Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Сурхондарёда қуёш фотоэлектр станциясини қуриш бўйича халқаро танлов лойиҳаси бошланди
2020-02-04 | Иқтисодиёт
Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги Осиё тараққиёт банки кўмагида Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида фотоэлектр (қуёш) станциясини қуриш бўйича биринчи пилот лойиҳаси бошланганини эълон қилди.
Мазкур лойиҳа Осиё тараққиёт банкининг кўмагида Ўзбекистон ҳукумати томонидан ишлаб чиқилган 1 ГВт қуёш энергиясини ишлаб чиқариш дастурининг бир қисми ҳисобланади.
«Давлат-хусусий шериклик тўғрисида»ги янги қонун талабларига мувофиқ малакали хусусий девелопер сармоядорларни танлаб олишга қаратилган ушбу халқаро танлов 2020 йил 1 февралда старт олди ва жорий йилнинг июль ойигача давом этади.
Ўзбекистон ҳукумати манфаатдор томонлар (МТ)ни Энергетика вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги веб-сайтларидан топиш мумкин бўлган МТ сўровида кўрсатилган талабларга мувофиқ равишда қизиқиш билдиришга таклиф этади.
Лойиҳага кўра, амалга ошириш учун танлаб олинган Сурхондарё вилояти Шеробод туманида жойлашган майдонда 200 МВт дан кам бўлмаган ўзгарувчан ток қувватли фотоэлектр (қуёш) станцияси ҳамда 220 кВт кучланишли янги нимстанция ва кучланиши 220 кВт бўлган «Сурхон» нимстанциясига уланиш учун 52 км узунликдаги электр узатиш линияси қурилади.
Қайд этиш керак, ОТБ Ўзбекистон ҳукуматига энергетика соҳасидаги ислоҳотларни амалга оширишда, жумладан, 2013 йилда Қуёш энергияси институтини очишдан бошлаб, 2014 йилда қуёш энергиясини ривожлантириш бўйича ишлаб чиқилган Йўл харитасини қабул қилиш каби қуёш энергиясини ривожлантириш, Ўзбекистоннинг қуёш энергияси имкониятларини баҳолашга доир тадқиқотларни амалга оширишда ёрдам кўрсатиб келмоқда.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги