Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Бугундан Пекин ва Ухандаги фуқароларимиз чартер рейслар орқали Ўзбекистонга олиб келиниши бошланади
2020-02-04 | Соғлиқни сақлаш
Маълумки, давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 29 январдаги фармойишига асосан коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссияси тузилган эди.
Мазкур коммиссиянинг кеча бўлиб ўтган навбатдаги йиғилишида Хитойдаги фуқароларимизни юртимизга қайтариш билан боғлиқ долзарб вазифалар атрофлича муҳокама қилинди.
Унда Ўзбекистон фуқароларини Ухан шаҳри ва Хитойнинг бошқа ҳудудларидан олиб келиш учун чартер рейслар ташкил этилиб, дастлабки чартер рейслар 4-5 февраль кунлари амалга оширилиши таъкидланди. Шунга кўра, бугун биринчи чартер рейс Пекин шаҳридан келиши кутилмоқда. Йўловчилар махсус тайёрланган тиббиёт муассасаларига жойлаштирилади.
– Мазкур муассасалар Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиялари асосида тўлиқ халқаро карантин талаблари асосида жиҳозланган, – дейди Санитария-эпедимиологик осойишталик агентлиги директори Баҳром Алматов. – Хусусан, коронавирус диагностикаси воситаларининг зарур захиралари яратилган, керакли дори ҳамда дезинфекция воситалари, ускуналар, сарфлаш материаллари, шунингдек, шахсий ҳимоя воситалари билан таъминланган. Соҳанинг етук мутахассислари томонидан Ухан шаҳри ва Хитойнинг бошқа ҳудудларидан олиб келинган фуқаролар алоҳида назорат остида бўлиб, мунтазам тиббий текширувлардан ўтказиш билан бир қаторда барча зарур хавфсизлик чоралари кўрилади. Шунингдек, мазкур тиббиёт муассасаларида керакли маиший воситалар ва зарур озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланган.
Чартер рейсларга Соғлиқни сақлаш вазирлиги Вирусология илмий текшириш институтининг юқумли касалликлар бўйича мутахассис ва эпидемиологлари шахсий ҳимоя воситаларида ҳамроҳлик қилишади. Улар томонидан эвакуация қилинган йўловчилар самолётга чиқиш пайтида дастлабки тиббий кўрикдан ўтказилади. Лозим бўлганда зарур тиббий ёрдам кўрсатиш ва парвоз пайтида биологик хавфсизликни таъминлаш учун барча зарур воситалар тақдим этилади. Мазкур самолётларда Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчихонаси буюртмасига асосан мамлакатда қолиб, фаолиятини давом эттириш истагини билдирган ҳамюртларимизга зарур антисептик ва дезинфекция воситалари етказилади ҳамда бепул берилади.
Хитойдан келган фуқароларимиз ушбу касалликни яширин даврида, яъни 14 кун давомида қатъий карантинга олинади. Халқаро санитария — эпедимиология мезон ва талабларидан келиб чиқиб, барча хавфсизлик чоралари қўрилган. Шунинг учун ҳам Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳолига бундан ортиқча саросимага тушишнинг ҳожати йўқлигини яна бир бор эслатиб ўтади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги