшдагилар, 12,8 фоизи аёллар улушига тўғри келади.
2019 йилда меҳнат ресурслари сони 19 007,8 минг кишига етди, бу 2018 йилга нисбатан 100,9 фоизни ташкил этади. Иқтисодиёт тармоқларида банд бўлганлар сони 13 541,1 минг кишини ташкил қилди (ўтган йилга нисбатан 102 фоиз).
2019 йилда илк бор расмий секторда банд аҳоли сони 2018 йилга нисбатан 3,7 фоизга кўпайиб, 5 712,1 кишини ташкил қилди.
Норасмий секторда банд бўлганлар сони (меҳнат мигрантлари ҳисобга олмаганда) 5 368,3 минг кишини ташкил этди. Иш ўринларини легаллаштириш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилиши натижасида вақтинчалик ва мавсумий ишларни бажарувчилар 19,6 мингга, рўйхатдан ўтмасдан ва тегишли рухсатномасиз фаолият кўрсатаётган тадбиркорлар 42,8 мингга камайган.
2019 йилда иқтисодий нофаол аҳоли сонининг камайиши кузатилди. Жумладан, ишлашни хоҳламаётганлар ёки дарҳол ишга жойлашишга имконияти йўқлар 73,9 мингга ёки 9,6 фоизга камайган, бу эса аҳолининг меҳнат ва тадбиркорлик фаоллиги ортганлигини билдиради.
Ўрганишлар натижаси шуни кўрсатдики, мамлакатимиздан ташқарига ишга кетганлар сони 2 460,2 минг кишини ташкил этган, бу эса ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 103,2 фоизга тенг.
2019 йилда туман (шаҳар) Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларига 773 452 фуқаро иш топишга ёрдам сўраб мурожаат қилган (улар орасида 30 ёшгача бўлганлар сони 218 025 нафарни ташкил этган). Мурожаатчиларнинг 356 897 нафари иш билан таъминланди, 263 230 киши жамоат ишларига, 36 750 нафар фуқаро касбга ўқитишга жалб қилинди. 57 874 нафар фуқарога ишсизлик нафақаси тайинланди.
Бандликка кўмаклашиш Давлат жамғармаси ҳисобидан ишга олган ишсиз фуқароларнинг касбий малакасини ошираётган иш берувчиларга, тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи бўлган ишсизларга, шахсий томорқаларини ривожлантираётган фуқароларга, шунингдек, аҳолининиг эҳтиёжманд қатламларини ишга олган корхоналарга 12,2 млрд сўм миқдорда беғараз ёрдам (субсидиялар) ажратилди, натижада 12,9 минг нафар ишсиз фуқароларнинг бандлиги таъминланди.
39,1 мингдан ортиқ ўз-ўзини банд қилиб, уй шароитида ишлаётган фуқароларга (беморлар ва кексаларга қараб туриш, уй ишларини бажариш, мебель таъмирлаш, сантехника ва электромонтаж ишлари, автомобилларни таъмирлаш ва ювиш, репетиторлик қилиш ва ҳоказо фаолият турлари бўйича) меҳнат стажини ҳисоблаш ва пенсия олиш ҳуқуқини бераётган вақтинчалик меҳнат гувоҳномалари берилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги